Жаҳон | 20:52 / 10.04.2019
8264
2 дақиқада ўқилади

Порошенко штабида Зеленский Чарли Чаплинга қиёсланди

Украинанинг амалдаги президенти Пётр Порошенко сайлов штаби вакили Олег Медведев президент лавозимига номзод – шоумен Владимир Зеленскийни АҚШнинг собиқ президенти Рональд Рейган билан эмас, балки ҳажвий актёр Чарли Чаплин билан қиёслаш тўғрироқ бўлишини айтди.

Украина президенти сайловларининг 1-босқичидан бир кун аввал “1+1” телеканалида АҚШнинг 40-президенти Рональд Рейган ҳақида украин тилида “Рейган” ҳужжатли фильми намойиш қилинган. Фильмга айнан Зеленский овоз берган. BBC телеканали томонидан олинган фильм актёрлик касбини сиёсатчига ўзгартириб, катта муваффақиятларга эриша олган 40-президентнинг ҳаёти ҳақида сўзлайди. Сиёсатшунослар шу тариқа Зеленский штабида у ва Рейган ўртасида ўхшашлик борлигини кўрсатишга ҳаракат қилинган, деб ҳисоблашган. 

“Улар (Зеленский жамоаси) Зеленский ва Рейган ўртасида ўхшашликни кўрсатишга ҳаракат қилишди. Фикримча, Зеленский ва Чарли Чаплин ўртасида ўхшашликни кўрсатиш тўғрироқ бўлади. Рейган суратга олиш майдончаси ёки саҳнадан сиёсатга ўтмаган. У бунга ўнлаб йилларга тенг, жумладан икки марта ютқазилган кампания, Калифорниянинг 2 марта губернатори бўлишдек йўлни босиб ўтган”, деб айтган Медведев брифингда.  

Украинада президент сайловларининг ҳал қилувчи 2-босқичи 21 апрелда бўлиб ўтади.

Мавзуга оид