Спорт | 17:47 / 03.05.2019
13894
12 дақиқада ўқилади

Сараги саракка, пучаги пучакка - кучли бешликда мавсум якунланмоқда. Ҳафта ўйинлари анонси

Бу сафар анонсни бироз бошқача тайёрладик, зеро айни палладан бошлаб учрашувларнинг афишасига эмас, турнир жадвалига қараб тавсия этамиз. Бу паллада баъзи топ-жамоалар ўз мақсадларига эришиб ёки эришолмай, келаси мавсум учун тайёргарликни бошлашади, ёш ўйинчиларга имкон беришади, бошқа жамоалар учун эса, очколар сув ва ҳаводек зарур бўлади. Бу паллада юлдузли «Эвертон»дан кўра, «Брайтон» хавфлироқ рақибга айланиб қолади. Демак, кучли бешликдаги асосий интригалар ҳақида.

ИСПАНИЯ

Мавсум тугашига 3 тур қолди ва бу ерда дастлабки уч ўрин соҳиблари ҳам, чемпион ҳам аниқ бўлиб улгурди. Лекин Ла Лигада интрига бутунлай тугади, деб айтиш қийин. Зеро, Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун бериладиган 4-ўрин учун кураш ва шунингдек, лигада ўз ўрнини сақлаб қолишга ҳаракат қилаётган аутсайдерлар ўртасидаги рақобат ҳам давом этяпти.

Назарий томондан «Атлетик»да ҳам имконият бўлса-да, ЕЧЛ йўлланмаси учун амалда уч жамоа – «Хетафе», «Севилья» ва «Валенсия» кураш олиб боришмоқда. «Валенсия» 52, яъни рақибларидан уч очко камроқ жамғарган. «Севилья» бугун, 3 май куни (23:55) ўз майдонида «Леганес»ни қабул қилса, якшанба куни соат 15:00да «Хетафе» Мадридда «Жирона» билан куч синашади. «Валенсия» эса якшанба куни «Уэска» меҳмони бўлади. Ўйин соат 23:45да бошланади.

Қизиғи, 4-ўрин учун курашаётган ҳар уч жамоанинг рақиби Лигада қолиш учун рақобат қилаётган жамоалардир. «Леганес» 42 очко тўплаб, хавфли зонадан етарлича узоқлашди ва қолган уч турда 2 очко олса кифоя. «Уэска» эса аксинча, 31 очко билан турнир жадвалида энг охирги поғонада бормоқда ва биргина ўйинда очко йўқотса, расман Ла Лига билан хайрлашади. «Хетафе» меҳмони бўладиган «Жирона» эса, «Вальядолид»дан 2 очкогина кўп жамғарган ҳолда 16-ўринни эгаллаб турибди. Демак, каталонияликлар учун ҳар бир очко сув ва ҳаводек зарур бўлади.

Мана шу уч ўйин, ҳамда «Вальядолид»нинг «Атлетик»ка қарши ўйини сўнгги турлар олдидан турнир жадвалидаги ҳолатга жиддий таъсир кўрсатади ва ҳар икки курашдаги фаворитларни аниқ белгилаб беради.

АНГЛИЯ

Англиядаги бу йилги чемпионлик рақобати ажойиб кечмоқда. 90дан кўп очко жамғариб ҳам совринсиз қолиш ҳолати АПЛ тарихида биринчи марта рўй берадиган бўлди. Параллел равишда ўз ўйинларини ютиб келаётган «Манчестер Сити» ва «Ливерпуль» шундай ўйнашда давом этса, ўртадаги 1 очколик фарқ сақланиб қолади ва Гвардиола жамоаси қаторасига иккинчи марта мамлакат чемпионига айланади. Англияда бундай ҳолат, яъни икки мавсум кетма-кет чемпионликка эришиш 2009 йилдан бери рўй бермаётганди. «Ливерпуль» бу турда «Ньюкасл» меҳмони бўлса, «Манчестер Сити» «Лестер»ни қабул қилади.

«Ливерпуль» 2013 йилда «Ньюкасль» меҳмони бўлган ва 6:0 ҳисобида ғалаба қозонган. Буни эсдан чиқармаслик керак, чунки бугунгача ушбу ғалаба «қизиллар»нинг «Сент Жеймс Парк»даги сўнгги ғалабасидир. Шундан кейинги ўйинлар икки марта дуранг ва икки марта мезбонлар ғалабаси билан тугаган. Демак, бу сафар ҳам Клопп шогирдларига осон бўлмаслиги тайин. Зеро, «Камп Ноу»да қийин ўйиндан қайтган «Ливерпуль» жисмоний томондан ҳам рақибига бой бериши мумкин. Агар бу ўйинда меҳмонлар очко йўқотадиган бўлишса, чемпион номи расман шу турда, «Манчестер Сити» – «Лестер» ўйинида ҳам аниқланиши мумкин.

Яна бир кураш ЕЧЛ йўлланмаси, яъни 3-4 ўринлар учун бормоқда. Тўрт жамоа назарий томондан имкониятга эга. «Тоттенҳэм» (70 очко) катта эҳтимол билан тўртликда қолади, «Манчестер Юнайтед» (65) шунча эҳтимол билан четда қолиб кетади. Мос равишда 68 ва 66 очкодан тўплаган «Челси» ва «Арсенал» эса, сўнгги йўлланма учун кураш олиб боради. Қизиғи, мана шу икки жамоа Европа Лигаси финалига чиқишга ҳам яқин турибди. Финал ғолиби эса, тўғридан-тўғри ЕЧЛ йўлланмасини қўлга киритади. Демак, АПЛда енгилган жамоа Европа Лигасини ютса, бу йил ҳам ЕЧЛда АПЛдан беш жамоа иштирок этиши эҳтимоли бор.

Лигани икки жамоа расман тарк этиб бўлган. Учинчиси «Брайтон» ва «Кардифф»дан бири бўлади. Бу ерда ҳам қизиқ ҳолат вужудга келган. «Брайтон» рақибидан 4 очко кўп очко жамғарган бўлса-да, жамоа охирги икки турда «Арсенал» ва «Манчестер Сити»га қарши ўйинларда майдонга тушади, яъни бу ўйинларда 1 очко қўлга киритиш ҳам жуда қийин. «Кардифф» эса, бу турда «Кристал Пэлас»ни енгиш орқали рақибига яқинлашиб олиши мумкин. Катта эҳтимол билан бу кураш ҳам сўнгги тургача давом этади.

ИТАЛИЯ

А Серияда навбатдаги мавсум тугашига 4 тур қолганда ЕЧЛнинг сўнгги йўлланмаси учун биратўла 5 жамоа навбатда турибди ва айнан мана шу рақобатга жиддий таъсир кўрсатадиган бир қатор ўйинлар 35-турда бизни кутмоқда.

Биринчиси, Турин дербиси. Олти ўйинни мағлубиятсиз ўтказган ва ўтган турга «Милан»ни ишончли тарзда таслим этган «Торино» 4-ўриндан уч очко ортда бормоқда. Хўш, аллақачон чемпионлик масаласини ҳал қилган «Ювентус» ҳамшаҳарларига йўл берадими ёки азалий рақобат қўшимча интрига яратиб, «Торино»ни бу курашдан улоқтириб ташлайдими?

Иккинчиси, Римда, «Лацио» ва «Аталанта» ўртасида кечади. «Аталанта» сўнги турларни барқарор ўтказиб, 4-ўринга кўтарилиб олди ва жамоа ҳисобида 59 очко бор. «Рома»да 58, «Торино» ва «Милан» ҳисобида 56тадан очко мавжуд. Бу ўйин «Лацио» учун сўнгги имконият – римликлар ғалаба ёрдамида очколар сонини 58тага етказишлари ва «Аталанта»га яқинлашиб олишлари мумкин. Бошқача натижа эса, римликларни нафақат Чемпионлар Лигаси умидидан, балки Европа Лигаси йўлланмасидан ҳам маҳрум қилиши мумкин.

«Кьево» расман, «Фрозиноне» эса амалда А Серияни тарк этиб бўлган. 18-ўрин атрофида «Эмполи» ва «Удинезе» жойлашишган ва лигада қолиш учун кураш айнан шу икки жамоа ўртасида кечадиган кўринади. Эртага соат 23:30да бўлиб ўтадиган «Удинезе» – «Интер» ўйини ҳам тавсия қилинади, зеро «Интер» ҳам ўзини бутунлай хавфсиз ҳис қила олмайди. 62 очко тўплаган Спаллетти шогирдлари бир мағлубият билан пастдаги «эшелон»ни ўзига жуда яқин келтириб қўйиши мумкин.

Демак, А Серия ҳали тугамади ва шиддатли баҳсларни томоша қилишда давом этамиз.

ГЕРМАНИЯ

«Боруссия»нинг дербидаги мағлубиятидан «Бавария» фойдалана олмади ва Ковач шогирдлари Нюрнбергда дуранг ўйнаб, ўртадаги фарқни ошира олишмади. Бу эса, Бундеслигада чемпионлик саволи сўнгги турларгача давом этиши мумкинлигини англатади. 32-турда «Бавария» Бундеслигани аллақачон тарк этган «Ҳанновер»ни қабул қилса, «Боруссия» «Вердер» меҳмони бўлади. «Вердер» учун турнир мотивацияси деярли қолмаган, жамоа жадвалнинг ўрталарида, хавфсиз ҳудудда жойлашган бўлса-да, пешқадамлар, айниқса, «Боруссия» билан ўйинларда бременликлар жуда кескин қаршилик кўрсатишади. Сўнгги икки йилда бу жамоалар ўртасидаги ўйинларда 4:3 ва 3:3 ҳисоблари қайд этилгани кўп нарсани англатади.

Чемпионликдан ташқари, бу ерда ҳам ЕЧЛ ўринлари учун кураш қизғин кетмоқда. Дастлабки уч ўрин соҳиби аниқ, охирги йўлланма учун эса, биратўла беш жамоа даъвогарлик қиляпти. Эътиборга молик жиҳати, шу беш жамоанинг тўрттаси шу турда бир-бири билан тўқнаш келади. Менхенгладбахнинг «Боруссия»си ўз майдонида «Ҳоффенҳайм»ни қабул қилса, «Айнтрахт» Леверкузенда «Байер» меҳмони бўлади. Бошқа тарафдан ЕЧЛ учун курашаётган немис жамоаларининг ростан ҳам ўша турнир учун салоҳиятини ҳам қайта кўриб чиқишмаса бўлмайди. Масалан, ЕЧЛда гуруҳ босқичидан ўтишни уддалаган «Шальке» ички фронтда муаммоларга дуч келди ва Бундеслигани тарк этувчи хавфли зонага тушиб кетишига сал қолди. Чемпионлар Лигасидаги 0:7 ҳисобидаги мағлубият ҳам асло Бундеслиганинг обрўсини кўтармайди, албатта.

БОШҚАЛАР

Бундан ташқари, кейинги ўринлардаги чемпионатлар ҳам якунига етиб бормоқда. Баъзи чемпионатларда кураш қизғин паллага кирган, баъзиларида совриндорлар расман аниқланиб бормоқда.

Францияда ўринлар деярли тақсимланган, фақат «ПСЖ» кетма-кет муваффақиятсизликларини қандай оқлаши қизиқ. Жамоа сўнгги 6 ўйинида 3 бор мағлуб бўлди ва 2 бор дуранг ўйнади.

Россияда «Зенит» шу ҳафта чемпионликни расмийлаштириши мумкин. Бунинг учун Тулага «Арсенал» қарши ўйин учун сафар қиладиган «Локомотив» очко йўқотиши, питерликлар эса Грознийда ғалаба қозонишлари керак бўлади.

Туркияда «Бешиктош» ва «Галатасарой» ўртасида Истанбул дербиси бўлиб ўтади ва бу ўйин кўпроқ шаҳарнинг бошқа жамоаси «Истанбулспор»га қўл келиши мумкин. «Бошоқшеҳирликлар» асосий рақибларининг ўзаро ўйинидан фойдаланиб, турнир жадвалида пешқадамликни янада мустаҳкамлаб олишлари мумкин.

3 май
«Ювентус» – «Торино» (23:30), «Севилья» – «Леганес» (23:55)
4 май
«Борнмут» – «Тоттенҳэм» (16:30), «Бавария» - «Ҳанновер» (18:30), «Боруссия» М – «Ҳоффенҳайм» (18:30), «Ахмат» – «Зенит» (18:30), «ПСЖ» – «Ницца» (20:00), «Арсенал» – «Локомотив» (21:00), «Вердер» – «Боруссия» Д (21:30), «Удинезе» – «Интер» (23:30), «Ньюкасл» – «Ливерпуль» (23:45), «Сельта» – «Барселона» (23:45).
5 май
«Хетафе» – «Жирона» (15:00), «Челси» – «Уотфорд» (18:00), «Лацио» – «Аталанта» (18:00), «Ҳаддерсфилд» – «Манчестер Юнайтед» (18:00), «Реал» – «Вильярреал» (19:15), «Арсенал» – «Брайтон» (20:30), «Байер» – «Айнтрахт» (21:00), «Женоа» – «Рома» (21:00)
6 май
«Милан» – «Болонья» (23:30), «Манчестер Сити» – «Лестер» (23:55).

Мавзуга оид