Спорт | 13:00 / 29.04.2019
31791
7 дақиқада ўқилади

«Асаларилар» «Реал»ни қаттиқ чақди. Бу 2:10 учун қасос

Фото AFP

«Райо Вальекано» ўз уйида «Қироллик клуби»ни мағлубиятга учратди (1:0).

Испания чемпионати
35-тур
«Райо Вальекано» – «Реал» – 1:0
(1:0)
Гол: 1:0 – 23, пенальти Эмбарба.
«Райо Вальекано»: Гарсия, Тито, Гальвес, Ба, Алекс Морено, Эмбарба, Уче Агбо, Марио Суарес (Медран, 77), Посо (Трехо, 85), Бебе (Альваро Гарсия, 78), Хави Герра.
«Реал»: Куртуа, Карвахаль, Вальехо, Варан, Марсело, Модрич (Иско, 74), Льоренте, Кроос, Бэйл, М.Диас (Васкес, 82), Себальос (Б.Диас, 61).
Огоҳлантиришлар: Вальехо, 22. Модрич, 28. Марио Суарес, 43. М.Диас, 62. Карвахаль, 79. Марсело, 86. Уче Агбо, 90+3.
Ҳакам: Гонсалес Фуэртес.
28 апрель. Мадрид. Campo de Futbol de Vallecas стадиони.

Мотивация ва Бензема йўқлиги 
Энди Испания чемпионати турнир жадвалидаги ҳолат «Реал» учун қизиқарли эмас - бронзани бу жамоадан ҳеч ким тортиб ололмайди, кумушга эса етиш қийин - Зинедин Зидан футболчиларни ўзи истаса ҳам ғалабага чанқоқ ҳолатда чиқара олмайди. Шу туфайли, бу ўйинга аралаш таркиб туширилгани тушунарли ҳол эди. «Райо Вальекано»га қарши ўйинда бошланғич таркибдан жамоа сардори Серхио Рамос (уни Вальхео алмаштирди) ва «Реал»нинг охирги 8 голига муаллифлик қилган Бензема ўрин олишмади (унинг ўрнини Мариано Диас эгаллади).

Ҳаёт-мамот жангидаги «асаларилар»
«Реал»дан фарқли равишда Мадриднинг бу кичик жамоасига очколар сув ва ҳаводан ҳам кўра зарурроқ эди - Испания пойтахти жанубидан бўлган бу жамоа турнир жадвалининг энг қуйи қисмида жойлашган ва лигада қолиш учун курашмоқда. Ҳамшаҳарлари устидан ғалаба қозонса, жамоа 20-ўриндан 19-ўринга кўтарилар ва 17-ўриндаги «Жирона»билан орадаги фарқни 6 очкога қисқартирарди. Бунинг учун қаттиқ курашиш талаб этиларди.

Эмбарбанинг пенальтиси
Ўйиннинг 10-дақиқасигача жамоалар хавфли вазиятлар билан алмашишди - аввалига Марсело «Райо» дарвозабонини синовдан ўтказди, яна бир вазият Посо томонидан уюштирилди, у бельгиялик дарвозабонни яқин масофадан доғда қолдиролмади, кейин эса ҳакам меҳмонлар дарвозасига пенальти қўйди: Хави Герра Вальехонинг фолидан кейин газонга қулади, ҳакам видеоҳакам маслаҳати билан 11 метрли нуқтани кўрсатди. Эмбарба зарба беришда хато қилмади ва «Реал» 2005-06 йилги мавсумдан буён биринчи марта чемпионат ўйинларида етти марта пенальтидан гол ўтказди.

Диаснинг бекор қилинган голи

Фото: David S. Bustamante/Soccrates/Getty Images

«Қаймоқранглилар»нинг ўйини ёмонлашгандан ёмонлашди - майдон марказида кўп браклар кузатилди ва Модрич кўплаб хатоларга йўл қўйди. Диаснинг голи офсайд туфайли бекор қилинди, 40-дақиқада эса «Реал» яна бир бор Бэйлни йўқотиши мумкин эди - уэльслик футболчи тиззасини қучоқлаб газонга қулади ва ўйинни давом эттириш борасида кўп вақт ўйланиб ётди. Хайриятки, унинг жароҳати жиддий бўлиб чиқмади ва у майдонга қайтди.

Ўзгаришлар даври

Фото: Gettyimages.ru/Denis Doyle

Иккинчи бўлимда ҳам майдонда «Райо» устунлик қилишда давом этгач, Зидан футболчиларни алмаштиришга киришди. Мураббий ўйинни қутқариш учун Браим Диас, Иско ва Васкесни майдонга ташлади, аммо кучга тўла ҳолда ўйинга қўшилган бу футболчилар ўйин йўналишини ўзгартира олишмади.

Ўз навбатида «асаларилар» керакли натижани сақлаб қолиш учун ўйнашди ва улар бунинг уддасидан чиқишди. «Райо» чемпионатда саккизинчи ғалабасига эришди ва 19-ўринга кўтарилиб, аввалгидан эркинроқ нафас ола бошлади, «Реал» учун бу мавсумдаги 10-мағлубият бўлди - иккинчи ўриндаги «Атлетико» билан орадаги фарқ 9 очкога етди. Бу мадридликлар тарихидаги энг ёмон мавсумлардан бири. Бу қадар кўп мағлубият охирги марта 2008-09 йилги мавсумда қайд этилганди. Бундан ташқари, жамоа барча турнирлар доирасидаги ўйинларда 16 бор мағлуб бўлди, бу ҳам кейинги 10 йил ичидаги энг ёмон кўрсаткич.

Зинедин Зидан ўйиндан кейин жамоа ҳақида кескин фикрлар билдириб ўтди: «Жамоа ўйини – ноль. Биринчи дақиқадан то ўйин охиригача. «Реал» умуман ўйнагани йўқ. Бу жаҳлимни чиқаряпти. Имижимиз ёмонлашиб боряпти, бунга жавобгар эса менман. Бундай ўйин учун мухлисларимиздан узр сўрашимиз керак. Бу лавозимга қайтганимдан афсусда эмасман, мен бунинг аксини айтган бўлардим. Бундай оғир ва қалтис дамлардан ўтиб олиш керак, лекин бунақа ўйин кўрсатиб бўлмайди.

Менга қолса, мавсум тезроқ тугашини истардим. Лекин ҳали учта ўйинимиз бор ва уларда бошқачароқ ўйнашни ўйлашимиз керак. Мавсумни бу ҳолда якунлай олмаймиз. Биз футболнинг, бу клубнинг ҳурматини жойига қўйишимиз шарт. Доимо ўз шогирдларимни ҳимоя қилиб келганман, лекин бу сафар эмас».

Пако Хемеснинг қасоси

Фото: REUTERS/Javier Barbancho

«Реал» «Райо Вальекано»га охирги марта 2002 йилда ютқазганди. Бу кубок доирасидаги баҳс бўлганди ва биринчи ўйинда 4:0 ҳисобида ғалаба қозонган «Қироллик клуби» иккинчи ўйинда 0:1 ҳисобида мағлуб бўлиб ҳам кейинги босқичга йўл олганди.

Чемпионат ўйинларида эса «Реал» «Райо»га 1997 йил февралидан буён ютқазмаган.

«Райо» бош мураббийи Пако Хемес учун бу ғалаба алоҳида аҳамиятга эга бўлди. 2015 йилнинг декабрида ушбу мутахассис «Бернабеу»даги ўйиндан олдинги матбуот анжуманида «катта кетиб» қўйганди: «Боримни тикаман, биз бугун яхши ўйин кўрсатамиз. Бизнинг жамоа ҳимояда ўйнаса жуда ёмон ўйнайди. Агар биз ўз дарвозамиз атрофига ётиб олсак, ҳар ўйинда ютқазамиз. Шу туфайли биз «Реал»га қарши ўйинда ўз фалсафамиздан чекинмаймиз».

Ўшанда ўйин «Реал» фойдасига 10:2 ҳисобида якунланганди.

Хемес уятдан қизариб, бу мағлубиятдан кейин футболчилари кийим алмаштириш хонасида йиғлаганликлари ҳақида айтиб берганди: «Буни тезроқ унутиш керак. Ўз футболчиларимни қўллаб-қувватлашни истардим. Биз жуда шармандали ҳолатга тушиб қолдик. Кийим алмаштириш хонасига кириб, у ерда йиғлаётган профессионал футболчиларни кўриш жуда оғриқли».

Уч ярим йил ўтиб Хемеснинг «Райо»си «Реал» устидан ғалабага эришди. «Умрим давомида «Реал»ни енгмагандим. Энди ўлсам ҳам бўлар», деди ўйиндан кейин Хемес.

Мавзуга оид