Спорт | 18:12 / 30.04.2019
13048
7 дақиқада ўқилади

Йўлига тушиб олган «Локомотив», Қосимов жамосига 4 та гол урган «Насаф», 5 турдан буён гол ураётган Темурхўжа – Суперлига 6-тур якунлари

29 апрель куни Суперлигада 6-тур ўйинлари ўтказилди. Бу турда етакчилар «Пахтакор» ва «Локомотив» ғалаба қозонишди. «Темирйўлчилар» кетма-кет 5-ўйинда ғалаба қозониб, «Пахтакор»ни таъқиб қилишда давом этмоқда. «Локомотив» ҳужумчиси Темурхўжа Абдухолиқов Суперлиганинг кетма-кет 5 та ўйинида гол ургани аҳамиятли. Қуйида 6-турнинг қизиқарли воқеаларини эслаймиз.

Ҳафта ўйини: «Динамо» – «Навбаҳор».

Турнинг энг қизиқарли ўйини Самарқандда ўтказилди. «Динамо» ўз майдонида «Навбаҳор»ни қабул қилди. Равшан Эрматов бошқариб борган ўйинда Намангандан юзлаб мухлислар ташриф буюрди. Бу ўйиннинг даражасидан далолат. «Навбаҳор» бу учрашувда фаворит эди, чунки наманганликлар олдинги турда мағлубиятсиз давом этаётган «Сурхон»ни тўхтатиб қолганди.

Бироқ «Динамо» ўз майдонида яхши ҳаракат қилди ва ўйин 2:2 ҳисобида якунланди. Самарқандликлар сафида Қадамбой Нурметов ва Сардор Эминов гол уришди, «Навбаҳор»нинг голларига Александр Касьян ҳамда Славко Лукич муаллифлик қилишди.

Самарқанддаги ўйин юқори темпда ўтгани билан кўпчиликка маъқул бўлди. Ўйинни бошқариб борган ҳакам Равшан Эрматов ҳам буни таъкидлади. Ҳакам ўйиндан сўнг ҳар икки жамоа мураббийларига бизга мана шундай футбол керак эканини айтди.

Иккита пенальти ва битта қизил карточка: «Пахтакор» Жиззахда қийин ғалабага эришди

Ўтган турда Улуғбек Бақоев қўл остида илк ўйинини ўтказиб, «Металлург»ни мағлуб этган «Сўғдиёна» 6-турда ўз майдонида «Пахтакор»ни қабул қилди. Бақоев жиззахлик футболчиларни руҳлантиргани кўринди ва улар «Пахтакор»га жиддий қаршилик кўрсатишди. 73-дақиқагача «Сўғдиёна» футболимиз байроқдорининг ҳужумларига дош берди, лекин айнан шу дақиқада Драган Черан феноменал зарбаси билан ҳисобни очди. 83-дақиқада эса Шерзод Қосимов жарима майдончасида Достон Ҳамдамовга қарши қўполлик ишлатилгани учун «Пахтакор» дарвозасига пенальти белгилади. Стандартни Жалолиддин Машарипов голга айлантирди.

Жиззахликлар пенальтидан урилган гол эвазига фарқни қисқартиришди, лекин қолганига бир киши кам бўлиб ўйнаган «Сўғдиёна»нинг кучи етмади. Шоҳруз Норхонов 3 дақиқа ичида иккита сариқ карточка олиб, 58-дақиқада майдондан четлатилди.

«Локомотив» ўз изига тушиб олди

Амалдаги чемпион «Локомотив» 1-турда «Пахтакор»га енгилганидан сўнг фақат ғалаба қозонмоқда. Кетма-кет 5-ўйинда ғалаба қозонган «Локо» етакчи «Пахтакор»ни изма-из танқид қилмоқда. Бу турда «темирйўлчилар» Навоийнинг «Қизилқум» жамоасини қабул қилиб хотиржам тарзда ғолиб бўлишди.

Темурхўжа Абдухолиқов, Ислом Тўхтахўжаев ҳамда Жамшид Искандеровлар чиройли гол уриб, «Локомотив»нинг ғалабасини таъминлашди. «Қизилқум» мураббийи Ҳамиджон Актамов ўйиндан кейин кескин гаплар айтди. Унинг фикрича, ҳамма «Қизилқум»нинг мағлубиятидан сўнг Актамов мураббий эмас, менежер деган гапни эслаб қолади. Шунингдек мураббий «Қизилқум»да доим майдонга тушадиган 10 та футболчи борлигини айтиб, захира ўриндиғининг кенг эмаслигидан нолиди.

Темурхўжа 5 та ўйиндан буён гол урмоқда

«Локомотив»нинг 6-турдаги ўйинида ҳам гол урган Темурхўжа Абдухолиқов ажойиб серия қайд этмоқда. У Суперлиганинг кетма-кет 5-ўйинида гол урди. Темурхўжанинг голларидан «Навбаҳор», «Андижон», ОКМК, «Бухоро» ва «Қизилқум» навбати билан «жабр кўрди». Мавсум аввалини самарали ўтказаётган Абдухолиқов ҳозиргача «Локо» сафида 11 ўйинда қатнашиб, 8 та гол уришга муваффақ бўлди.

Қосимов жамоаси Қаршида 4 та гол ўтказиб, охирги поғонага «шўнғиди»

Миржалол Қосимов қўл остидаги ОКМК ўз майдонида «Қўқон-1912»га 7 та гол урганидан сўнг клубда ҳаммаси жойига тушгандек кўринганди, аммо бунақага ўхшамайди. 6-турда Олмалиқ клуби Қаршида «Насаф» меҳмони бўлди ва 0:4 ҳисобида мағлуб бўлди. Андижондаги мағлубиятдан аламзада бўлган қаршиликлар Қосимов жамоасини аяб ўтиришмади.

Ўйиндан сўнг Рўзиқул Бердиев жамоаси Миржалол Қосимовни «сақлаб қолиш» ҳақида ўйламаганини ҳам айтди. Бу ғалабадан сўнг «Насаф» охирги поғонани тарк этди ва бирданига 8-ўринга кўтарилди. ОКМК эса охирги ўринга жойлашди.

«Қўқон-1912» дарвозасига нотўғри пенальти белгилаган ҳакам дисквалификация қилинди

6-турнинг «Металлург» ҳамда «Қўқон-1912» жамоалари ўртасидаги ўйинида бекободликлар 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишди. «Металлург»нинг голларидан бирини Станислав Андреев пенальтидан урди. ЎФА қошидаги ҳакамлар фаолияти билан шуғулланувчи департамент Бекободдаги ўйинда ишлаган ҳакам Аҳрол Рисқуллаевнинг пенальти белгиланган вазиятдаги қарорини хато деб топди. Оқибатда Рисқуллаев Суперлига ўйинларини бошқаришдан «номаълум муддатга» четлаштирилди.

«Бунёдкор» Бухорода мағлубиятдан қутулиб қолди

Вадим Абрамов мураббийлигидаги «Бунёдкор» бу турда «Бухоро» меҳмони бўлди. «Қалдирғочлар» ёш футболчилардан иборат жамоа бўлишига қарамай, Бухорога фаворит сифатида йўл олди. Бахтиёр Ашурматов билан ўйинини топа олмаётган «Бухоро» биринчи бўлимни мураббийнинг таъбири билан айтганда «уяладиган тарзда ёмон» ўтказди. Бирок иккинчи бўлимда ҳисобни тенглаштириб, олдинга ҳам чиқиб олган бухороликлар ғалабани қўлдан бой берди. Ўйинни юқори савияда ўтказган Хуршид Ғиёсов дубль қайд этиб, жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди.

Ҳафта қаҳрамони: Хуршид Ғиёсов

Кўплаб етакчилар тарк этган «Бунёдкор»нинг бугунги асосий юлдузи Хуршид Ғиёсов. Миллий жамоада ҳам ўйнашга улгурган Ғиёсовга ҳам бошқа клублардан таклифлар бўлганди, лекин у «Бунёдкор»да қолишга қарор қилди. Ва адашмади... Ҳозир «Бунёдкор»нинг асосий «қалдирғочи» бўлган Хуршид Бухорода жамоасининг ҳақиқий етакчиси эканини кўрсатиб, иккита гол урди. Унинг биринчи голи айниқса чиройли чиқди. Хуршидни ҳафтанинг энг яхши футболчиси деб топдик.

Мавзуга оид