Ҳайдовчи «ГАИ» ходимини видеога олиши мумкинми?
Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларнинг тренд мавзуларидан бири ҳеч шубҳасиз ҳайдовчилар ва ЙҲХХ (қуйида ҳеч воз кечолмаётганимиз – «ГАИ» атамасини қўллаймиз) ходимлари ўртасидаги тортишувлар акс этган видеолавҳалардир. Бу роликлар эълон қилинганидан сўнг яшин тезлигидан тарқалади, турли-туман изоҳлар билан тўлиб тошади. Хўш, бу ўринда ким кўпроқ ҳақ? Ҳайдовчи «ГАИ» ходими иштирокидаги ўзи тушган вазиятни ёки гувоҳи бўлган ҳолатни видеога олиши ва оммага тарқатиши мумкинми?
Асримизнинг энг кучли «қурол»ларидан бири камера, тўғрироғи ҳамиша хизматимизга шай бўлган телефонларимиз камераси бўлиб қолган. Ҳар қандай вазиятда улар ёрдамида «ҳимояланиш»га ва ўрни келганда «далил тўплаш»га ошиқамиз. Ҳайдовчи ва «ГАИ» ходими ўртасидаги тортишувларда ҳам асосий восита телефон бўлади ва унинг беминнат хизмати орқали интернет лавҳалар билан тўлади.
Бундай видеолавҳаларнинг мутлақ кўпчилигида ҳайдовчи «ГАИ» ходимларининг ноҳақлигини, уқувсизлигини кўрсатишга уринади, зўр бериб адолат йўқлигини таъкидлайди, ўзининг мутлақ ҳақ бўлиб тургани ҳолда беайб жазоланаётганидан ёзғиради.
Албатта, чиндан ҳам «ГАИ» ходимлари ноҳақ бўлган ҳолатлар ҳам анчагина қайд этилган. Аммо ҳайдовчилар ўзларининг қоидабузарликлари ҳақида жим туришни афзал билишади, яъни «ГАИ» ноҳақ бўлса жар солиш мумкин, ўзлари яққол қоидабузарлик содир этганларида универсал қурол – телефон камераси «ўчириб» турилади, бу ҳақда ошкор этмасликка ҳаракат қилинади.
Хўш, ўзаро муносабатларни, кўп юзага келувчи тортишув ва зиддиятларни видеога муҳрлаш кимга ва нима учун керак?
Маълумки, шу йилнинг ўзида, яқин ойлар ичида барча «ГАИ» ходимлари боди-камералар билан жиҳозланади. Бундан бир нечта мақсадлар кўзланган – ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, порахўрликка қарши кураш, вазиятни яққол исботлаб бериш: тортишувларга ўрин қолдирмаслик ва бошқалар.
Аммо ҳайдовчилар боди-камераларсиз ҳам видеолавҳаларни тўлдириб ташлашмоқда. Улар бунга қай даражада ҳақлилар?
Жорий йилда ИИВ ЙҲХББ иштирокида кўплаб тадбирлар бўлиб ўтди ва бу масала ҳам ўртага ташланди.
ИИВ йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати бошлиғи Акмал Юнусов айнан ҳайдовчи ва ЙҲХХ ходими ўртасидаги тортишувлар акс этган видеолавҳаларга ҳам тўхталди:
– Ҳайдовчилар ўзлари билан боғлиқ ҳолатларни видеога олишлари мумкин, албатта. Фақат бундан қандай мақсад кўзланяпти, ана шуниси муҳим. Агар ходимларимиз томонидан ноқонуний хатти-ҳаракатлар кузатилса, ҳайдовчи видеога олиш орқали ўзини ҳимоя қилиш учун далиллар тўплашга ҳаққи бор. Бу далилларни, яъни бу ўринда видеолавҳани ҳайдовчилар ходимлар фаолиятини назорат қилувчи бўлимларимизга, лозим бўлганда бошқа ташкилотларга ёки судга тақдим этишлари мумкин.
Аммо видеолавҳаларни ходимнинг рухсатисиз турли тармоқларга жойлаш, тарқатиш мумкин эмас! Сабаби ходим ҳам шахс сифатида қатор ҳуқуқларга эга, ўзига белгиланган вазифани адо этмоқда, демак давлат ҳимоясида. Хато қилса, камчиликка йўл қўйса, низомда ва қонунларимизда белгиланган жазосини олади.
Бу мавзу юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари, полковник Азизхон Умархонов ҳам тўхталиб ўтган.
– Ҳайдовчиларнинг ўзлари билан боғлиқ ҳолатда ходимларимиз фаолиятини видеога олишга ҳақлари бор, бу келажакда тортишувларга ойдинлик киритади. Аммо бу видеоларни ижтимоий тармоқларга жойлаш тўғри бўлмайди. Сабаби ижтимоий тармоқларда вазиятни тўғри тушунмаган, ёки ЙҲХХ ходимларидан аламзада бўлган минглаб одамлар бўлади. Улар изоҳларда ҳақоратлар ёғдиришни бошлайди. Бу ҳақоратлар учун ҳақорат қилганни ҳам, видеони рухсатсиз жойлаганни ҳам жавобгарликка тортиш мумкин.
Тўғри, ҳали айнан видеога олиб жойлаш учун муайян жазо белгиланмаган. Лекин масаланинг ахлоқий жиҳати ҳам бор. Биз йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тасвирга олинган кўрсатувларда яққол қоидабузарликка йўл қўйган ҳайдовчиларнинг ҳам юзларини яширамиз, автомобиллари давлат рақамини кўрсатмаймиз. Яъни, бир сўз билан айтганда айбсизлик презумпциясига амал қиламиз. Аммо ҳайдовчилар ҳам ўзларига савол бериб кўрсинлар – ходим тасвирга олинган видеолавҳани рухсатсиз тарқатиш айбсизлик презумпциясига қай даражада мос келади?
Ҳайдовчиларда ва муштарийларда ҳақли савол туғилади: ЙҲХХ ходими ноҳақ бўлсачи? Ноҳақ бўлса бу билан шуғулланадиган ташкилотлар бор, ҳар бир ҳолат алоҳида ўрганилади ва тегишли чора кўрилади.
Аброр Зоҳидов
Мавзуга оид
13:46 / 14.11.2024
Сирдарёда ҳайдовчидан пора олган ЙПХ ходими қамалди
11:47 / 06.10.2024
Қамчиқ довонида тўхтатилган Damas йўловчиси ўқотар қурол олиб кетаётгани аниқланди
21:27 / 25.09.2024
Тошкентдан олиб қочилган машина Қамчиқ довонида ушланди
15:26 / 20.09.2024