Ўзбекистон | 18:54 / 27.04.2019
11270
8 дақиқада ўқилади

Tashkent Law Spring: халқаро юридик форум қандай ўтди?

25-26 арпель кунлари пойтахтда халқаро юридик форум ─ Tashkent Law Spring бўлиб ўтди. “Ҳуқуқ жадал модернизация даврида” мавзусидаги форумда 37 мамлакатдан мингдан зиёд юридик соҳа вакиллари иштирок этди. “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” давлат дастури доирасидаги мазкур форумнинг ўтказилишидан мақсад жаҳон юридик ҳамжамиятини Ўзбекистон қонунчилиги билан яқиндан таништириш, мамлакатдаги ислоҳотлар моҳиятни объектив тарзда етказиб беришдир.

 

Ҳуқуқ соҳасида етти муҳим чақириқ

Форумнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Адлия вазири Русланбек Давлетов нутқ сўзлади. У ўз нутқида Ўзбекистон ҳуқуқ тизимидаги еттита муҳим чақириқ хусусида тўхталиб ўтди:

“Қонунлар ижроси.Тараққиёт стратегияси доирасида ҳозирга қадар 90та қонун, 2000дан зиёд Президент қарор ва фармонлари қабул қилинди. Энди уларни тўлақонли ижро этиш, амалиётга тўғри татбиқ этиш қолди. Мазкур ҳужжатларнинг реал самарасини ҳар бир фуқаро кундалик ҳаётида ҳис этиши керак.

Инвестициялар.Ўзбекистон ривожланиши учун инвестициялар муҳим. Сармоядорлар пул киритиши учун эса биз қулай инвестицион муҳит яратишимиз лозим. Қонунлар барқарорлиги таъминланиши лозим, инвестор ўзини нима кутаётганини билиши керак. Молия-банк, солиқ тизимида катта ўзгаришлар қилиняпти, ерни хусусийлаштириш масаласи кўриб чиқиляпти. Эртага бизга инвестор келиши учун биз бугун керакли шароитни яратишимиз лозим.

Мулк ҳуқуқи. Мулк ҳуқуқини таъминлаш энг асосий масалалардан бири. Жамиятда, давлат органларида мулк ҳуқуқи қадрият сифатида таъминланиши керак. Мулк ҳуқуқи таъминланмас экан, муаммолардан холи бўла олмаймиз.

Меҳнат қонунчилиги. Инвестициялар ҳақида гап кетганда аксарият иқтисодий имкониятлар ҳақида ўйлайди. Аммо меҳнат қонунчилигини ҳам назардан қочирмаслик лозим. Ҳозирги “Меҳнат кодекси” совет иттифоқи концепцияси асосида ишлаяпти. Унда ижтимоий юклама жуда кўп. Майли, давлат органларида бу юкламани сақлаб қоламиз, лекин хусусий секторда эгилувчанлик принципи амал қилиши керак. Меҳнат қонунчилигини либераллаштириш орқали меҳнат бозорини ривожлантириш, меҳнат ресурсларининг рақобатбардошлигини ошириш мумкин.

Фуқаролик ҳуқуқи. Қонунчилигимизнинг “маликаси” бўлган фуқаролик ҳуқуқи ҳам эскирди. Яқинда фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш бўйича концепция ишлаб чиқдик. 2020 йил июль ойигача “Фуқаролик кодекси”нинг янги таҳририни тайёрлашимиз керак. Янги кодекс иқтисодиёт ривожи учун импульс бўлади, бу марказий аҳамиятга эга.

Қишлоқ хўжалиги назорати. Ўзбекистон иқтисодиётининг катта ҳажмини қишлоқ хўжалиги эгаллайди. Бу соҳага иқтисодиётнинг замонавий тамойилларини олиб кириш лозим. Кластерлар тузиляпти, соҳани ҳуқуқий нуқтаи назардан тартибга солишимиз керак.

Суд-ҳуқуқ тизими. Суд тизими ҳукуматнинг мустақил институтига айланиши даркор. Соҳадаги қатор муаммолар ҳал этилди, лекин ҳали ечимини кутаётган масалалар ҳам бор”.

Шунингдек, Русланбек Давлетов жамоатчилик назоратини кучайтириш, коррупцияга қарши кураш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш, интернетдаги муносабатларни тартибга солиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтди.

Халқаро тажриба ва тавсия

Форум доирасида инвестицион муҳитни яхшилаш, ҳукумат шаффофлигини таъминлаш, маъмурий ислоҳот, иқтисодиётда давлат аралашувини камайтириш, коррупцияга қарши кураш, юридик таълим каби йўналишларда алоҳида муҳокама сессиялари бўлиб ўтди. Унда халқаро экспертлар ўз тажрибалари билан бўлишди ҳамда Ўзбекистондаги ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилишда ўз тавсияларини билдиришди.

Арман Ватян, Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича Молия бошқариш сектори раҳбари:

─ Фуқаролар давлат ва жамият учун дахлдор ҳар қандай қарорнинг қабул қилиниш жараёнида иштирок этиши лозим. Ҳукумат айнан қайси халқаро рейтингларда юқори поғоналарга қараб интилиш кераклигини белгилаши керак. Эътибор қаратилиши керак бўлган яна бир муҳим жиҳат бор: тўғри, кўп ҳолларда маълумотлар очиқ эълон қилинаётган бўлиши мумкин, аммо улар қанчалик сифатли ва ишончли?

Мурод Ҳусанов, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD)нинг консултанти:

─ Мамлакатда давлат ва хизмат сирлари тушунчасига аниқлик киритилиши, бундай сирларга қандай ахборотлар кириши аниқлаштирилиши лозим. Давлат cирлари тушунчаси остида ахборотларга санкция қўйилиши устидан аниқ механизмлар назорат олиб бориши керак.

Девид Бутчер, Reed Smith халқаро юридик фирмаси партнёри:

─ Ўзбекистон ҳукумати тезкорлик билан ривожланаётган мамлакатлар тараққиёт йўлини чуқур таҳлил қилиши керак. Турли кўрсаткичлар бўйича юқори рейтингларни эгаллаган давлатлар бунга қандай қилиб эришди, уларнинг ривожланиш сири нимада? Буни чуқур тадқиқ этиш, керакли хулосаларни амалиётга жорий этиш лозим. Тўғри, Ўзбекистон ҳам ривожланяпти, аммо бу кўрсаткич ҳали керагидан паст.

Саймон Кокс, Буюк Британиялик мутахассис:

─ Агар мамлакат ташқи инвесторларни жалб этмоқчи бўлса, ўзидаги иқтисодий ҳолат ҳақида доимий равишда ҳисоботларни эълон қилиб бориши лозим. Бу ерда қайси инвесторлар ишлаяпти, улар ўз ишини қандай йўлга қўя олди, қанчалик фойда кўрди? Шу каби маълумотлар очиқ эълон қилинса, маблағ эгасини жалб қила олиш мумкин.

Энг..., Энг..., Энг...лар аниқланди

Форум доирасида “Энг яхши корпоратив хизмат”, “Энг яхши адвокат”, “Энг яхши адвокатлик тузилмаси” йўналишлари бўйича номинациялар эълон қилинган эди. Танлов ғолибларининг номи эълон қилинди. Унга кўра:

“Энг яхши корпоратив хизмат”:

1-ўрин ─ Lukoil Uzbekistan Operating Co юридик хизмати;

2-ўрин ─ “ЎзСаноатқурилишбанк” юридик хизмати;

3-ўрин ─ Самарқанд автомобил заводи юридик хизмати.

“Энг яхши адвокат” ─ Сафар Каттабоев (“Процессуал кафолат” адвокатлик бюроси).

“Энг яхши адвокатлик тузилмаси” ─ “Севинч” адвокатлик ҳайъати (бошқарувчи ─Абдивали Норбоев). 

Advice.uz  онлайн юридик маслаҳатчи

Форумнинг очилиш маросимида Адлия вазирлигининг ҳуқуқий маслаҳат беришга мўлжалланган advice.uz портали расман иш бошлагани тўғрисида тантанали эълон қилинди.

Мазкур портал Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда Британиянинг Citizens Advice тармоғи тажрибаларига таянган ҳолда яратилди. “Лойиҳанинг мақсади одамларга бепул онлайн юридик маслаҳат бериш. У қийин ҳуқуқий иборалар асосида эмас, балки кенг аҳоли учун тушунарли тилда яратилган”, ─ дейди Британиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Кристофер Аллан.

Форум аввалида билдирилганидек, мазкур муҳокамаларда билдирилган фикрлар, экспертлар мулоҳазалари, халқаро юридик ташкилотлар тажрибасидан миллий қонунчиликни ривожлантириш учун фойдаланилиши кутилмоқда.

Tashkent Law Springʻнинг учинчи кунида норасмий, маданий тадбирлар режалаштирилган бўлиб, хорижлик меҳмонлар Бухоро, Самарқанд, Хива бўйлаб саёҳат қилишади.

Мавзуга оид