Жамият | 19:30 / 25.04.2019
62775
5 дақиқада ўқилади

Интернетда тарқалган видеонинг Самарқанддаги «Улфатлар» ошхонасига дахли борми?

Самарқанднинг Сўлим (Хишрав) шаҳарчасидаги хушманзара гўшада жойлашган, ўзининг хос миллий таомлари, юқори сифатли хизмати билан ном қозонган «Улфатлар» ресторани эл оғзига тушиб улгурган.

Яқинда ижтимоий тармоқларда гўёки мазкур ресторанда қуртлаган гўштдан тайёрланган таом дастурхонга тортилгани ҳақида лавҳа тарқалди. Бироқ видео муаллифлари фақатгина дастурхондаги таомни кўрсатиш билан чеклангани, қўлидаги телефон камерасини бирровга бўлса ҳам юқорига кўтариб, ён-атрофни, хона ичини кўрсатмагани уларнинг ёлғон сўзлашаётганидан дарак беради.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видео остида илгари шу ресторан хизматидан фойдаланган мижозлар кескин норозилик билдириб, мазкур ҳолат ресторан номини қасддан ерга уриш мақсадида қилинганига шубҳа йўқлигини ҳам айтиб ўтишган.

Ушбу видео тарқалгач, тезда Самарқанд вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати маркази мутахассислари томонидан «Улфатлар» ошхонасидаги ҳолат ўрганилди. Марказ бош шифокори Манзура Отабоева имзоси билан тасдиқланган маълумотда келтирилган хулоса қуйидагича:

«Ресторандаги озиқ-овқат хом ашё маҳсулотлари ва тайёрланган таомлар сифати ўрганиб чиқилганда органолептик сифати бузилган, ҳашаротлар ва зараркунандалар билан ифлосланган маҳсулотлар аниқланмаган. Шу билан бирга, мавжуд хом ашё ва тайёр маҳсулотларнинг сифати ва хавфсизлик кўрсаткичларини текшириш учун намуналар олинган...».

Буни М.Отабоева «Замон» информацион дастурида шу мавзуда тайёрланган кўрсатувда ҳам таъкидлаб ўтган.

Kun.uz мухбири ҳам «Улфатлар» ресторанига бориб, вазият билан яқиндан танишди ва ушбу воқеа бўйича саволларга жавоб бериши мумкин бўлган масъуллар билан суҳбатлашди.

— Аввало, ўрганиш жараёнида ресторанда ҳашарот ва зараркунандалар билан билан ифлосланган маҳсулотлар аниқланмади, — дейди вилоят давлат санитария эпидемиология назорати маркази врачи Юсуф Раҳимов. — Иккинчи томондан эса, бирор тасодиф туфайли маҳсулотга тушиб қолган қурт унга ишлов бериш, яъни пишириш жараёнида тирик қолмайди. Айтишингиз мумкин: масалан, таом тайёрланиб, маълум муддат музлаткичда сақлангани туфайли шу ҳолатга келгандир, деб. Бу ҳам ҳақиқатга тўғри келмайди. Аввало, айни вақтдаги салқин об-ҳавони эсдан чиқармаслик керак. Иккинчидан, музлаткичда ҳам бир-икки кунда гўшт бу даражага келмайди. Яшириб нима қилдик, ўзимиз ҳам рўзғорда музлаткичда бир неча кунлаб гўшт сақлаймиз-ку?! Сиз назарда тутаётган ресторан эса одам гавжум умумий овқатланиш шохобчаси, бунча вақт сақланмаслиги ҳам аниқ.

 Ресторан бош ошпази Воҳид Воҳидов ҳолатга қуйидагича изоҳ келтирди:

— Тан олиш керак, видеони тайёрлаганлар имкон қадар ўхшатишга ҳаракат қилишган. Бир қарашда кўпчилик адашиши ҳам мумкин. Аммо бош ошпаз, ресторанни яхши билувчи ходим сифатида мен қатор хатоларни ҳам кўрсата оламан. Оддийгина мисол: бизнинг ресторанда ҳеч қачон картошка видеодаги каби шаклда тайёрланмайди. Яна бир факт шуки, видеодаги идишлар ҳам ҳеч қачон бизда ишлатилмайди. Шу каби жиҳатлардан зийрак хўранда ҳам хулоса чиқариши мумкин. Энг муҳими, хўрандаларимиз «Улфатлар»да бу ҳол юз бермаслигини билишади.

Видеода кўрсатилган таомни эса сўнгги марта тайёрлаганимизга 5–6 ой бўлиб қолди. Қачон буюртма бўлсагина тайёрлаймиз. Қизиғи, мазкур таомни тайёрлаш учун гўшт 1,5–2 соат давомида пиширилади. Бизда ҳеч қачон сифатсиз гўшт ишлатилмайди.

Бизнинг ўз мижозларимизга яхши таниш фирма таомларимиз бор. Улардан энг машҳури «Улфатлар» тандиргўшт ассортисидир.

Ресторан директори Шодиёр Эргашев ўз фикрларини мухтасар қилиб шундай деди:

— Кимки бу ишни амалга оширган бўлса ҳам, ўз ниятига ета олмади. Чунки бу туҳмат видео фаолиятимизга салбий таъсир ўтказгани ёхуд мижозлар сони камайгани йўқ. Бизнинг ресторанимизга ташриф буюрувчиларнинг ҳар бири хизматимиз сифатига ишонади. Шунга қарамасдан, мазкур ҳолатнинг тагига етиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилганмиз. Ким, нима мақсадда бу ишга қўл урганини тегишли идораларнинг ўзлари аниқлагани маъқул.

Биз бизга боғлиқ бўлмаган ноқулайлик учун доимий мижозларимиздан, меҳмонларимиздан узр сўраймиз. Уларни қизиқтирувчи ҳар қандай саволларига жавоб беришга тайёрмиз. (Телефонлар: (95) 500-08-90, (91) 520-22-88)

Хулоса — ҳар доим мижоздан. Биз бор ҳолатни юзага чиқардик. Ҳалол ва сифатли ишлаган тамаддихонани эса бу каби ғаразли видеолар билан асло таслим этиб бўлмайди.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,

Kun.uz мухбири.

(Реклама ҳуқуқи асосида. Хизматлар лицензияланган).

Мавзуга оид