Спорт | 16:06 / 03.05.2019
20013
19 дақиқада ўқилади

Чемпион ҳикоялари. Кевин де Брюйне Стерлинг, Моуриньо, Гвардиола ва ўзини йиғлатган воқеа ҳақида

Мен ростгўй одамман. Шунинг бир кичик сирни очай. «Манчестер Сити»га келгунимча, бу Раҳим Стерлинг исмли йигитча ҳақида ҳеч нарса билмасдим. У билан рўпара келмаганман, газета ёки интернетда ўқиб билганларимдан хулоса қиладиган бўлсам, у мендан буткул фарқ қиларди. Ўйлардимки...

Ҳа, айтиб қўя қолай, уни ёмон бола деб ўйламаганман, албатта. Аммо нашрларда унинг жуда калондимоғ деб ёзишарди. Ундан футбол юлдузи чиқишига ишонмасдим.

Раҳим билан жуда яқинлашиб кетдик, чунки икковимиз ҳам деярли бир вақтда клубга келдик ва матбуотда биз ҳақимизда фақат салбий фикрлар чиқарди. Бир пайтлар мендан «Челси» воз кечганини, Раҳим эса пул учун «Ливерпуль»ни тарк этганини ёзишарди. Биз билан қийин бўлишини тахмин қилишганди.

Албатта, ўзинг ҳақида бундай гапларни ўқиб, ҳайрон бўласан – ростдан ҳам бу менми? Мен инжиқ одам эмасман. Бўлмаган гап. Бу одамлар мени танишмайди ҳам. Лекин биласизми, бошқа футболчилар ҳақида шундай гапларни ўқиганда, беихтиёр бу таъсир қилади, унга бўлган муносабатларда акс этиб қолади.

Ниҳоят, «Манчестер Сити»га келганимда, Раҳим билан кўришдим. Машғулотлардан кейин бироз гаплашдим ва хаёлимдан ўтди: «Тўхта, ахир бу ажойиб йигит-ку? Муаммо нимада?»

Аслида, футболда ҳам, унинг ташқарисида ҳам яқин дўстларим кам. Кимдир билан яқин бўлишим учун жуда кўп вақт керак бўлади одатда. Биз Раҳим билан дўстлашиб кетдик, сабаби, болаларимиз бир пайтда дунёга келганди. Шу тариқа мен уни, анча ақлли ва самимий инсонни яқиндан таний бошладим. У газеталарда ёзиладиган Раҳимдан бутунлай фарқ қилади. Ҳақиқий Раҳим мен футболда учратган энг яхши, камсуқум инсонлардан биридир.

Бир куни гаплашиб ўтирганимизда, Раҳим тўсатдан, «ўртоқ, сени илгари умуман бошқача тасаввур қилгандим. Қанақадир уятчан, ғалати болага ўхшардинг. Унақа эмас экансан-у?», деб қолди.

«Ҳа, мен унчалик ҳазилкаш эмасман»

«Ҳа. Мен ҳақимда қанақа ўйлагандинг?»

«Ростини айтайми? Анча кибрли деб билардим»

«Ие, тентакмисан?»

«Ўзинг-чи? Мен ғалати эканман-да?».

Бу ҳам бир дарс. Тажрибамдан келиб чиқсак, футболчилар сиз ўйлагандан ёки у ҳақида ёзилганларидан анча фарқли бўлиб чиқишлари мумкин. Айниқса, яқиндан танишганингда...

Мен бироз ғалати кўринганимнинг ҳам сабаби бор. 16 ёшимдан доим бошимда қора булутлар турарди. Мен сизларга ўз ҳикоямни айтиб бераман, лекин илтимос, ўзим ҳақимда гапириш мен учун энг қийин нарса эканини ҳам ҳисобга олинг. Мен сизлар билан соатлаб футбол ҳақида гаплашишим мумкин, лекин шахсий ҳаёт ҳақида борганда, менга қийин...

Табиатим шунақа. Ўйлайманки, баъзиларингиз мени яхши тушунасизлар.

Болалигимда жуда сокин ва уятчан бўлганман. Дўстларим ҳам бўлмаган. Фақат футбол ёрдамида «гапирардим», майдон ташқарисида шу қадар ёпиқ эдимки, мендан бирорта сўз ололмасдингиз. Майдонда эса, жуда қизиққон бўлганман. Давид Сильвага «мен ҳам гапирсам майлими?» деб бақирганим видео бор эди-ку интернетда.

Кўпчилик мазза қилиб кулганди, биласизми, болаликдаги воқеалар билан солиштирса, бу оддий суҳбат, холос.

Ёшлигингда баъзи ҳаракатларинг бошқалар томонидан бошқача тушунилишидан кўп азият чекасан, мен бу йўлни энг оғир томондан босиб ўтганман. Ўн тўрт ёшимда ҳаётимни ўзгартириб юборган муҳим қарорни қабул қилганман. Менда Генк академиясига кириш имконияти туғилганда, рад этмадим. У ер Бельгиянинг нариги чеккасида бўлса-да, ота-онамга айтдим ва бир ўзим отландим.

Балки кўпчилик учун ўн ёшда бундай ўзгаришга рози бўлиш, айниқса, мен каби, ҳатто ўз шаҳрида ҳам ёпиқ ҳаёт кечирган бола учун, тентаклик туюлар, аммо менинг ҳам жавобим бор – футбол ўйнаганимда қолган барча нарсалар кейинги даражага айланарди. Содда қилиб айтганда, бу менинг ҳаётим.

Дастлабки йили оддий ётоқхонада, биттагина каравот, стол ва раковинаси бўлган кичкина хонада яшадим. Кейинги мавсумда эса, бир оила уйига олиб кетди. Бизга ўхшаган болаларга яқин атрофдаги оилалар уйидан жой берар, боқар, клуб эса уларга бунинг учун пул тўларди. Мен икки шеригим билан бир хонадонда яшай бошладик. Ҳаёт тарзимиз бирмунча яхшиланди.

Асосий вақтимни якка ўзим хонада ўтказар, лекин ҳаммаси жойида эди. Мактабда яхши ўқийман, кўчада узоқ юрмайман, жанжаллар, уришлар йўқ. Муаммо йўқ. Йил тугагач эса, нарсаларимни йиғиштириб, «оилам» билан хайрлашдим.    

«Таътилдан кейин учрашамиз. Яхши дам олиб келгин», – деб кузатиб қўйишди улар.

Аммо уйга келишим билан онамнинг йиғлаб ўтирганини кўрдим. Мен кимдир вафот этибдимикин, деб қўрқиб кетдим ҳам.

«Нима бўлди?»

Онамнинг жавоби менинг кейинги ҳаётимда жуда муҳим рол ўйнади.

«Улар сен қайтишингни хоҳлашмаяпти»

«Нималар деяпсиз?»

«Сен яшаган хонадон эгалари у ерга яна боришингни исташмаяпти»

«Нима? Нима учун?»

«Шунақа бўлганинг учун. Айтишларича, сен жудаям жим юрар экансан. Сен билан муомала қилиш қийин экан. Характеринг оғир экан».

Мен ҳайрон қолдим. У оила менга умуман бу ҳақида оғиз очмаганди, ҳеч қандай муаммо бўлмаганди. Мен ўз хонамда яшар, ҳеч кимни безовта қилмасдим. Кетаётганимда қўл силкиб кузатишди, ҳаммаси жойида эди. Кейин эса, клубга бориб, мени рад қилишибди. 

Бу менинг фаолиятимга ҳам таъсир кўрсатиши мумкин эди. Чунки клубда мен юлдуз эмасман, бундай гаплар клубдагилар учун ҳам ёқмаслиги тайин. Энди улғаяётган пайтимда характерим оғир экани уларни ҳам ўйлантириб қўйиши табиий. Клуб оиламга бошқа хонадонга мен учун пул тўламасликларини айтишди ва мен яна эски ётоқхонага қайтишга мажбур бўлдим. Бу худдики, ахлоқсиз болалар учун мўлжалланган интернатга ўхшарди.

Онамнинг йиғлагани, мен эса тўпни олиб, кўчага, бир ўзим тўп тепадиган ҳовлига чиқиб кетганим эсимда. Биргина сўз менинг қалбимга қаттиқ муҳрланди – «шунақалигинг учун!». Бу сўзлар тинмай миямда чарх урар, соатлаб тўп тепиб, ўзимга ўзим айтардим: «Ҳаммаси яхши бўлади, икки ой ўтиб мен биринчи жамоага ўтаман. Уйга омадсиз сифатида қайтмайман. Нима бўлсаям».

Таътилдан сўнг Генкка қайтдим. Тўғриси, у ерда ҳеч ким эмасдим. Аммо машғулотларга зўр бердим. Ичимдаги оташни сўндириб бўлмасди. Ҳаммаси ўзгарган ўша кунни эслайман. Жума куни эди. Ўйинни захирада бошладим, иккинчи бўлимда майдонга тушганимда эса, жинни бўлиб қолгандим. 

Биринчи гол!

«Улар сени исташмаяпти!»

Иккинчи гол.

«Сен ҳаддан ташқари сокин экансан»

Учинчи гол.

«Характеринг жуда оғир, дейишибди»

Тўртинчи гол.

«Улар сени исташмаяпти»

Бешинчи гол.

«Шунақа бўлганинг учун»

Бир бўлимда бешта гол уриб ташладим. Шундан кейин кўп нарса ўзгарди. Ростан ҳам икки ой ўтмасдан, биринчи жамоага ўтишни уддаладим. Табиийки, клуб ҳам уйимдагиларга, янги хонадон учун тўлов қила олишини хабар берди. Ҳаммаси яхши бўлган пайтда бошқаларнинг сенга бўлган муносабати ҳам ўзгаришини кўриш, ҳақиқатан ҳам, жуда қизиқ.

Айтдим-ку, барибир тепамда доим қора булутлар айланаверган. «Генк»нинг ёш ўйинчиси бўлиб юрганимда ва ҳатто «Челси»га ўтган пайтларимда ҳам, Бельгия матбуотида мен ҳақимда салбий фикрлар чиқишда давом этарди. Кўпинча, ўша мени рад қилган оилани эслашар ва менинг оғир характерли эканимга урғу беришарди.

Бир томони ҳақиқат, ростдан ҳам мен баъзида портлаб кетаман, айниқса, майдонда. Ўзимни босиб туриб, бирданига ўзимни йўқотиб қўяман ва одатда беш сония ўтиб яна хотиржам тортаман. Буларнинг ҳаммасига сабаб битта – футбол ўйнашни жуда хоҳлайман.

«Челси»далигимда Жозе Моуриньо билан ёмон муносабатимиз ҳақида ёза бошлашди. Аслида, у билан фақат икки марта гаплашганман, холос.

2012 йилда мен «Вердер»га ўтдим ва мавсумни жуда яхши ўтказдим.

Ёзда «Челси»га қайтганимда, бир қатор немис клублари мени сотиб олишга рози эди. Клопп мени «Боруссия»да кўришни истади, чунки уларнинг ўйин услуби менга жуда мос тушарди. Шунинг учун мен ҳам «Челси» мени қўйиб юборишини истадим.  

Кейин Моуриньо менга «Сен қоласан. Жамоамнинг бир бўлаги бўлишингни истайман», деб смс юборди. Яхши. Демак, мен унинг режаларида борман. Зўр.

Йиғинларда ҳаммаси яхши эди. Мавсум бошидаги илк тўрт ўйиннинг иккитасида асосий таркибда майдонга тушдим ва ҳаммаси жойида деб ўйлай бошладим. У қадар зўр ўйнамаган бўлишим мумкин, лекин яхши ўйнадим. Лекин тўртинчи ўйиндан кейин ҳаммаси тугади. Захирага михландим ва менга бошқа имкон тақдим этилмади.

Ҳа, ўзимдаям хатолар бўлди. АПЛ футболчиси ўзини бундай вазиятларда қандай тутиши кераклигини билмасдим. Мухлислар кўп нарсани билишмайди, масалан, агар мураббийнинг режаларида бўлмасанг, машғулотларда сенга унчалик эътибор қаратишмайди. Худди шу ҳолатга ҳозир тушсам, менга муаммо эмас, ўзим шуғулланиб ҳам, керакли формани ушлаб тура оламан. Аммо 21 ёшда бу ҳақида билмайсан. «Суиндон Таун»га қарши кубок учрашувида менга яна бир имконият берилганда, формадан чиқиб кетиб қолгандим. Бу мен учун якун эди.

Декабрда Жозе мени хонасига чақирди ва айтишим мумкинки, ҳаётимдаги иккинчи бурилиш нуқтаси рўй берди. У олдига бир қатор қоғозларни қўйиб олганди ва бирини ўқий бошлади.

«Бир тўп узатиш. Гол йўқ. Ўнта тўп эгаллаш».

Унинг нима қилаётганини англадим. Кейин у бошқаларнинг статистикаларини келтира бошлади. Виллиан, Оскар, Мата, Шюррле... «Беш гол, 10 узатиш...» шу каби...

Жозе мендан изоҳ кутаётганди ва мен айтдим.

«Аммо буларнинг аксарияти 15-20 ўйинда қатнашди, мен эса, атиги уч ўйинда ўйнадим. Кўрсаткичлар фарқ қилиши табиий-ку?».

Ғалати. Биз бироз гаплашдик ва мени яна бирор жамоага ижарага бериш керак, деган тўхтамга келинди. Мата ҳам унинг режаларига кирмасди ва Жозе айтдики, агар Мата сотилса, мен олтинчи эмас. бешинчи танлов бўларканман.

«Мен клубга керак эмаслигимни ҳис қилиб турибман. Мен футбол ўйнамоқчиман. Сотиб юборсангиз яхши бўларди» – мен имкон қадар ростини айтдим.

Менимча, Жозега бу ёқмади, лекин назаримда, мен ўйнашим кераклигини ҳам тушуниб турарди. Оқибатда «Челси» мени сотишида муаммо туғилмади. Лондонликлар менга сарфланган пулдан икки баробар кўпроқ пул олишди ва шу тариқа «Вольфсбург»га бориб қолдим.

У ерда ҳаммаси ўзгариб кетди. Фақат футболда эмас. Ёнимда бўлажак рафиқам ҳам бор эди. Унинг ёрдамида кўп жиҳатдан шаклландим. Айтиб бергани бироз уяляпман, аммо у билан қандай танишганимиз ҳам қизиқ. Майли, ҳеч нарсани яширмасликка ваъда берганим учун ҳам айтаман.

Биргина твитдан бошланди. У пайтда ҳали «Вердер»да ижарада ўйнар, твиттерда ҳам бир неча минг фолловерим бор эди, холос. Ўйин ҳақидами, бошқами, нимадир ёздим ва бир чиройли қиз «лайк» босди. Ёнимда ўтирган шеригим буни кўриб қолди ва менга у қиз жуда чиройли эканини ва жавоб ёзишим кераклигини айта бошлади.

«Йўқ, йўқ. Мен ёқимтой эмасман. Одамлар мени тушунмайди. У қиз жавоб ҳам бермаса керак» деб қўрқдим.

У телефонимни олиб қўйди ва ўзича бир нималар деб ёза бошлади. «Нима қилай, жўнатайми?»

Йўқ, десам, худди қўрқоққа ўхшаб қолардим. Хўп, жўнатавер. Тасаввур қилинг, ўзимча катта футболчи бўлмоқчиман, лекин битта қизга смс жўнатгани дадиллик етишмайди. Бахтимга, смс кетди ва у менга жавоб берди. Биз бир неча ой ёзишиб юрдик. У ҳаётимни ўзгартириб юборди, очиғи, усиз қандай яшар эдим, билмайман. Афсуски, одамлар футболчиларнинг рафиқалари ҳақида анча енгил таассуротда бўлишади, аммо рафиқам ҳаётимдаги энг муҳим инсондир. У 19 ёшида менинг орзуларимни руёбга чиқариш учун мен билан кетганди ва мана шу йўлимда у доим ёнимда турган.

2015 йилги трансфер ойнаси пайтида биз илк фарзандимизни кутаётгандик. «Манчестер Сити», «ПСЖ» ва «Бавария» мени ўз сафида кўришни истар, лекин бу оиламиз учун жуда оғир пайтлар эди. Фарзанд кутаётган ёш оиламиз ва биз қаерда яшашимиз ҳақида бирор аниқ гап йўқ, чунки трансферим борасида мавҳумлик ҳукм сурарди. Икки ҳафта давомида агентим менга бир сафар «ҳаммаси ҳал бўлган» деса, эртасига «тўхта, келишув йўқ бўлди» деб турарди.

Булар рафиқамга таъсир қилди. Бир куни эрталаб у ўзини жуда ёмон ҳис қила бошлади. Нима қилишни билмасдик. Балки ҳомилага бирор нарса бўлдими, деб қўрқа бошладик. Рафиқам оғирлашди, қон кета бошлади. Менимча, ҳаётимдаги энг ёмон дақиқалар эди – касалхонага бордик, боламизни йўқотдик, деб ўйлай бошладик. Мен палата эшиги тагида ўтирар, қўлимдан ҳеч нарса келмасди. Шу ўтирганда трансфер ҳақида ўйлай бошлайсан ва ҳаммаси остин-устун бўлиб кетади. Хайриятки, боламизга ҳеч нарса қилмади, ҳаммаси яхши якун топди.     

Оиламсиз қандай яшардим, билмайман. Мен билан содир бўлган барчаси, футболдаги ютуқларим ҳам аслида, рафиқам ва болаларим билан солиштирганда ҳеч нарса. Ўша кун навбатдаги туб бурилиш нуқтаси бўлди. Тушундимки, футбол ҳаёт ва мамот масаласи эмас экан. То рафиқамни учратиб, оила қуриб, фарзандлар кўрмагунимча, 23 йил мен шундай ўйлаб келганман, лекин энди, ҳеч қаерга якка ўзим боришим керак эмаслигини тушундим. Оила – ҳамма нарса.

«Манчестер Сити»га ўтганимдан кейин ҳаммаси зўр бўлиб кетди. Айниқса, Пеп. Биз ўхшаш одамлармиз. Ростини айтганда, у мендан баттар футбол жинниси. Биз – футболчилар, ўйин пайтида жуда кучли психологик стрессни бошдан кечирамиз, аммо ўйлашимча, Пеп биздан икки баробар кўп сиқиларди. Чунки у учун фақат ғалаба кифоя қилмасди, у доим мукаммалликка интиларди.

У билан илк учрашганимда у мени ёнига ўтиришга таклиф қилди ва айтди: «Кевин, мени тингла. Сен бемалол дунёнинг энг яхши беш футболчисидан бири бўлишинг мумкин. Энг яхши бешталик. Бемалол».

Пеп бу гапларни шу қадар ишонч билан айтдики, менинг руҳиятим ўзгариб келди. Менимча, у - даҳо. Чунки энди мен унинг ҳақ эканини исботлашни хоҳлаётгандим.

Одатда футбол – қўрқув ва негатив. Аммо Пеп билан ҳаммаси фақат ижобий тус олади. У ўз олдига эришиш умуман иложсиз бўлган бир қатор мақсадлар қўяди. У тактика қироли, тўғри, аммо кўпчилик унинг қай даражада босим остида бўлишини, бу босимни Пепнинг ўз ўзига қўйиб олишини, мукаммаллик йўлида қандай яшашини билишмайди.

Мавсум мен учун қийин кечди. Жароҳатлар, ўтказиб юборилган ўйинлар, осон эмас. Ўйинни томошабинлар қаторида томоша қилиш мен учун барча қийноқлардан ҳам оғирроқ.

Рафиқам ҳам буни тасдиқлайди – унинг айтишича, менинг ақлим жойида эмас. Биз бирга етти йил яшадик ва у ҳеч қачон менинг йиғлаганимни кўрмаган. Ҳатто таъзияларда ҳам йиғламайман. Лекин «Фулҳэм» билан ўйинда тиззамдан жароҳат олганимда, шифокорлар қанчадир вақт майдонга туша олмаслигимни айтишди. Даҳшат. Ҳатто ўз кийимингни бировнинг ёрдамисиз кия олмаслигинг. Оғир дамлар эди. Ўша пайтларда хотиним иккинчи фарзандимизни кутаётганди.

У туғруқхонадан қайтганида қўнғироқ қилдим ва бу янгиликни айтмоқчи бўлдим.

«Бола қалай? Ҳаммаси жойидами?»

«Ҳаммаси яхши. Сен йиғлаяпсанми?».

Менимча, кўзимда ёш ҳам бор эди.

«Ҳа, менда ёмон янгилик бор», – дедим мен, - «Яна тиззам. Бир неча ҳафта майдонга туша олмас эканман. Хуллас, энди уч болага ўзинг қарашингга тўғри келади».

Шу гапларни айтаётиб, ростдан ҳам йиғлаб юбордим. Бу нима эди билмайман, ўғлимиз туғилгани учунми ёки майдонга туша олмаслигимми... Билмадим, лекин телефон камерасига қараб ҳўнграб ўтиришим, ростдан ҳам кулгили чиққан бўлса керак.

Хотиним кўзларига ишонмасди.

«Сен тўйимиз куни йиғламадинг. Ўғилларинг туғилди, йиғламадинг, кечагина туғилди ахир?!»

Назаримда, ортиқча гапга ҳожат йўқ. Тўй, ўлим, туғилиш? Ҳеч нарса. Мен қояман. Аммо мендан футболни тортиб олсангиз. Йўқ, чидолмайман. 

Мавзуга оид