Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Де Брюйне «Сити»дан кетаётганини эълон қилди
Унинг «шаҳарликлар» билан 10 йиллик саргузаштлари поёнига етди.
Фото: Голубович Дмитрий, «Чемпионат»
Белгиялик яримҳимоячи Кевин Де Брюйне ҳиссиётли постида «Манчестер Сити»нидан кетаётгани ҳақида маълум қилди. Жорий мавсум унинг учун «шаҳарликлар» сафидаги охиргиси бўлади.
«Қадрдон Манчестер!
Бу [мактуб]ни кўриб, ҳаммаси нимага қараб кетаётганини тушунган бўлсангиз керак. Шунинг учун дарҳол мақсадга ўтаман ва барчангизга шуни маълум қиламанки, бу ойлар «Манчестер Сити»даги футболчилик фаолиятимнинг сўнгги ойлари бўлади.
Бу ҳақида ёзиш жуда оғир. Ҳар бир футболчи бу кун албатта келишини билади. Ва бу кун келди – сиз бу ҳақида биринчилардан бўлиб эшитишга лойиқсиз.
Футбол мени сизга – шу шаҳарга, шу клубга, шу одамларга олиб келди. Мен орзуларим ортидан қувиб юрган эдим, лекин бу йўл ҳаётимни бутунлай ўзгартиришини тасаввур ҳам қилмаганман. Бу шаҳар. Бу клуб. Бу одамлар... менга БАРЧАСИни берди. Мен ҳам буни эвазига БОРИМни бердим. Биласизми – биз БАРЧАСИга эришдик.
Сизга ёқса ҳам, ёқмаса ҳам, хайрлашиш вақти келди. Манчестер фақат фарзандларимизнинг паспортида эмас, балки ундан ҳам муҳими – юрагимизда абадий қолади. Бу жой ҳар доим бизнинг уйимиз бўлиб қолади. Шаҳарга, клубга, ходимларга, жамоадошларимга, дўстларимизга ва оиламизга 10 йиллик саргузаштлар учун ҳар қанча миннатдорчилик билдирсак оз.
Аммо ҳар бир ҳикоянинг якуни бор. Бу боб – энг яхшиси бўлди. Келинг, бу сўнгги лаҳзалардан биргаликда роҳатланайлик.
Чексиз муҳаббат билан, сизнинг Кевинингиз», дейилади футболчининг постида.
Белгиялик футболчи «Сити»да 2015 йилдан буён тўп суриб келаётганди. Бу вақт давомида у клуб учун барча турнирлар доирасида 413 ўйин ўтказиб, 106 гол урди ва 174 голга узатма берди. Жамоаси билан у олти бор АПЛ ғолиблиги, икки марта Англия Кубоги, уч марта мамлакат Суперкубоги, беш марта Англия лигаси кубогини қўлга киритди, шунингдек 2023/24 йиллар мавсумида Чемпионлар лигаси ғолиби бўлди.
33 ёшли футболчининг «Манчестер Сити» билан шартномаси 2025 йил 30 июнга қадар эди ва томонлар уни узайтирмайдиган бўлди. Футболчи жорий мавсумнинг аксар ўйинларини жароҳатлар туфайли ўтказиб юбораётганди.