Ўзбекистон | 12:40 / 20.04.2019
63901
2 дақиқада ўқилади

Жамбулда ҳалокатга учраган автобусда Ўзбекистон фуқаролари бўлгани тасдиқланди

Фото: Tengrinews.kz

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати Қозоғистоннинг Жамбул области ҳудудида, «Олмаота—Тошкент» йўлидаги йўловчи автобус ҳалокати бўйича маълумот берди.

Ўзбекистоннинг Олмаотадаги Бош консуллигидан маълум қилинишича, айни вақтда бу ҳодиса оқибатида Ўзбекистон фуқаролари ҳалок бўлгани ҳақида ахборот мавжуд эмас. Шу билан биргаликда, Ўзбекистоннинг 7 нафар фуқароси тан жароҳатлари билан Ўтрор ва Қордайдаги шифохоналарга ётқизилган.

Хусусан, Ўтрордаги шифохонага ётқизилганлар:

1. Марҳамат Жуманиёзова, 1996 йилда туғилган, Хива шаҳридан;
2. Роҳила Аҳметова, 1994 йилда туғилган;
3. Шодлик Мақсудович Жабборов, Хива шаҳридан;
4. Отабек Абдуллаевич Матжонов, 1985 йилда туғилган, Қорақалпоғистондан;
5. Сардор Анорбой ўғли Ҳайдаров, 1994 йилда туғилган.

Қордайдаги шифохонага ётқизилганлар орасида икки нафар Ўзбекистон фуқароси бор:

1. Исломиддинов Абухаттар ўғли, 1997 йилда туғилган;
2. Зоводбек Муҳаммаджонов, 1999 йилда туғилган.

20 апрель куни тонгда, маҳаллий вақт билан соат 05:09да Қозоғистон жанубидаги Жамбул области Қордай тумани ҳудудида, «Олмаота—Тошкент» трассасининг 181-километрида Van Hool русумли йўловчи автобуси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. Автобусдан олдинда кетаётган Toyota Camry автомобили юк машинаси билан тўқнашгач, ҳайдовчиси тўқнашувдан қочишга уринган ва автобус ағдарилиб кетган.

Фото: Tengrinews.kz

Ҳодиса жойида 8 киши ҳалок бўлган, 32 киши турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага олиб борилган, кейинроқ уларнинг 3 нафари вафот этган. 

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан маълум қилишларича, Олмаотадаги Бош консуллик Қозоғистоннинг Жамбул вилояти Фавқулодда вазиятлар бўйича департаменти билан доимий алоқада бўлиб турибди. Ҳодиса жойига Бош консуллик ходими йўл олган.

Мавзуга оид