Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистоннинг ижобий имижини илгари суриш бўйича «Invest in Uzbekistan» ахборот кампанияси ишлаб чиқилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республика иқтисодиётига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Президент қарорига кўра, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги:
· 2019 йил давомида мунтазам равишда йирик халқаро бизнес ва молиявий хабларга мақсадли аудитория учун мўлжалланган тақдимотлар билан ташриф буюрган ҳолда «Road Show» дастурларини ишлаб чиқади ва тақдим этади;
· Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 январдаги ПФ–5611-сон «Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида инвестициявий резидентлик тўғрисидаги низом лойиҳасини ишлаб чиқади ва Вазирлар Маҳкамасига киритади;
· икки ой муддатда маркетингнинг энг янги технологияларидан фойдаланиш, мамлакатнинг ягона интеграциялашган брендини яратиш ва илгари суриш ҳамда стратегик коммуникациялар бўйича халқаро маслаҳатчиларни жалб қилиш орқали халқаро бизнес аренада Ўзбекистоннинг ижобий имижини илгари суриш бўйича «Invest in Uzbekistan» – ягона, мувофиқлаштирилган ахборот кампаниясини ишлаб чиқади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда:
· 2019 йил 1 июлга қадар хорижий инвесторлар учун иқтисодиётнинг турли тармоқларида инвестициявий талаб ва потенциал лойиҳалар, зарур тақдимот материалларини тайёрлайди;
· 2019 йил давомида мамлакатда кенг миқёсли ислоҳотларнинг амалга оширилаётганлиги, инвестиция киритиш учун яратилган қулай шарт-шароитлар ва ишбилармонлик муҳитининг яхшиланганлиги тўғрисида, энг аввало, хорижий ишбилармонлар, тадбиркорлар, потенциал инвесторлар, давлат ва жамоат арбоблари орасида тарғибот ва кенг хабардор қилиш масалалари бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширади;
· Халқаро инвестиция форуми доирасида, амалга оширилаётган ислоҳотлар, инвестиция лойиҳаларининг долзарб жиҳатларига бағишланган, шу жумладан, тармоқ вазирлик ва идоралари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, мутахассислар ва тадбиркорлар, миллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг иштирокида брифинглар, матбуот анжуманлари, давра суҳбатларини ўтказади;
· Интернет тармоқларида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан тармоқ ислоҳотлари, ҳар бир амалга ошириладиган инвестиция лойиҳасининг асосий параметрлари, лойиҳаларни амалга ошириш кафолатлари, уларнинг рақобатдаги устунликлари ва бошқалар тўғрисида батафсил ва тушунарли расмийлаштирилган ахборот ресурсларини тайёрлаш борасидаги ишларнинг мувофиқлаштирилишини таъминлайди.
Мавзуга оид
15:04 / 20.07.2022
Инвестиция дастури доирасида Қорақалпоғистонга ажратилган маблағ 1 триллион сўмгача оширилди
07:21 / 23.12.2021
Ногиронлиги бўлган шахслар учун китоблар, журналлар ва бошқа босма материаллар базаси кенгайтирилади
22:45 / 18.02.2020
Президент фармони: Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди
13:06 / 14.12.2019