Жаҳон | 10:05 / 29.04.2019
45248
2 дақиқада ўқилади

Туркманистон президенти от ҳақида рэп қўшиқ ижро этди 

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 28 апрелда Ривож лақабли ахалтака тойчоғи ҳақида рэп қўшиқ ижро этди. Таъкидланишича, тойчоқ 2019 йилнинг илк куни туғилган.

Фото: tdh.gov.tm

Туркманистон раҳбари ўзи ёзган қўшиқ билан халқаро от спорти мажмуасида туркман оти миллий байрами шарафига ўтказилган от чоптиришда чиқиш қилган.

Қўшиқда тойчоқ бутун мамлакат учун фаровонлик даракчиси ва илҳом манбаи экани ҳақида куйланган. 

Жорий йил бошида Бердимуҳамедов Туркманистон ички ишлар вазирлиги хўжалик бошқармаси объектларидаги вазият билан танишиши вақтида вазир Искандар Муликов ИИВ шахсий таркиби номидан унга ушбу тойчоқни совға қилган. Бердимуҳамедов тойчоқ шиори “Туркманистон – фаровонлик ватани” бўлган 2019 йилда дунёга келгани сабабли уни Ривож деб атаган.  

Умуман олганда, Туркманистон президенти иккинчи бор оммавий равишда рэп қўшиқ ижро этмоқда. 2018 йил июлда у набираси билан бирга “Спортча Туркманистон” деган қўшиқни ижро этган. Қўшиқ сўзларига президентнинг ўзи, мусиқасига эса набираси муаллифлик қилган.

Мавзуга оид