Ўзбекистон | 14:47 / 25.04.2019
2317
2 дақиқада ўқилади

ЕХҲТ вакили: Адолатли қонунлар тизими жамият учун жуда муҳим 

Айни дамда пойтахтдаги UzExpo бизнес марказида Tashkent Law Spring биринчи халқаро юридик форуми бўлиб ўтмоқда.37 мамлакатдан мингдан зиёд ҳуқуқ соҳаси вакилларини ўзаро мулоқот учун бир жойга жамлаган форум Ўзбекистон қонунчилик тизимидаги ижобий ўзгаришларга сабаб бўлиши кутилмоқда.

Хорижий меҳмонлар мазкур форум ҳамда Ўзбекистондаги юридик салоҳият бўйича ўз фикрларини билдиришди.

Америка – Ўзбекистон савдо палатаси раиси Керолин Лемм:

– Ўзбекистонда қонун устуворлиги ҳамда инсон ҳуқуқлари ҳимоясига сўнгги йилларда катта эътибор қаратилмоқда. Tashkent Law Spring форумининг ташкил этилиши ҳамда Тошкент халқаро арбитраж маркази фаолиятининг йўлга қўйилиши бунга ёрқин далил бўла олади. Форум давомида экспертлар билдирадиган фикрларнинг амалиётга жорий қилиниши ижобий натижаларга туртки бўлади.

Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори, элчи Жон Макгрегор:

– Адолатли қонунлар тизими жамият учун жуда муҳим. Иқтисодий ўсишнинг таъминланиши, ўз бизнесининг хавфсизлиги учун ҳам инсонларнинг қонунларга эҳтиёжи мавжуд. Ҳуқуқ форуми илк маротаба ўтказилаётганига қарамай кўплаб халқаро экспертларни жамлай олди. Бундай кўринишдаги тажриба алмашинуви ҳуқуқ тизимини яна бир юқори босқичга олиб чиқади. Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти бундай тадбирларни доимо қўллаб-қувватлайди.

Саудия Арабистони Адлия вазири ўринбосари Ясир ал-Асийн:

– Кўплаб тажрибали ва таниқли халқаро экспертларнинг бир жойда жам бўлиши ва ўзаро фикр алмашиши, албатта, ижобий ҳодиса ва бу самарали натижалар кўрсатади, деб ўйлайман. Мазкур форум нафақат Ўзбекистон учун, балки жаҳон ҳамжамияти учун ҳам манфаатлидир. Ўзбекистон ва Саудия Арабистони барча соҳалар бўйича ҳамкорлик алоқалари ривожланиши тарафдоримиз. Хусусан, адлия соҳасида ҳам алоқаларни мустаҳкамлашни истаймиз.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид