Жамият | 14:28 / 16.04.2019
37712
8 дақиқада ўқилади

Нима учун тараққий этмаймиз? Сабаби “яхши одам" эканимизда(ми?)!

Фото: Shutterstock

Ҳа, худди шундай. Токи яхши ва ёмон одам ҳақидаги тушунчамиз ўзгармас экан, тараққиёт йўлида илдамлашимиз қийин. Бунга қатор мисоллар келтираман. Аввал бир нечта “ёмон одам”лар ҳақида:

Бундай одамларнинг бири ҳамкасбим. Ўзим билан ишлайди. Масалан, кўчада “тараллабедод” қилиб, қоидаларни оёқости қилаётган ҳайдовчини кўрса, ҳолатни, машина рақамини суратга олиб, вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғига шахсан учрашади-да, чора кўрилишини талаб қилади. Агар бирор раҳбар тадбиркор йўлига тўсиқ бўлса, ижтимоий тармоқларда раҳбарни ер билан битта қилади. “Катта”ларга ҳурмат деган нарса йўқ-да. 

Олис туманлардан бирида ўн йиллар олдин Салаев деган “ёзувчи” бўларди. У вафот этганида раҳбарлар қўй сўйиб нишонлашган экан. Сабаби у бирор-бир раҳбарни нотўғри ишлагани қўймаган. Нопок ишга қўл урган қанча раҳбарнинг устидан ёзиб “бошини еган”. Энг ачинарлиси, бутун умр халқ ризқини қўлдан келгунча ҳимоя қилиб келган шу одам ҳақида кимдан сўрасангиз битта жавоб эшитардингиз: “Қўйинг, у яхши одаммас!”

Бир неча марта адолат тарозиси бузилган чоғда раҳбарига ҳақ сўзни айтиб, ишдан кетган, кейин бир умр салоҳиятига мос бирор ташкилотга жойлаша олмаган ниҳоятда қобилиятли кишини биламан. Дарвоқе, худди шу сабаб билан ишдан кетган қанча одамни аслида ҳар биримиз таниймиз. Танишимнинг “бетгачопар”лиги учун ишдан кетгани тушунарли, аммо кейин бир умр бошқа идораларга ишга жойлаша олмагани сабаби бундан ҳам даҳшат. Одатда бизда ҳалиям аксарият ташкилотларда иш сўраб келган ходимнинг олдинги иш жойидан тавсифнома сўрашади. (Ўзи нега керак шу?). Бояги ходимни эса лозим жойда тўғри сўз айтиб бошлиғини аяб ўтирмагани бир умр таъқиб қилди. Яна бир томони унинг “тикка” гапиришини билган раҳбарларнинг ҳеч қайсиси ишга қабул қилишни хоҳламади. Ҳарҳолда тўғри сўзни ҳазм қила олишдек олижаноблик камёб фазилат бўлса керак. Хуллас, у ходим ҳам “ёмон одам”.

Мен Салим бобо деб мурожаат қиладиган навбатдаги “ёмон одам”ни ҳам бутун бир туман раҳбарияти ёқтирмайди. Бундан бир неча йил олдин у ёзган шикоятни ўрганиш учун туманга борганимда биринчи эшитган гапим шу бўлган : “Яхши одаммас, ҳамманинг ишига бурнини суқади, ҳеч кимни тинч қўймайди”. Ўрганиб билдимки, Салим бобо халқ муаммолари ҳақида раҳбариятга ёзиб келган экан. Оддийгина мисол, айтайлик, маҳаллалардаги дўконларга келадиган буғдой уни. Ана шу уннинг қоплари сифатсиз бўлгани учун дўкондан уйга келтиргунча бир қисми тўкилади. Салим бобо ана шу тўкиладиган уннинг республика бўйича бир йилда қанча бўлишини тахминан ҳисоблаб чиққан ва ўз вақтида президентгача бу ҳақда мурожаат қилган. Анча одамни сарсон қилган. Ва “ёзувчи” деган ном чиқарган. Узоқ йил нафақасидан маблағ йиғиб, маҳалла аҳли учун кўприк қилган бу одам ҳатто ана шу кўприк лойиҳаси учун қатор ташкилотлар эшиги олдида ойлаб сарғайган. Ва ниҳоят, вилоят журналистлар уюшмаси раҳбари матбуот орқали ўша ташкилотларнинг “пўстагини қоққач”гина савоб иш учун рухсат олган. Дарвоқе, сўнгги йилларда қатор идораларга каналбўйи муҳофаза ҳудудлари ҳақида мурожаат қилиб келаётган “ёзувчи” ҳам шу одам. Каналбўйи муҳофаза ҳудудлари одатда ирригация бошқармалари тасарруфига киради. Салим бобо икки ёндан 15 метргача бўлган қирғоқбўйи муҳофаза ҳудудларини ишсиз аҳолига ижарага бериш тарафдори. Одамлар канални тозалайдиган техникаларга халал бермаган ҳолда бу ҳудудларни боғ-роғларга айлантириш тарафдори. Унинг фикрича, шундай қилинса, республика бўйлаб ўн минглаб фуқаролар ишли бўлади, ички ва ташқи бозорларга юз минг тонналаб маҳсулот чиқади. Аммо тегишли идоралар ўзи хоҳлаган тақдирда ҳам бу ишни қилолмайди. Сабаби аксарият ҳудудларда қирғоқбўйи муҳофаза ҳудудлари қоидага хилоф тарзда фермер хўжаликлари тасарруфига ўтиб кетган. Ҳарҳолда ҳали ўзим билган бирор-бир ирригация бошқармаси ана шу тадбирни қойиллатиб амалга оширган эмас. Салим бобо эса Дарғом каналида ёқасидаги бир парча ерни обод қиламан деб нақ саккиз йил югурди. Қатор расмий идоралар ирригация бошқармасидан рухсат сўранг деса, ирригация бошқармаси бу ер фермерларга ўтиб кетган, дейди. Мавзуга қайтамиз.

Хуллас, айтиб қўяй, ана шу каби таклифлар билан “катта”ларнинг бошини қотирганлар ҳам яхши одам эмас! Таклифнинг тўғри ё нотўғри экани мутахассисларга ҳавола.

Хўш, яхши одам ким ўзи?

Биринчи марта 15 йил олдин ҳамма яхши одам деб таърифлаган шахсни эшитганман. Коммунал хизмат идорасида ишларди. Ҳеч кимни норози қилган эмас. Айтайлик, табиий газдан 500 минг сўм қарзингиз бор. Шу одамга учрасангиз, 100 минг сўм эвазига қарзингизни базадан ўчириб берарди. Тўғри, ҳозир у замонлар ўтиб кетди. Ёмони шу бўлдики, охир-оқибат ўша йиллари биргина Самарқанд шаҳрининг ўзида коммунал хизматлардан қарздорлик 300 миллиард сўмдан ошиб кетди. Ҳамманинг қўлида тўлов қоғози бор – аммо ҳамма қарздор! Бояги “яхши одам”ларнинг кўпи қамалиб кетди. Бироқ ўз вақтида базадан ўчирилаверган, аммо умумий ҳисобда турган, эгаси йўқ қарзларнинг тўпланиб қолиши охир-оқибат кўпчиликни сарсон қилди... Ҳарҳолда ҳозир тўлов масаласи нисбатан тартибга олинди.

“Фалон институтнинг проректори жуда яхши одам, айтаман, ўғлингизни ўқишга киритиб қўяди”.

“Фалончи яхши одам, навбатсиз уй олиб беради...” 

“Фалончи...”

 “Фалончи...” 

Эҳ-ҳе, бундай яхши одамларнинг қанчасини ҳар биримиз биламиз. Аслида бу “яхши одам”лар жамиятимизни ботқоққа ботирмадими? Яхши ва ёмон одам ҳақидаги тушунчамиз ўрни қачон алмашиб қолди ўзи? Бу сўзларнинг ўрнини алмаштирмай бирор нарсага эриша оламизми? Масаланинг энг оғир томони шундаки, наздимиздаги “ёмон” одамлар “яхши”лардан минг баравар камроқ... 

Куни кеча дунёнинг энг ривожланган давлатларидан бирида ишлаётган укам келди: 

– Ака, бизда жамоатчилик назорати деган гапни кўп эшитардим-у ҳеч кўрмасдим. Хорижда шу гапни ҳеч эшитмадим-у ҳар қадамда кўрдим. Билиб-билмай икки марта велосипед ўтиш жойида машинамга йўловчи олган эканман. Эртаси куниёқ 115 доллар жарима қоғози келди. Ўша ерда на камера бор ва на полиция. Яна бир марта шу ҳолат такрорланди. Кейин билсам, қоидани бузган заҳотим буни кўрган одамлар суратга олиб полицияга хабар бераркан. Ўзи ишсизлик нафақаси билан кун кўрадиган бир фуқаро бир ойда шу йўл билан давлатга 3 минг долларлик фойда келтирганини ғурур билан айтиб берган менга. Бундайлар ҳар қадамда борлигини билганим учун ҳам қоидаларни ёдлаб олганман... Аслида биз ҳам ўз юртимизда шундай бўлсак яхшимасми?

Унга нима дейишни ҳам билмайман: Яхши одам бўлсинми ёки ёмон...

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,
 Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид