Жамият | 13:51 / 29.04.2019
46723
3 дақиқада ўқилади

ИИББ Шайхонтоҳур туманида «самосуд» уюштирган шахслар бўйича расмий маълумот берди

Фото: Видеодан кадр

Бир неча шахснинг эркак кишини калтаклаётгани тасвирланган видео интернетда тарқалди. ИИББ хабарига кўра, ушбу видео Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари томонидан ўрганилган ва «Матиз» автомашинаси йўловчисини дўппослаган шахслар аниқланган.

Ҳодиса 22 апрель куни соат 23:00ларда Шайхонтоҳур туманидаги «Чақар» маҳалласида содир бўлган. 38 ёшли А.Х. танишлари, 37 ёшли Д.Г. ва 38 ёшли А.М. билан ушбу маҳаллада жойлашган кафеда кечки овқат тановул қилган. Маст ҳолатда бўлган А.Х. ушбу кафеда ишловчи официант қиз, 23 ёшли Р.Р. билан қўпол муносабатда бўлган. Можарога гувоҳ бўлган А. қизнинг ёнини олган, сўнг кафедан чиқиб, кетмоқчи бўлган. А.Х. ва унинг икки таниши унинг ортидан чиқиб, жамоат жойида ўзини тутиш қоидаларига риоя қилмасдан, кейинчалик интернетда эълон қилинган зиддиятни келтириб чиқаришган. Воқеадан сўнг А. кетган, у ҳозирги вақтга қадар на даволаш муассасаси, на ИИБга ҳодиса ҳамда тан жароҳатлари ҳақида мурожаат қилмади, шу сабабдан унинг шахси ҳозирча аниқланмади. ИИБ ходимлари воқеа жойига етиб келганида, безорилар қонунга зид ҳаракатларни тўхтатиш ва яқин орадаги ИИБ бўлимига бориш бўйича талабларни бажаришдан бош тортган.

Р.Р.нинг Шайхонтоҳур тумани ИИБга берган аризаси бўйича А.Х., Д.Г. ва А.М.га нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 183- (Майда безорилик) ва 194-моддаси 1-қисмида (Милиция ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилди. Шайхонтоҳур тумани маъмурий ишлар бўйича суди ушбу шахсларни ҳуқуқбузарлик содир этишда айбдор деб топди ва уларнинг ҳар бирига 15 суткадан маъмурий қамоқ жазоси кўринишидаги жазо тайинлади.

«Ҳурматли фуқаролар ва пойтахт меҳмонлари! Ушбу ҳодисадаги жабрланувчининг шахсини аниқлашда ёрдам беришингизни сўраймиз. Маълумотни 102 телефони ёки энг яқин ички ишлар бўлимига тақдим этиш мумкин», - дейилади ИИББ хабарида.

Мавзуга оид