Жамият | 23:25 / 04.05.2019
107040
8 дақиқада ўқилади

«Санамай саккиз деманг»: автомобиллар чироғини кундузи ёқиб юриш масаласи юзасидан мунозара

Асл ғаввос бўлсанг дурни кўргайсан,

Соф бўлсанг, кетар чоғ ҳурни кўргайсан.

Ҳаммаёқ зулмат, деб шикоят қилма —

Ўзингда нур бўлса, нурни кўргайсан.

Машҳур режиссёр Георгий Данелиянинг «Афоня» номли комедия жанридаги фильмини ҳамма билади. Қайта-қайта томоша қилсангиз ҳам зерикмайсиз. Шу фильм қаҳрамонини ишхонасида безорилиги учун муҳокама қилишадиган жойи бор. Минбарда ўтирган раҳбар милициядан келган хатни ўқиб эшиттиради ва йиғилганлардан фикр билдиришларини сўрайди. Ҳеч нарсани эшитмай газета ўқиб ўтирган ходимни орқа томонида ўтирган ходим секингина туртиб, «сен гапир» дейди. У ўрнидан туриб бутунлай бошқа нарса тўғрисида гапиради. Раҳбар «Боршов тўғрисида нима дейсан», деб сўрайди. Орқадаги ходим ташаккур билдириш керак, деб унга айтади. У ҳам бир оз гарангсиб, ташаккур эълон қилинсин, деб юборади. Залда енгил кулгу кўтарилади.

Фильмда масаланинг моҳиятини тушуниб етмасдан, бошқа бировнинг гапи билан фикр билдириш кулгули қилиб кўрсатилади.

ЎзА журналисти Шерали Отабоевнинг Uza.uz сайтида эълон қилинган мақолаcини ўқиб юқоридаги фильмни эсладим. Тўғри, ҳар бир ҳолат юзасидан ҳар ким ўз фикрини билдириши мумкин. Танқид қилиш ҳам фойдадан холи бўлмайди, қачонки у асосли ва аниқ мақсадларга йўналтирилган бўлса. Аммо мақола билан танишиб чиқиб, у юзаки, ҳеч қандай далилларга асосланмаган ҳолда, фақатгина кўча-кўйда эшитилган гаплар асосида ёзилганга ўхшайди, деган фикрга келдим.

Мустақилликка эришган дастлабки йилларда республикамиз ҳудудида 16–17 мингтагача йўл-транспорт ҳодисалари қайд этилар эди. 2018 йилга келиб бу кўрсаткич 8-9 мингтагача камайди. Эътибор қилинг: тенг ярмига камайди. Мамлакатимиз фуқаролари ва уларга тегишли бўлган автомототранспорт воситаларининг сони кундан-кунга ошиб бораётган бир шароитда! Ўтган асрнинг 90-йилларидаги автомототранспорт воситалари сони ҳозирги кунга келиб бир неча баробарга ошиб кетди.

Йўл-транспорт ҳодисалари эса ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш ишлари самарадорлиги ошиб бораётганлиги, қонун-қоидаларимиз замон талаблари даражасида қайта ишланиб, тўлдириб борилаётгани эвазига камаймоқда. Айниқса, сўнгги йилларда бу борада жуда катта ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Мана, бир мисол: Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси йўл хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ва ушбу қарор билан тасдиқланган «2018–2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепцияси» ва «2018–2019 йилларда Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепциясини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» соҳада улкан ўзгаришлар, тизимда туб бурилиш ясашга хизмат қилмоқда.

16 минглик кўрсаткичнинг 8 мингга камайиши ана шу каби ишлар самарасидир. 8–9 мингта йўл-транспорт ҳодисаси деган сўз оғзимизнинг бир чеккасидан чиқиб кетади. Аммо бу рақамларга 8–9 минг инсон деб қарасак, масаланинг моҳияти анчайин ойдинлашади.

Муаллиф «Мутасаддиларнинг фикрича, кундузи чироқ ёқиб юриш йўл транспорт ҳодисаларини 15 фоиз камайишига олиб келар экан. Ҳайдовчиларнинг ҳаётини ўйлаётган ўша ғамхўр раҳбарлар Ўзбекистондаги йўл транспорт ҳодисаларининг 40 фоизи йўлдаги носозликлар туфайли содир бўлаётганлигини билишмайди десам, ёлғончи бўламан», деб ёзади. Кундузи ёқилган чироқлар йўл-транспорт ҳодисаларини 10-15 фоизга камайтириши рост. Бу ҳолат бўйича кўплаб тажрибалар ўтказилган. Чироғини ёқиб келаётган машиналар, айниқса, пиёдалар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга ижобий таъсир кўрсатади. Мутахассислар ўтказган тажрибаларда пиёда чироғи ёқилган транспорт воситасини тез илғаши маълум бўлган. Кўз қири чироқ ёруғлигини мияга йўналтиради. Мамлакатимизда эса йўл-транспорт ҳодисаларининг 53 фоизи пиёдалар билан боғлиқ равишда содир этилади.

Йўл-транспорт ҳодисаларининг 40 фоизи йўлдаги носозликлар туфайли содир бўлаётганлиги ҳақидаги маълумотни қаердан олгансиз билмадиму, аммо 2019 йилнинг ўтган уч ойида ҳайдовчилар айби билан содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаларининг 52,8 фоизи белгиланган тезлик талаблари бузилганлиги оқибатида юзага келганлигини биламан.

«Машина ҳайдамаганлигим боис бўлса керак, шу вақтгача йўл ҳаракати қоидаларининг барчаси ҳайдовчиларнинг хавфсизлиги учун деб ўйлардим», дебсиз. Аслида, транспорт бошқармасангиз-да, «Йўл ҳаракати қоидалари»ни ўқишингиз, билишингиз шарт. Бу биринчи навбатда ўзингизнинг хавфсизлигингиз учун керак бўлади. Чунки қоидаларда барча ҳаракат иштирокчилари, шу жумладан йўловчи ва пиёдалар учун ҳам зарур тавсиялар бор. Қоидалар талабларини билмаслик эса юқорида айтганимиз 53 фоизли кўрсаткичнинг пасайишига салбий таъсир кўрсатади.

«Аммо ҳайдовчиларга чиқарилган сўнгги қоиданинг аҳамияти ва сабабини ҳар қанча ўйламай барибир топа олмадим... Бу қарорни шундай таърифлаш мумкин: Фуқароларнинг адашиши ёки ёдидан кўтарилишидан унумли фойдаланиб қолиш ва жаримага тортиш».

Вазирлар Маҳкамасининг 292-сонли қарори эълон қилинганидан сўнг автомобилларнинг электр қисмларини таъмирлайдиган бир уста билан гаплашиб қолдим. У калит буралганида яқинни кўрсатувчи чироғи ёнмайдиган машиналарга бир дона реле мосламаси қўйиш билан муаммони ҳал этибди. Реле қўйилгач, калит буралиши билан яқинни кўрсатувчи чироқ ёнади, калит ўчирилиши билан у ҳам ўчади. Бўлди, «адашиш ёки ёдидан кўтарилиш» йўқ. Ҳайдовчи ҳам хотиржам, жаримага тортилмайди, қоида талаблари ҳам бузилмайди.

«Йўл ҳаракати қоидалари» доимо ҳаракат иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида чиқарилади, ўзгартирилади, такомиллаштирилади. Қолаверса, қоидаларнинг талаблари осмондан олиб ёзилган эмас. У ҳаётий тажрибалар асосида юзага келган. Шу жумладан, кундузи чироқни ёқиб юриш ҳам.

«Йўл ҳаракати қоидалари»га 2015 йил 24 декабрда киритилган ўзгартиришларга кўра, куннинг ёруғ вақтида қуйидаги ҳолларда яқинни ёритувчи чироқлар ёқилиши кераклиги белгиланган эди.

·       транспорт воситалари ташкилий жамланма сафида ҳаракатланаётганда;

·       йўловчиларни ташиётган автобус ва белгиланган йўналишли транспорт воситаларида;

·       болалар гуруҳини ташкилий ташишда;

·       хавфли, катта ўлчамли ва оғир вазнли юкларни ташишда;

·       механик транспорт воситаларини шатакка олишда (шатакка олиб кетаётган транспорт воситасида);

·       мотоцикл ва мопедларда.

Мана шу тартиб жорий этилганидан кейинги таҳлилларга назар ташласангиз, айнан ўша талаблар билан юрган транспорт воситалари билан боғлиқ ҳодисалар камайганлигини кўрасиз.

«Ривожланган давлатларда худди шундай қонун мавжуд эмиш. Урааа, биз ҳам ривожланишнинг сирли йўлини топдик. Энди кундуз куни чироқни ёқиб юрсак, албатта ривожланиб кетамиз. Бир замонлар ривожланган давлатларга тақлид қилиб инсон қадами етмаган чўлларда коллежларни очиб ташлаган эдик. Натижаси эса, барчага аён», деб ёзибсиз.

Менинг назаримда, бу фикрларингиз ҳам «тирноқ остидан кир қидириш»га ўхшаб кетяпти. Мамлакатимиз ўз тараққиёт йўлини белгилаб олган. Ҳаракатлар стратегияси бунга ёрқин мисол бўла олади. Аммо бир нарсани унутманг: ҳар қандай янгилик, ҳар қандай ривожланиш бирданига амалга ошиб қолмайди. Бунинг учун ҳамма бир бўлиб курашиши, интилиши керак.

«Ўз тушин таъбирин билмас киши,

Ўзгалар таъбири бирла не иши», — деган эканлар мавлоно Жалолиддин Румий.

Мансуржон РИХСИЕВ,
журналист

Мавзуга оид