Ўзбекистон | 14:35 / 10.05.2019
15631
2 дақиқада ўқилади

Президент: «Буюк тарихимизни, алломаларимиз меросини халқимизга, ёшларимизга тўлиқ етказиб беролмадик»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 май куни пойтахтдаги Сузук ота мажмуасига ташриф буюрди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Шу ерда диний уламолар, нуронийлар билан суҳбат бўлиб ўтди. Давлат раҳбари уларни Рамазон ойи билан яна бир бор табриклаб, янгиланган мажмуанинг шундай улуғ айём кунларда очилиши хайрли эканини таъкидлади.

- Бошқа давлатлар йўқ тарихини бор қилишга ҳаракат қилади. Биз буюк тарихимизни, алломаларимиз меросини халқимизга, ёшларимизга тўлиқ етказиб беролмадик. Ўзлигимизни англаш нуқтаи назаридан шундай жойларга эътибор берсак, бунга ҳамма эътибор қаратади, - деди Шавкат Мирзиёев. 

Маълумки, Сузук ота ўймакор уста бўлган. Бугун унинг қадамжоси атрофида ҳунармандчилик уйлари ташкил этилгани чуқур мазмун-моҳият касб этди. Икки қаватли бу хонадонларнинг биринчи қавати устахона ва дўкон учун ажратилган. Бу ўзига хос ҳунармандчилик маркази бўлиб, мажмуа билан бирга ноёб туризм масканига айланади.

Президент ушбу уйларни, ёғоч қирмачилик ва хаттотлик устахоналарини кириб кўрди.

- Ҳунармандчилик – ҳалол касб. Бугунги кунда энг катта вазифамиз – иш жойлари яратиш. Ҳунармандларга шароит яратсак, ҳам ўзини боқади, ҳам бошқаларни иш билан таъминлайди. Шогирдлар тарбияласа, қанча ёшлар ҳунарли бўлади, ўз тадбиркорлигини очиб, даромад топади, - деди давлат раҳбари.

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид