Жаҳон | 22:51 / 30.04.2019
9589
2 дақиқада ўқилади

Илк бор беморга дрон ёрдамида етказилган донорлик органи кўчириб ўтказилди (видео)

АҚШнинг Мэриленд университети тадқиқотчилари дунёда илк бор инсон органини ташиш учун дрондан фойдаланишди. Ушбу орган кейинроқ беморга кўчириб ўтказилган. 

Хабарда айтилишича, дрон донор буйрагини Мэриленд университетининг Балтимордаги тиббий марказига 19 апрелда етказиб берган. Парвоз қанча давом этгани маълум қилинмаган, бироқ университет ходимлари томонидан яратилган махсус контейнерда бўлган буйрак парвозни яхши ўтказган ва 8 йилдан бери операцияни кутган 44 ёшли бемор аёлга кўчириб ўтказилган. Операция муваффақиятли ўтган ва 25 апрелда аёл шифохонадан чиқарилган.  

Донорлик органларининг тезкорлик билан етказилиши тана аъзоларини кўчириб ўтказиш операцияси муваффақиятли бўлишининг омилларидан бири ҳисобланади. Статистикага кўра, йўлдаги турли ҳодисалар ва ушланишлар туфайли барча органларнинг 1,5 фоизи кўчириб ўтказишга яроқсиз ҳолга келади. Дронларни қўллаш эса органларни етказишни тезлаштириши ва салбий кўрсаткични пасайтириши мумкин.    

2016 йилда Руанда ҳукумати мамлакатнинг бориш қийин бўлган ҳудудларида қон қуйдиришга эҳтиёжмандларга қонни етказиш бўйича дунёдаги биринчи давлат дастурини ишга туширганди.

Куни кеча АҚШнинг фуқаролик авиацияси федерал бошқармаси юкларни дронларда етказувчи Wing компаниясига авиаташувчи сертификатини топширди. Таъкидланишича, бу ҳолат дронларда юк ташиш билан шуғулланувчи компанияга шундай ҳужжатнинг биринчи марта топширилиши ҳисобланади.

Мавзуга оид