Жамият | 07:38 / 05.04.2019
8644
4 дақиқада ўқилади

"Олтин қалам" XIV миллий мукофоти учун танлов бошланди

Фото: jahonnews

Журналистика ютуқларини оммалаштириш ҳамда рағбатлантириш,  оммавий ахборот воситалари ходимларининг меҳнатларини муносиб тақдирлаш мақсадида "Олтин қалам" XIV миллий мукофоти учун халқаро танловга старт берилди. Бу ҳақда Журналистлар ижодий уюшмаси хабар берди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Журналистларни қайта тайёрлаш маркази қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда анъанавий тарзда ўтказиладиган мазкур танловга 2018 йил 31 мартидан 2019 йил 31 мартига қадар бир йил давомида газета ва журналларда чоп этилган, радио ва телевидениеда эфирга узатилган ҳамда Интернет нашрларида эълон қилинган материаллар 2019 йилнинг 15 апрель санасигача қабул қилинади.

Танлов ғолиблари қуйидаги йўналишларда тақдирланадилар:

- Журналистика соҳасида бош миллий мукофот 

Ғолиб махсус диплом, “Олтин қалам” кўкрак нишони, статуэткаси ва Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам иш ҳақининг 200 баробари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.

Асосий мукофотлар:

Энг яхши журналистик материал учун миллий мукофот (телевидение – 1-, 2-, 3-ўринлар);

Энг яхши журналистик материал учун миллий мукофот (радио – 1-, 2-, 3-ўринлар);

Энг яхши журналистик материал учун миллий мукофот (босма оммавий ахборот воситалари – 1-, 2-, 3-ўринлар);

Энг яхши журналистик материал учун миллий мукофот (Интернет-журналистика – 1-, 2-, 3-ўринлар).

Биринчи ўринни олган ғолиблар диплом, “Олтин қалам” кўкрак нишони, статуэткаси ва энг кам иш ҳақининг 160 баробари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланишади.

Иккинчи ўринни олган ғолиблар диплом, “Олтин қалам” кўкрак нишони, статуэткаси ва энг кам иш ҳақининг 140 баробари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланишади.

Учинчи ўринни олган ғолиблар диплом, “Олтин қалам” кўкрак нишони, статуэткаси ва энг кам иш ҳақининг 120 баробари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланишади.

Рағбатлантирувчи мукофотлар учун номинациялар:

Инсон ҳуқуқлар мавзуси ёритилган энг яхши материал учун;  

Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун;

Энг яхши фоторепортаж;

Энг яхши матбуот хизмати.

Мазкур номинация бўйича ғолиблар диплом, танлов статуэткаси ва энг кам иш ҳақининг 50 баробари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланишади.
Шу билан бирга, миллий ҳамкорлар ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, ЮНЕСКО сингари халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари ва элчихоналар ҳам ўз рағбатлантирувчи мукофотларини таъсис этган.

Танлов учун тақдим этиладиган материалларга қўйиладиган талаблар:
Танловга теле-, радио-, босма материаллар ҳамда Интернет нашрларида эълон қилинган ишлар тақдим этилади (5 тадан кам бўлмаслиги керак).

Телевидение бўйича видеоматериаллар (CD, DVD дискда) 3 дақиқадан 30 дақиқагача бўлиши керак.

Радиоэшиттиришлар (CD, DVD дискда) 5 дақиқадан 30 дақиқагача бўлиши керак.

Матбуот ва Интернет материаллари асл нусхада ёки кўчирма нусхада тақдим этилиши лозим.

Танловга юборилган материалларга муаллиф ҳақида маълумотнома (объективка), муаллифнинг турар жойи, уй ва иш телефонлари, паспорт нусхаси илова қилиниши лозим.
Ғолибларни тантанали тақдирлаш маросими 2019  йил 3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги куни Туркистон саройида бўлиб ўтади.

Материаллар “Олтин қалам” танловига” деб кўрсатилган ҳолда Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 30-уй манзилига топширилади.

Мавзуга оид