Жамият | 09:10 / 21.04.2019
83279
3 дақиқада ўқилади

«Ўзавтосаноат» Самарқандда харид қилинган Malibu автомобили бўйича расмий баёнот берди

18 апрель куни Kun.uz сайтида «GM Uzbekistan» тадбиркорни хорижлик инвестор олдида шарманда қилди: Қиммат ва сифатсиз маҳсулот ҳақида ҳикоя» сарлавҳали мақола эълон қилинганди. Унда GM Uzbekistan’нинг Самарқанд вилоятидаги дилерлик марказидан харид қилинган Malibu автомобилида қатор нуқсонлар мавжудлиги баён қилинган. «Ўзавтосаноат» АЖнинг мазкур мақола юзасидан баёноти матни Kun.uz’га етказилди.

«Ўзавтосаноат» АЖ GM Uzbekistan номидан харидорга маҳаллий ишлаб чиқарувчига бўлган содиқлиги учун миннатдорлик билдиради, сабаби харидор Ўзбекистон бозорида ушбу нархга чет эл ишлаб чиқарувчисининг автомобилини харид қилиш имкони бўлган ҳолатда ўз танловини миллий маркадаги автомобилни танлагани унинг GM Uzbekistan компаниясига бўлган ишончидан далолатдир. 

Аксарият харидорлар сезганингиздек, «Ўзавтосаноат» АЖ ва GM Uzbekistan томонидан сўнгги йилларда автомобиллар хариди жараёнида жуда кўп нохуш ҳолатлар бартараф этилди ҳамда мижозларга хизмат кўрсатиш сифати оширилди. Компания автомобиль хариди жараёнида шаффофлик ва қулайликни ошириш борасида жуда кўплаб ижобий натижаларга эришди. Автомобилни харид қилиш учун навбатни кузатиш имкони билан электрон ариза қолдириш, шартнома тузиш учун харидорлар талабига кўра агентларнинг харидорлар олдига бориш хизмати, автомобилларнинг кафолат муддати узайтирилиши ва бошқалар шулар жумласидандир.
Яқин даврларда ҳам харидорлар автомобилларни 45 дақиқада олиб кетиш мумкинлиги ёки уйдан чиқмасдан туриб автомобилни қабул қилиб олишини тасаввур ҳам қила олмасди. Бугунги кунда эса бу ҳеч кимни ҳайрон қолдирмайдиган одатий амалиётга айланишга улгурди.

Буларнинг барчасини давлатимиз раҳбарининг соҳа бошқарувига бўлган танқидий муносабати ва қўллаб-қувватлаши натижасида амалга оширишга эришилди. 
«Ўзавтосаноат» АЖ корхона мижозларининг асосли танқидлари муносабати билан компания ўз фаолиятини таҳлил қилиб, тизимдаги камчиликларни аниқлаш имконига эга бўлади. Юзага келган мазкур ҳолат мисолида ҳам компания вазиятни ўрганиб, нафақат алоҳида мижознинг балки келгусида хизматларни сифатини ошириш учун бошқарув жараёнини кўриб чиқиш имкони берилади. 

«Ўзавтосаноат» АЖ GM Uzbekistan номидан юзага келган вазиятни эътиборсиз қолдирмайди ҳамда муаммони бартараф қилиш учун бор кучини сафарбар қилади», дейилади баёнотда.

Мавзуга оид