Ўзбекистон | 10:26 / 05.04.2019
13425
2 дақиқада ўқилади

Шаҳарсозлик кодексига қурилиш учун берилган ер участкаси бўйича қўшимча киритилди

Фото: iStock

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунни имзолади.

Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 4 апрелда қабул қилинган 353–II-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодекси 53-моддасининг (Аҳоли пунктларида ер участкаларидан фойдаланишга доир шаҳарсозлик талаблари) учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди:

“Юридик ва жисмоний шахсларга қурилиш учун ер участкалари берилганда (реализация қилинганда) туманларнинг, шаҳарларнинг ҳокимлари қурилиш мўлжалланган жойга туташ бўлган умумий фойдаланишдаги ҳудудни ободонлаштириш, шунингдек объектларнинг қурилиш муддатларига риоя этиш талабларини белгилайди. Объектнинг қурилиши лойиҳа-смета ҳужжатларида белгиланган муддатда тугалланмаган тақдирда, ушбу муддат лойиҳа-смета ҳужжатларида мавжуд бўлмаганда эса, қурилиш бошланган санадан эътиборан икки йил ичида тугалланмаса, объектнинг қурилиши (бундан якка тартибдаги уйларни қуриш учун берилган ер участкалари мустасно) тугалланмаган деб ҳисобланади”.

Ушбу қисмнинг олдинги таҳрири қуйидагича эди:

“Юридик ва жисмоний шахсларга қуриш учун ер участкалари берилганда (реализация қилинганда) туманлар, шаҳарлар ҳокимлари томонидан объектларнинг қурилиш муддатларига риоя этиш ҳамда қуриш мўлжалланган жойга туташ умумий фойдаланишдаги ҳудудни ободонлаштириш талаблари белгиланади”.

Мавзуга оид