Шавкат Мирзиёев ва Қасим-Жомарт Тоқаевнинг қўшма баёноти матни эълон қилинди
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қозоғистон Республикаси президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 2019 йилнинг 14-15 апрель кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлди.
Ўзбекистон Республикаси президенти Қасим-Жомарт Тоқаевни Қозоғистон Республикаси президенти лавозимига киришгани муносабати билан самимий табриклади ҳамда Қозоғистоннинг замонавий тараққиётига ва хорижий давлатлар билан кўп томонлама алоқаларининг ривожига салмоқли ҳисса қўшган давлат арбоби ва халқаро миқёсдаги сиёсатчи сифатида унинг катта тажрибага эга эканлигини қайд этди.
Давлат раҳбарлари икки мамлакат ўртасидаги қардошлик алоқалари ва стратегик шерикликни, шу жумладан, Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш бўйича ҳамкорликни ривожлантиришда Қозоғистон Республикасининг биринчи президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг муҳим ролини алоҳида таъкидладилар.
Шу ўринда, президент Қ.Тоқаев президент Ш.Мирзиёевга Қозоғистон олиб бораётган, ўзбек-қозоқ муносабатларини ва минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлашга қаратилган ташқи сиёсий курснинг давомийлигини таъминлашга қатъий эканлигини таъкидлади.
Музокаралар давомида президентлар анъанавий дўстлик, ўзаро ҳурмат, ишонч ва очиқлик руҳида икки томонлама муносабатлардаги асосий масалалар, томонларни қизиқтирадиган долзарб минтақавий ва халқаро муаммоларни муҳокама қилдилар, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликни янада чуқурлаштириш истиқболларини кўриб чиқдилар.
Давлат раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасидаги чуқур тарихий ва маънавий алоқаларга, аҳил қўшничилик ва ўзаро қўллаб-қувватлашга асосланган яқин ва мустаҳкам дўстлик муносабатларининг кенгайиб бораётганлигини мамнуният билан қайд этиб, икки томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш икки қардош халқнинг манфаатларига мос келишига ишонч билдирдилар.
Президентлар 1998 йил 31 октябрда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида абадий дўстлик тўғрисидаги Шартнома ва 2013 йил 14 июнда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида стратегик шерикчилик тўғрисидаги Шартномада мустаҳкамланган принцип ва мажбуриятларга қатъий содиқ эканликларини тасдиқлаб, баёнот бердилар. Баёнот матни ТИВ томонидан келтирилди:
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ўртасида 2017-2019-йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик Стратегиясининг изчил амалга оширилиши икки мамлакат стратегик манфаатларининг муштараклиги асосида иқтисодий соҳадаги ўзаро фойдали ва самарали ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.
Давлатлар раҳбарлари ўзаро савдодаги ижобий ўсиш суръатини мамнуният билан қайд этиб, икки томонлама савдо айланмаси ҳажмини 2020 йил якунига қадар 5 млрд. долларга етказишни, унинг тузилмасини диверсификация қилишни, шунингдек, иқтисодий кооперация ва инвестициявий ҳамкорликнинг янги узоқ муддатли шаклларининг, шу жумладан, минтақавий ҳамкорликнинг ривожланишини таъминлашга интилишда якдил эканликларини билдирдилар.
Томонлар 2018 йил 16 ноябрь куни Чимкент шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги минтақалараро ҳамкорликнинг биринчи форуми ҳамда 2019 йил 15 март куни Тошкент шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё давлатларининг биринчи минтақавий иқтисодий форуми якунларини ижобий баҳоладилар. Бундай форматлар ҳам икки томонлама, ҳам минтақавий даражада ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга, савдо, инвестициялар, логистика, интеграциялашган саноат технопарклари, илмий-инновацион кластерлар ва эркин иқтисодий зоналарни барпо этиш соҳаларида янги истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашади.
Президентлар Икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия фаолиятини такомиллаштириш ва фаоллаштириш, шунингдек, икки мамлакат ҳукумат раҳбарларини Комиссиянинг ҳамраислари этиб тайинлаш орқали унинг мақомини ошириш муҳимлигини қайд этдилар.
Давлат раҳбарлари халқаро сиёсатдаги томонларни қизиқтирган муҳим масалалар бўйича позицияларининг ўхшашлигини тасдиқладилар ҳамда халқлар фаровонлиги ва Марказий Осиёнинг равнақи йўлида барқарорлик ва хавфсизлик муҳитини мустаҳкамлашга ўзаро интилишларини таъкидладилар. Томонлар Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Осиёда ўзаро ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш ҳамда бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.
Ўзбекистон раҳбари Қозоғистон Республикасининг 2017-2018 йилларда БМТ Хавфсизлик Кенгашига муваққат аъзо сифатида халқаро майдонда Марказий Осиё давлатларининг умумий манфаатларини илгари суриш масалаларидаги фаолиятини юқори баҳолади.
Давлат раҳбарлари иккала томоннинг халқаро ташаббусларини БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлаш бўйича икки мамлакат позицияларининг ўзгармаслигини тасдиқладилар.
Томонлар минтақада ва умуман, бутун дунёда вужудга келаётган вазиятни баҳолашда умумий позицияга эга эканликларини қайд этдилар ҳамда минтақада хавфсизликка нисбатан замонавий таҳдид ва хатарларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашишга қаратилган, энг аввало, халқаро терроризм, диний экстремизм, наркотрафик, трансмиллий уюшган жиноятчилик, ноқонуний миграция ва бошқа муаммолар билан курашишда ҳам икки томонлама форматда, ҳам кўп томонлама тузилмалар доирасида қўшма чора-тадбирлар қабул қилиниши тарафдори эканликларини билдирдилар.
Давлат раҳбарлари Афғонистон Ислом Республикасининг тикланиш жараёнидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга алоҳида аҳамият берадилар. Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари Афғонистон иқтисодиётининг тикланиши тарафдори эканликларини тасдиқладилар ҳамда у билан узоқ муддатли аҳил қўшничилик алоқаларини, шу жумладан, транспорт коммуникациялари, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги йирик лойиҳаларни амалга ошириш орқали ривожлантириш зарурлигини эътироф этадилар.
Давлат раҳбарлари афғон раҳбарлиги остида тинчилик ва ярашувга эришиш сари қўйилаётган қадамларни қўллаб-қувватлашда минтақавий ва халқаро форумларнинг, шу жумладан, Афғонистон бўйича «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусидаги Тошкент конференциясининг муҳимлигини қайд этиб, халқаро ҳамжамиятнинг, шунингдек, Афғонистондаги тинчлик жараёнидан манфаатдор қўшни давлатларнинг саъй-ҳаракатларига кўмаклашиш тарафдори эканликларини билдирдилар.
Қозоғистон президенти Ислом ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) Фан ва технологиялар бўйича иккинчи саммити 2020 йилда Тошкент шаҳрида ўтказилишини қўллаб-қувватлади. Томонлар 2017 йилнинг сентябрь ойида Остона шаҳрида ўтказилган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича биринчи саммити якунларини юқори баҳолаб, ИҲТнинг иккинчи саммити доирасида унинг якунлари ва қарорларининг бажарилишини давом эттиришга келишиб олдилар.
Давлат раҳбарлари мудофаа ва ҳарбий-техникавий соҳаларда, шунингдек, космик тадқиқотлар ва ишланмалар соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга кўмаклашиш истагини билдирдилар.
Икки давлат раҳбарлари минтақа давлатларининг Орол денгизи ҳавзасида муайян дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш бўйича халқаро ташкилотлар, молиявий ва экологик институтлар билан алоқаларини кенгайтириш орқали Оролни қутқариш халқаро жамғармаси доирасидаги ҳамкорликни фаоллаштиришдан ўзаро манфаатдор эканликларини тасдиқладилар.
Ш.Мирзиёев ва Қ.Тоқаев Ўзбекистон ва Қозоғистон халқларининг маданий, тарихий ва маънавий муштараклигини қайд этиб, фан, таълим, маданият, санъат, туризм, спорт ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада жадаллаштиришга қатъий эканликларини тасдиқладилар.
Томонлар 2018 йилда «Қозоғистонда Ўзбекистон йили»нинг муваффақиятли ўтказилганлиги ва 2019 йил 15 апрелда «Ўзбекистонда Қозоғистон йили»нинг тантанали очилишини мамнуният билан қайд этдилар ҳамда бундай тадбирлар ўзбек ва қозоқ халқларининг биродарлиги ва маънавий қардошлиги, икки мамлакатнинг самимий дўстлиги ва тақдирларининг узвий яқинлиги рамзи ҳисобланишини, шунингдек, халқлар ўртасидаги аҳил қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, ўзаро англашув, ишонч ва ўзаро қўллаб-қувватлашни чуқурлаштиришга кўмаклашишини таъкидладилар.
Давлат раҳбарлари Ўзбекистон-Қозоғистон Давлат чегарасини демаркация қилиш жараёни, шунингдек, ўтказиш пунктларининг самарали фаолият юритишини таъминлаш муваффақиятли олиб борилаётганлигини, бу эса икки мамлакат чегара олди ҳудудларининг аҳолиси яшаш шароитларининг сезиларли даражада яхшиланиши, трансчегаравий иқтисодий алоқалар ва гуманитар алмашинувларнинг жонланиши, фуқароларнинг ўзаро ташрифлари фаоллашишига хизмат қилганини олқишладилар.
Икки давлат президентлари ўз ҳудудларида истиқомат қилаётган бошқа томон халқларининг этник, тил ва миллий маданиятини сақлаш ва ривожлантириш учун ҳамкорликни мустаҳкамлаш, уларнинг вакиллари Томонлар қонунчилигига мувофиқ оммавий-сиёсий, маданий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётда фаол иштирок этиши учун шарт-шароитлар яратиш ниятида эканликларини тасдиқладилар.
Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси раҳбарлари имзоланган икки томонлама ва кўп томонлама шартномаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги шартномавий-ҳуқуқий асосларни янада кенгайтириш муҳимлигини қайд этдилар.
Қозоғистон Республикаси президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевга, бутун ўзбек халқига илиқ қабул ва меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди ҳамда Ўзбекистон раҳбарини ўзи учун қулай бўлган вақтда ташриф билан Қозоғистонда бўлишга таклиф қилди. Ташриф муддатлари дипломатик каналлар орқали келишилади.
Мавзуга оид
18:33 / 05.02.2024
Президент Париж-2024 ўйинларидаги натижалар тарихдаги энг яхшиси бўлиши учун зарур чоралар кўришни буюрди
18:30 / 05.02.2024
Дорилар бепул ажратилса-да, беморлар уларни дорихонадан 10 баробар қиммат сотиб олмоқда — президент
18:13 / 05.02.2024
Ҳар бир она ва бола ўлими фавқулодда ҳолат сифатида баҳоланади — президент
14:13 / 05.02.2024