«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати рус тилига расмий тил мақомини бериш ҳақидаги мунозаралар бўйича баёнот билан чиқди
"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда рус тилига Ўзбекистонда расмий тил мақомини бериш ҳақидаги мунозаралар юзасидан баёнот билан чиқди.
Маълумот учун: ЮНЕСКО ташкилоти экспертлари 1953 йилда “давлат тили” ва “расмий тил” тушунчаларини фарқлашни таклиф этган. Унга кўра:
Давлат тили - сиёсий, ижтимоий ва маданий соҳаларда маълум бир давлатда интеграция (бирлаштирувчи) вазифасини амалга оширадиган, шунингдек ушбу давлатнинг рамзи саналадиган тилдир.
Расмий тил – давлат бошқаруви, қонунчилик, суд жараёни тилидир.
Ушбу икки таъриф тушунтириш-тавсия сифатида қабул қилинади, барча мамлакатлар учун мажбурий эмас.
Ўзбекистон – кўп миллатлик давлат. Республикада 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади.
Ўзбекистон аҳолисининг 80 фоиздан ортиғини ўзбеклар ташкил этиб, уларнинг умумий аҳоли сонидаги улуши мунтазам ошиб бормоқда. Шунингдек, бошқа миллатларнинг катта жамоалари ҳам мавжуд. 10 фоиздан ортиғи – Марказий Осиё халқларининг бошқа вакиллари (5 фоизга яқини – тожиклар, 3 фоизга яқини – қозоқлар, 2 фоизи – қорақалпоқлар, 1 фоизи - қирғизлар, шунингдек туркманлар ва бошқалар). Рус ва бошқа славян халқлари вакиллари республика аҳолисининг 10 фоизини ташкил қилади.
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги Қонунига (янги таҳрир) мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши республика ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг ўз она тилини қўллашдан иборат конституциявий ҳуқуқларига монелик қилмайди. Фуқаролар миллатлараро муомала тилини ўз хоҳишларига кўра танлаш ҳуқуқига эгадирлар.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда истиқомат қилувчи барча миллат ва элат тилларига ҳурмат кўрсатилади ва уларнинг ривожи учун шароитлар яратади. Оммавий ахборот воситалари Ўзбекистонда истиқомат қилувчи миллат ва элатларнинг бир неча тилларида эфирга узатилади ва чоп этилади.
Шунингдек, иш юритиш ва кундалик фойдаланишда тилларни танлаш ва ишлатиш билан боғлиқ муаммолар мавжуд эмас. “Давлат тили тўғрисида”ги Қонунга биноан корхоналарда иш юритиш ва бошқа ҳужжатлар, нотариал ҳаракатлар давлат тилида амалга оширилади, зарур ҳолларда рус тилида ёки бошқа тилларда амалга оширилиши ҳам мумкин. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшовчи шахсларга давлат ташкилотлари ва муассасаларига, жамоат бирлашмаларига аризалар, таклифлар, шикоятлар билан давлат тилида ва бошқа тилларда мурожаат қилиш ҳуқуқи таъминланади.
Давлат тили ҳамда замонавий Ўзбекистон ҳудудида кенг тарқалган ва унинг ҳуқуқий мақомига ўзгартиришлар киритилган рус тили билан бир қаторда ҳудудларда бошқа тиллардан ҳам фойдаланиб келинади. Мисол учун, Қорақалпоғистон Республикасида қорақалпоқ тили ҳам расмий тил ҳисобланади. Фарғона вилоятининг Сўх туманида эса аҳолининг аксар қисми этник тожиклар бўлиб, у ерда тожик тилида таълим олиб борилувчи 24 та мактаб, 2 та лицей ва 2 та касб-ҳунар коллежи мавжуд. Сурхондарё, Самарқанд, Бухоро, Наманган ва бошқа ҳудудларда тожик тилидаги ОАВ, мактаблар, лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасаларининг бўлимлари фаолият кўрсатмоқда. Тошкент ва Навоий вилоятларида, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида қозоқ тилида ўқитиладиган мактаблар ва олий таълим муассасаларининг бўлимлари мавжуд. Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида туркман тилида таълим берилувчи мактаблар фаолият кўрсатмоқда.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати маълум бир тилга Ўзбекистон ҳудудида махсус мақом берилишини мақсадга мувофиқ деб ҳисобламайди, дейилади ҳаракат баёнотида.
“Четдан кириб келаётган ҳар қандай хорижий тил таъсири она тили ва миллий маданиятга таҳдид солиши мумкин. Мисол учун, Швецияда инглиз тилидан фаол фойдаланиш натижасида турли соҳа фаолиятида швед тилидан фойдаланилмай қўйилди. Швед тили давлат тили сифатида йўқолиб бормоқда. Мустамлакачилик тарихига эга бўлган кўплаб мамлакатларда эски мустамлака тиллари ижтимоий ҳаёт тили ҳисобланади, она тили эса фақатгина уйда фойдаланиш ва норасмий кундалик алоқада қўлланилади”, - дейилади маълумотда.
Бундан ташқари, кўп миллатли Ўзбекистонда юридик жиҳатдан маълум бир тилга давлат тилига тенг бўлган махсус мақом берилиши жамиятда қандайдир даражада кескинлик, унинг бўлиниши ва этник қарама-қаршиликларни юзага келтириши мумкин.
Бошқа тилларни билмасликни етарлича баҳоламаслик зарарли ва прогрессив ривожланиш жараёнини секинлашишига хизмат қилади. Шу билан бирга, бугунги кунда замонавий ўзбек тили, шу жумладан адабий тил қандай ўзгараётганига гувоҳ бўляпмиз. Ўзбек тилига чет эллик сўзларнинг кириб келиши, келиб чиқиши ва шаклланиши чуқур илдизга эга ўзбек тилининг тарихий аҳамияти йўқолиб бораётганини кўриш мумкин.
Давлатлар олдига йўналишлар ва замонавий глобал жараёнларга қўшилиш вазифасини қўяётган минтақалашув ва глобаллашув даврида анъанавий қадриятлар ҳамда миллий ва маданий ўзига хосликни сақлаб қолиш каби муҳим жиҳатларнинг жамланмаси инсоният ривожининг асосий омили ҳисобланади, дея якунланган ҳаракат баёноти.
Мавзуга оид
21:11 / 25.11.2024
Россияда рус тилини билмайдиган мигрант болалари мактабга қабул қилинмаслиги мумкин
14:33 / 21.11.2024
Нега ўзбек ота-оналари боласини рус синфларига беради?
19:33 / 13.11.2024
Россияда мигрант болаларнинг рус тилини билиш даражаси текширилиши мумкин
17:18 / 01.11.2024