Ўзбекистон | 11:38 / 11.04.2019
26216
4 дақиқада ўқилади

Президент қарори: «Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи» хорижий инвесторга сотилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилган ҳолда модернизация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ҳужжат “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ (ФНҚИЗ) модернизация қилиш ва ишлаб чиқариш қувватларидан тўлиқ фойдаланиш, илғор технологияларни жорий этиш ҳисобига нефть-газ тармоғининг барқарор ривожланишини таъминлаш, ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини ошириш учун тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсадида қабул қилинган.

Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ва “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг ФНҚИЗ устав капиталидаги “Ўзнефтмаҳсулот” АЖнинг 100 фоиз улушини “Ўзнефтмаҳсулот” АЖ ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ устав капиталидаги давлат улушини тегишли равишда ушбу бериладиган улушнинг баланс қиймати суммасига камайтириш ҳисобига Агентликка бериш тўғрисидаги таклифларига розилик берилди.

Ҳужжатга кўра қуйидагилар:

Агентлик, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташки савдо вазирлиги, Энергетика вазирлиги ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан “РТ Trans Asia Resources” (Индонезия) хорижий компанияси билан Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилиш ва тўлиқ қувват билан ишлашини таъминлаш бўйича инвестиция лойиҳасини тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш орқали амалга ошириш тўғрисида келишувга эришилган;

инвестор ФНҚИЗга эгалик қилиш, уни модернизация қилиш ва унинг ишлаб чиқариш қувватлари тўлиқ ишлашини таъминлаган холда кейинчалик фойдаланиш учун етакчи халқаро компаниялардан иборат бўлган консорциум ташкил этишни режалаштирган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Агентлик, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ҳафта муддатда ФНҚИЗ устав капиталидаги давлат улушини инвесторга сотиш бўйича асосий шартларни, инвесторнинг лойиҳани амалга ошириш, шу жумладан ташқи молиялаштиришни жалб этиш бўйича мажбуриятлари ва масъулиятини белгилашни кўзда тутган ҳолда тасдиқлайди.

Агентлик ФНҚИЗ устав капиталидаги 100 фоиз улушни сотиш бўйича келишувнинг дастлабки сотиб олиш тўлови 16 000 000 АҚШ доллари миқдорида назарда тутилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган асосий шартларга мувофиқ инвестор билан тузилишини таъминлайди.

Белгилаб қўйилишича:

инвестор ФНҚИЗга эгалик қилиш ҳуқуқини олгандан сўнг ўн тўрт ой давомида хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг талаблари ФНҚИЗни инвесторга сотишгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари олдида ФНҚИЗ қарздорлиги мавжудлиги муносабати билан унинг банк ҳисобварақларига қўйиладиган талабларни қаноатлантириш учун ФНҚИЗ банк ҳисобварақларига жорий этилмайди;

ФНҚИЗга қўлланиладиган имтиёзлар, енгилликлар ва субсидиялар, ушбу қарор қабул қилинган санага қадар ФНҚИЗга тақдим этилган барча лицензиялар ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатлар уларнинг амал қилиш муддати тугагунга қадар ўз таъсир кучини сақлаб қолади.

2021 йил 1 апрелга қадар ФНҚИЗ томонидан ўз эҳтиёжлари учун белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича четдан олиб келинадиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ускуна, техника, машина ва механизмлар, бутловчи буюмлар ва узеллар, эҳтиёт қисмлар, қурилиш материаллари, асбоблар, технологик жиҳозлар, приборлар, дастурий таъминот, техник ҳужжатлар ва сарф материаллари божхона тўловларидан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона йиғимларидан ташқари) озод этилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид