Жамият | 12:10 / 27.04.2019
38644
11 дақиқада ўқилади

Асакадаги ўн маҳаллага сув борадиган қувурни қўриқлаётган аҳоли ва аёллар ҳақида

Андижон вилояти, Асака туманининг катта қисми адирликлардан иборат бўлганлиги боис, кўп маҳаллаларда ичимлик суви жуда долзарб муаммо. Бу ҳудудларда нафақат ичимлик суви, балки экинларни суғориш учун сув танқислиги масаласи ҳам мавжуд.

Шу ҳафта бошидан бери туманнинг шаҳарга яқин бўлган Файзобод, Зарбдор, Шоҳимардон маҳаллаларидан аҳоли вакиллари ичимлик суви қувурлари ноқонуний қазиб олиб кетилаётгани бўйича кўп бора мурожаат қилишди.

Арзномалар Kun.uz сайти электрон почтасига ҳам келди. Қўнғироқлар ҳам тўхтамади. Охири ўша ерлик аёллар алоқага чиқиб, “Келмасаларинг бўлмайди! Муаммо жиддий. Адирни тепасида кутиб ўтирибмиз”, дея масалани кўндаланг қўйишди. Бошқа жойдаги хизмат сафарларидан ошиниб Асака томон йўл олдик. Эргашобод МФЙ ҳудуди тепасидаги адирлик томонга чиқиб борганимизда, бизни 15 нафар аёл ва шунча эркак кутиб турар эди. Эркак кишилар-ку майли, аёлларнинг беш кундан бери қир тепаси, қувур кавланаётган жойда “навбатчи” бўлиб тургани масала жиддий эканлигидан дарак эди.

Муаммо нимада?   

Айнан биз чиққан Эргашобод маҳалласи тепасидан аҳолини ичимлик суви билан таъминловчи “Хонобод-Андижон-Асака” магистрал сув тармоғи, диаметри 1000 мм бўлган қувур орқали ўтган бўлиб, 16 апрель куни Файзобод, Янги Сор, Зарбдор маҳалла аҳли мазкур ҳудудда қазиш ишлари олиб борилаётганидан хабар топишади.

Қарангки, туман ҳокимининг ҳеч қандай қарор ёки фармойишисиз қазиш ишлари олиб бораётган “уддабурон” фирма соз ҳолатдаги диаметри 1000 мм бўлган қувурларни чириб, яроқсиз ҳолга келган диаметри 400 мм бўлган қувурларга алмаштириб кетишни кўзлаган. Маҳаллий аҳоли туман “Сувоқава” ташкилоти билан бирга иш олиб бораётган “уддабурон” фирманинг 7 км узунликдаги катта қувурларни қазиб олишга уринаётганида тўхтатиб қолиш учун ҳаракат қилмоқда.  

Бундай қазиш ишлари Файзобод ва Эргашобод маҳалласи тепасида бошлаганида оқсоқоллар хабар топади. Маҳалла аҳли ўзларига ичимлик суви келадиган қувурларни ҳимоя қилгани ҳаракатга тушади. Туман ҳокимлиги ва турли мутасадди ташкилотларга зудлик билан мурожаат қила бошлашади. 

Иккита муаммонинг биринчиси Эргашобод маҳалласида эди. Бу ерда ҳеч қандай ҳужжатсиз равишда 380 метр узунликдаги диаметри 1000 мм бўлган қувурлар кавлаб олиниб, қаёққадир кетиб бўлган экан. Биз туман “Сувоқава” ташкилоти катта қувурлар ўрнига диаметри 350 мм атрофидаги полиэтилен қувурларни улаётган ва бунга маҳалла қаршилик қилаётган пайтга етиб борибмиз. 

Ҳудудда иш қизғин кетаётган эди. Маҳалла аёллари боришимиз билан бизни саволларга кўмиб ташлади. Уларнинг фиғони фалакни кўтарарди.

“Мен Ибн Сино маҳалласи, Шоҳимардон кўчасида яшайман. Асака шаҳридаги бузилишлар сабабли мана шу жойга кўчиб чиққанмиз. Кўчамизда ичимлик суви ўзи доимий тушмайди. Қиш ойларида уч-тўрт ой сув келади холос. Ҳеч қандай огоҳлантиришсиз, жуда катта аҳоли сув ичадиган қувурни кичигига алмаштиришни бошлашибди. Катта қувур қаерга кетганини айтиб бера олишмаяпти. “Энди умуман сувсиз қолмайлик”, деб қаршилик қилгани шу ерга чиқдик”, - дейди Эркиной опа Турсунова.

Эргашобод МФЙ фуқароси Ижобат Хўжаева эса маҳалла оқсоқолининг “Агар қувурни жойига қўйишмаса сувсиз қоламиз”, деган гапидан сўнг қўшнилари билан бир ҳафтадан бери шу ерда туришганини айтди. “Ўзи қувурдан йил давомида уч ой сув келади. Бошқа пайт тоннасини 30 мингдан сотиб оламиз. Бир ҳафтадан бери катта қувуримизни сотиб юборишганини эшитгач, ўз жойига қайтаришини сўраб ҳар куни шу жойга келяпмиз. Лекин катта қувур йўқ бўлиб кетибди шекилли ҳеч нарса қила олишмаяпти”, - дейди у.

Биз эса, ўша ердаги ўз ҳолича қазиш, улаш ишларини олиб бораётган туман “Сувоқава” ташкилоти бошлиғи Баҳодир Қаҳҳоровга юзландик ва ундан воқеага ойдинлик киритишини сўрадик. Мутасадди, бу ерда қазиш, қувур алмаштириш учун ҳеч қандай туман ҳокимлиги ёки ўз юқори ташкилотидан қарор ёки фармойиши йўқлигини тан олди.   

“Инвестор айтганди: кавладим!”

“Айнан шу жойга хитойлик инвесторлар томонидан спортчилар учун оёқ кийимлари ва қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхона қурилар экан. Катта труба ерни устида бўлганлиги учун менга пасайтириб бериш кераклигини айтишди. Мен ер сатҳини пасайтириш учун диаметри 1000 мм бўлган қувурларни кавлаб олиб, бартер асосида алмаштириб 315 мм.лик қувурлар олиб келдим. Катта қувурдан ҳам 150 мм.га лойиқ сув ўтган. Қувурларни сотмадим. Бартер қилиб алиштирдим. Маҳалла аҳли мени устимдан турли жойларга, “қувурларни сотиб юборди”, дея ёзган экан. Ҳозир терговдаман. Агар мана шу 315лик полиэтилен қувурни уласак, етарли даражада сув келади. Туман ҳокими ўринбосарига “Фармойиш чиқариб беринг”, деб мурожаат қилгандим. Йўқ чиқариб бермади”, - дейди туман “Сувоқава” ташкилоти раҳбари Баҳодир Қаҳҳоров. 

Аҳоли вакиллари раҳбарнинг кўп гаплари ҳақиқатдан йироқ эканини кавланган чуқур ичида турган 450 мм атрофидаги эски, носоз қувурларни кўрсатиб инкор қилишди. Маҳалла тўполон қилганидан сўнг Б. Қаҳҳоров 315 мм.лик полиэтилен қувурлар олиб келган. Улар диаметри 1000 мм бўлган қувурнинг 1 метри нархи 2 миллион сўм эканлигини таъкидладилар. 

Маҳалла фуқаролари, аёллар минг тўполон қилгани билан “Сувоқава” ташкилоти ҳеч қандай ҳокимлик идоралари томонидан рухсат берилмаган ишда давом этарди.

Иккинчи муаммоли жойдаги Файзобод маҳалласи оқсоқоллари бошчилигидаги гуруҳ ҳушёрлик қилган. Улар номаълум қурувчи фирма томонидан 6 километр узунликдаги жойда 1000 диаметрли соз қувурларни қазиб олиб, ўрнига чириб кетган 400 диаметрли қувурларни ётқизишга уринаётганини билиб қолишади. Қазиш ишларини олиб бораётганлар магистраль сув тизимини реконструкция қилиш учун туман ҳокими фармойиши борлигини ҳам айтишган. Уларнинг билдиришича, туман ҳокими ўринбосари келиб, “Сувоқава” бошлиғининг алоқа хатига асосан, 2018 йил 30 ноябрь куни туман ҳокими “Хонобод-Андижон-Асака” сув тармоғидаги Файзиобод ва “Янги ҳаёт” массиви ҳудудидан ўтган тармоқнинг юқори ва пастки нуқталарини бир маромда сув ўтказишини таъминлаш учун 60 метр жойдаги 1000 мм.лик қувурларни горизонтал текис ҳолга келтириш учунгина Фармойиш чиқарганини билдириб, ноқонуний ҳаракатни тўхтатиб кетган.

Маҳалла оқсоқоллари бизга “уддабурон”лар у ерда ҳам катта қувурни, чириб кетган кичик ўлчамдаги қувурларга алмаштиришга уринишганини кўрсатишди. “Шоввозлар” улуш учун эски қувурларни ҳам келтириб бўлишган экан.

Ечим қаерда?

Муаммо ҳақиқатда чигал. Аслида йилнинг уч-тўрт ойидагина ичимлик суви борадиган 15тага яқин маҳаллага 1000 мм.лик қувурда бораётган сув масаласи ҳал қилинмаса аҳвол яна баттарлашади. 

“Хўш, нега шундай катта қувурдан аҳоли учун фақат қишдагина сув келади?” - деган савол бизни қийнади.

“Ёзда экин-тикин ишлари бошланиши билан атрофдаги ҳамма боғдорчилик фермерлари ҳам мана шу тармоқдан боғ ва экинларини суғоришади. Қишда боғлар дам олгач, сув босими жўмракларни “ёриб юборай” деб катта босим билан чиқади”, - дейди фуқаро Бахтиёржон Алижонов.

Фуқароларнинг “бир вақтлар барча боғларни суғоришга мослашган ирригация тизими бор эди. Ҳаммаси йўқ бўлиб, издан чиқиб кетган”, дейиши муаммонинг илдизи чуқур эканлигини билдириб турар эди.   

Ўзларини “мутахассис” дея атовчи ходимлар минглаб аҳоли ва бир қатор саноат ишлаб чиқариш корхоналари сув оладиган тармоққа диаметри 315 мм бўлган қувурни ямоқ қилиб улашмоқда. Биз шу ернинг атрофидаги бир чақирим жойда тармоққа диаметри 100-200 мм.лик қувур билан уланган 20-30та маҳалла ва корхоналарни кўрдик. 

Қизиқ, шунча аҳолининг истеъмолини кичик қувурдан солинган ямоқ кўтара олмаслиги аниқ-ку?

Аҳоли нимани кутяпти?

Одамлар ўша қаергадир “кетиб қолган” 360 метр 1000 мм.лик қувурни қайтарилишини кутишмоқда. Ички ишлар, прокуратура органларига аризалар ёзиб топширилган. Аҳоли қувурлар катта пулга сотилиб кетган дея гумонни асословчи аудиоёзувлар борлигини ҳам билдирди. Ишқилиб, қувурлар аллақачон “ўз эгасини” топиб кетмаган бўлсин. Бу борада ҳуқуқ-тартибот идоралари иш олиб бормоқда. Ўйлаймизки, тез кунларда ҳақиқат юзага чиқади. Ваҳоланки, бу муаммони зудлик билан ҳал қилмай ҳам илож йўқ. Чунки, кичик қувурлар кўмилиб кетадиган бўлса, инвестор қурилиш ишларини бошлайди. Бу эса масаланинг янада катталашиб кетишига сабаб бўлади, холос.

Фақат бир нарса ўйга толдиради? Наҳот, мутасаддилар томонидан кўплаб аҳоли сув ичадиган тармоқни кавлаш, қувурини алмаштиришга бу даражада масъулиятсизлик билан қаралмоқда.

Туман ҳокимлигининг аҳоли учун энг долзарб бўлган ичимлик суви масаласига, айниқса аёллар саргардон бўлаётганига эътибор бермаётгани янада ачинарли ҳолат. 

Биз Асака туман ҳокимлигидан ушбу муаммони тез кунларда ҳал қилишини кутиб қоламиз.

P.S. Кулгили ҳолат. Асака туман фермер ва деҳқон хўжаликлари, ер эгалари Кенгаши томорқасига сув келишини орзу қиладиган Шоҳимардон кўчасидаги хонадонларга атай қилгандек томорқага экспортбоп экинлар экилмаса, уч баробар даражада солиқ тўланиши ҳақида огоҳлантириш бериб кетибди. Ё, тавба? Сувнинг ўзи йўқ бўлса хонадон эгаси ерни нимада суғоради?

Элмурод Эрматов, 
Kun.uz мухбири

Элмурод Эрматов
Тайёрлаган Элмурод Эрматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид