Жаҳон | 08:49 / 09.04.2019
10694
2 дақиқада ўқилади

Эрон АҚШ марказий қўмондонлигини террорчилик ташкилоти деб тан олди 

Фото: Zuma\ТАСС

Эроннинг миллий хавфсизлик олий кенгаши АҚШ қуролли кучлари марказий қўмондонлигини (CENTCOM)  террорчилик ташкилотлари рўйхатига киритди, АҚШни эса террорчиликка ҳомий давлат деб тан олди.

Теҳрон буни АҚШ Эрон Ислом инқилоби соқчилари корпусини террорчилик ташкилотлари рўйхатига киритгандан кейин амалга оширди. АҚШнинг қарори 15 апрелдан кучга киради.

Tasnim ахборот агентлигининг хабар беришича, Эрон ҳукумати, шунингдек, Яқин Шарқда АҚШ армияси билан боғлиқ бўлган барча ташкилотларни террорчилар деб тан олишга қарор қилган. Теҳроннинг фикрича, АҚШ қўшинлари Эрон ва бошқа давлатлар хавфсизлигига раҳна солади.  

Эрон ҳукумати, шунингдек, 1988 йил 3 июлда, Эрон-Ироқ уруши вақтида Iran Air авиакомпанияси самолётининг Форс кўрфази устида уриб туширилиши учун жавобгарликни АҚШ зиммасига қўйди. 290 йўловчини олиб кетаётган самолёт АҚШнинг USS Vincennes крейсери томонидан ракета билан уриб туширилган. АҚШ ҳарбийлари йўловчи самолётини Эрон ҳарбий самолёти деб янглиш қабул қилишган.  

CENTCOM АҚШ қуролли кучларининг Марказий Осиёдаги ва Яқин Шарқдаги, жумладан, Эрон, Ироқ, Афғонистон ва Мисрдаги операциялари учун жавоб беради.

Мавзуга оид