Спорт | 16:40 / 20.05.2019
14164
8 дақиқада ўқилади

Ғалабани унутган «Локо», голини офсайд «ўғирлаган» «Бунёдкор», тўртликка кўтарилган жанубликлар — 9 жамоа гол ура олмаган 9-тур якунлари

19 май куни Суперлигада 9-тур ўйинлари якунланди. Фарғонада «Андижон»ни йирик ҳисобда мағлуб этган «Пахтакор» иккинчи ўриндаги «Локомотив» билан фарқни 5 очкогача узайтирди. Чунки «темирйўлчилар» кетма-кет учинчи ўйинда дуранг ўйнаб, ўз ҳолатларини қийинлаштириб қўйишди. Жануб жамоалари «Сурхон» ва «Насаф» бу турда ғалаба қозониб, мос равишда учинчи ва тўртинчи ўринга кўтарилишди. Бу турда 9 та жамоа гол уришни эплолмади. Қуйида турнинг қизиқарли воқеаларини эслаймиз.

«Пахтакор» яққол етакчига айланди. Бикмаев 15 дақиқа ўйнаб, иккита гол урди

9-турни Фарғонадаги «Андижон» - «Пахтакор» ўйини бошлаб берди. «Соғлом авлод» стадионининг ёритиш тизими талаб даражасида бўлмагани учун ўйин Фарғонадаги «Истиқлол» аренасида ўтказилди. «Истиқлол» стадионида Суперлиганинг шунчалик кўп ўйини ўтказиляптики, бу стадионга «Водий арена» деб ном берса ҳам бўлади. Чунки водийдаги қайси стадионда муаммо бўлса, ҳамма «Истиқлол»га югуришмоқда.

«Пахтакор» олдинги турда водийнинг бошқа жамоаси «Навбаҳор»ни енга олмаган ва Тошкентдаги аламли дурангдан сўнг ғалаба ўтида ёнаётганди. Фарғонадаги ўйиндаги ҳисобга қараб, «Пахтакор» осон ғалабага эришди деб бўлмайди. Черан биринчи бўлим якунида пенальтидан гол уриб ҳисобни очди. Кейинчалик «Андижон» жиддий қаршилик кўрсатди. Ўйин охирида эса 78-дақиқада захирадан майдонга тушган Марат Бикмаев иккита гол уриб, масалани ҳал қилди.

«Локомотив» гол уришни унутди, офсайд «Бунёдкор»нинг голини «ўғирлади»

Амалдаги чемпион «Локомотив» биринчи турда «Пахтакор»га мағлуб бўлгач, кетма-кет 6 ўйинда ғалаба қозониб, ўз йўлига тушиб олгандек кўринганди. Аммо Чемпионлар Лигасидаги муваффақиятсизлик, ундан кейин чемпионатдаги нурсиз ўйинлар Фёдоров жамоасида муаммо борлигини кўрсатди.

Ҳаммаси «Қўқон-1912»га қарши ўйинда бошланди. Ўша ўйинда «Локомотив» ғалабани қўлдан чиқарганди. Кейинчалик «Локомотив» Бекободда «Металлур»ни енга олмади. 9-турда эса «темирйўлчилар» клуб учун бегона бўлмаган мураббий Вадим Абрамовнинг ёш футболчилардан иборат «Бунёдкор»ини енга олмади.

«Қалдирғочлар» ўйинда ғалаба қозонишлари ҳам мумкин эди. 90+5-дақиқада «Бунёдкор» жарима тўпи тепиш имконига эга бўлди. Анвар Ғофуров тўпни жарима майдончасига етказиб берди. «Локомотив» жарима майдонида талотўп юзага келди ва захирадан майдонга тушган Владислав Нуриев гол урди. Аммо ҳакам ўйиндан ташқари ҳолат сабаб голни инобатга олмади.

Бу вазиятда ўйиндан ташқари ҳолат бор эди, чунки «Бунёдкор» ҳимоячиси Ислом Қобилов офсайдда турган ҳолда тўпга тегмаган бўлса-да, дарвозабоннинг йўлини тўсганди. Шу боис ҳакам «Бунёдкор»нинг голини инобатга олмай тўғри қилди. Абрамов ва Шуҳрат Мақсудовнинг ҳакамга ташланишлари эса шунчаки эҳтирос сабаб бўлди деб қабул қиламиз.

«Насаф» кучли тўртликда. Қаршида миллий жамоага номзод ҳужумчи ўсмоқда

Қаршининг «Насаф» клуби жорий мавсумда стабил ўйин кўрсата олмаяпти. Рўзиқул Бердиев буни жамоада ёш футболчилар кўплиги билан изоҳлади. Ана шу ностабил «Насаф» 9-турни ўз майдонида ўтказиб, «Қўқон-1912»ни 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Қаршиликлар биринчи бўлимда гол уришга қийналишди. Иккинчи бўлимда эса «аждарлар» икки дақиқа ичида иккита гол уриб, ғалаба қозонишди. «Насаф»нинг иккита голига ҳам бир футболчи муаллифлик қилди.

Ҳумоюн Муртазоев «Қўқон-1912» билан ўйинда дубль қайд этиб, Суперлигадаги голлари сонини 7 тага етказиб олди. Ўтган мавсумларни «Машъал» билан Про-Лигада ўтказган Ҳумоюн айни дамда чемпионатда энг кўп гол урган ўзбекистонлик футболчи бўлиб турибди. Тўпурарлар пойгасида «Пахтакор» ҳужумчиси Драган Черан 9 та гол билан етакчилик қилмоқда. Ҳумоюнда эса 7 та гол бор ва у ҳамма голларни ўйиндан урган.

Муртазоев Суперлиганинг кетма-кет 5 та ўйинида гол уриб, ўзига хос голли серия қайд этди. Бу ҳозирча мавсумдаги энг яхши иккинчи натижа. Олдинроқ «Локомотив» ҳужумчиси Темурхўжа Абдухолиқов кетма-кет олтита ўйинда гол урганди. Ҳумоюн жамоасининг охирги 5 та голига муаллифлик қилгани у Бердиевнинг ҳужумдаги янги қуролига айланаётганини кўрсатади. Балки Купер тўпурарлик қобилиятини намойиш қилаётган Ҳумоюнни миллий жамоа йиғинларида синаб кўрар?..

«Қизилқум» ҳамон инқирозда. Навоийлик мухлислар рақибнинг голини нишонлашди...

Навоийнинг «Қизилқум» клуби 7-турда «Бунёдкор»ни енгди, кейин Қаршида «Насаф» билан дуранг ўйдади ва бу натижалар Навоий жамоасида вазият ўнгланаётганидан далолат бераётгандек эди. Аммо Ҳамид Актамов Қаршидаги ўйиндан кейин «Қизилқум» инқироздан чиқиб кетмаганини айтди.

«Сурхон»га қарши Навоийда ўтган ўйин «олтин изловчилар»да ишлар яхши эмаслигини кўрсатди. «Сурхон» Навоийда хотиржам тарзда ғалаба қозониб кетди ва учинчи ўринга кўтарилди. Навоийлик мухлисларнинг Ҳамид Актамовга кўп эътироз билдиришларини билардик, лекин бу ўйинда маҳаллий мухлисларнинг «Қизилқум»га нисбатан муносабати қанчалик таранг ҳолатда экани кўринди: улар «Сурхон»нинг учинчи голини нишонлаб, бақиришди. Бу вазият чигаллигини кўрсатади.

Дарвоқе, бу ўйинда «Сурхон» ҳужумяиси Абдулазиз Юсупов зўр ўйнади. Асосий ҳужумчи Шерзод Ҳакимовнинг жароҳати сабаб асосий таркибда майдонга тушган Абдулазиз шу куни иккита гол урди. Унинг икки голи ҳам соф ҳужумчиларга хос бўлди.

Қосимовнинг ишлари яхши эмас...

Миржалол Қосимов футболимиз тарихидаги энг яхши футболчилардан (агар энг яхшиси бўлмаса). Фаолиятини якунлагач, унинг яхши мураббий эканини ҳам кўрдик, аммо Олмалиқда Қосимовнинг ишлари юришмаяпти. 9-турда ОКМК ўз майдонида «Сўғдиёна»га имкониятни бой берди. Ўйин бошида ва якунида биттадан гол урган жиззахликлар шу куни яхши таассурот қолдиришди. Қизиғи, «Сўғдиёна»нинг голларига ҳимоячилар муаллифлик қилишди. Аввалига Шаҳбоз Жўрабеков, кейин эса Кахи Махарадзе гол уриб, Бақоевга «Сўғдиёна»даги учинчи ғалабани келтиришди.

Ўйин бошланиши олдидан ОКМК сардори Жасур Ҳасановга махсус совға топширилди. 36 ёшли Жасур Ўзбекистон чемпионатларида 400 та ва ундан ортиқ ўйинда майдонга тушган 15-футболчи бўлди. Шу муносабат билан унга 400+ ёқуви туширилган махсус футболка топширилди.

9-турда 9 жамоа гол ура олмади

Бу ҳафтада мухлислар кўп гол кўришмади. 9-турда фақат 5 та жамоа гол уришни эплай олди. 9 жамоа турни «қуруқ» ўтказди. 3 та ўйинда эса мухлислар умуман гол кўришмади.

Мавзуга оид