Жамият | 17:00 / 12.05.2019
27434
6 дақиқада ўқилади

Узунда бузилаётган бир хонадон ҳақида қисқа ҳикоя: фақатгина туман ҳокимлиги бу ишни тўхтатиши мумкин

Ҳеч кимнинг, ҳаттоки қушнинг ини бузилмасин, дейишади ёши улуғларимиз. Бироқ туман ва маҳалладаги мутасаддиларнинг бепарволиги деймизми ёки бошқа сабабданми — бир оиланинг кўп йиллардан буён истиқомат қилиб келаётган уйи бузилиш арафасида турибди. Биз ушбу мақолада жуда мураккаб аҳволга тушиб қолган Сурхондарё вилояти Узун тумани «Хурсанд» маҳалла фуқаролари йиғини, Дазира қишлоғида истиқомат қилиб келаётган онахон Ҳанифа Сафарова ва унинг оиласи ҳақида ҳикоя қиламиз.

Маълум бўлишича, собиқ иттифоқ даврида қўшни Тожикистонда истиқомат қилиб келган бу ўзбеклар оиласи беш фарзанди билан 1992 йилги фуқаролик уруши чоғида Сурхондарёга кўчиб ўтишади ва ўша йиллари Дазира қишлоғидаги ташландиқ ерда уй тиклаб истиқомат қила бошлашади. Ҳанифа аянинг бир ўғли 2005 йилда, турмуш ўртоғи Бўрон Холиқов эса 2008 йилда вафот этган ва шу заминда мангу қўним топишган. Ҳанифа Сафарованинг ўзига ва қолган фарзандларига ҳанузгача фуқаролик берилмаган, боз устига, бир фарзандининг ҳужжатларидаги чалкашликлар боис, у Тожикистонга депортация қилиб юборилган. Узундан уйланган фарзанди дам-бадам келиб кетиб юрибди экан. Яхшиямки, бахтига чегаралар очилди…

Хуллас, улар Дазира қишлоғида тиклаган уйнинг ва уйга бириктирилган томорқанинг ҳеч қандай ҳужжати йўқлиги аниқ, шунчаки қишлоқ кенгашидаги журналда қайд этилган.

Хўш, унда нималар бўляпти ўзи? Нега Ҳанифа аянинг уйи бузилмоқда?

Гап шундаки, Ҳанифа Сафарованинг турар жойидан кейин унинг қайноғаси Мамаражаб Холиқовга тегишли уй жойлашган. Нариги кўча бўйида эса фуқаро Бахтиёр Холмуродовнинг уйи ва томорқаси жойлашган. Илгари М.Холиқовнинг (у ҳам Тожикистондан кўчиб келган фуқаролиги йўқ шахс) оиласи ўз уйига Б.Холмуродовнинг уйининг орқасидан ўтган кўчадан кириб-чиқиб юрган. Кейинчалик, Б.Холмуродов кўча бошига ошхона қуриб, (айтишларича, аллақачон буни ҳужжатлаштириб ҳам олган) унинг уйига элтувчи кўчани беркитиб қўяди.

Шундан сўнг анча вақт мобайнида М.Холиқовнинг оила аъзолари мактаб ҳудуди орқали уйларига кириб-чиқиб юришган. Кейинчалик, мактаб ҳудуди айлантириб девор қурилгач, унинг уйи ташқи кўчадан батамом узилиб қолади.

Хуллас, қисқача қилиб айтганда М.Холиқов оиласининг Б.Холмуродов билан бу борадаги тортишувлари иш бермагач, «хешникини теш» қабилида иш кўриб, М.Холиқов ва рафиқаси ўз қариндошининг уйини буздириб, ўз уйига кўча ўтказиш учун туман ҳокимлигига мурожаат қилишади. Туман ҳокимлиги судга даъво аризаси киритади, суд даъвони қаноатлантиради. М.Холиқовнинг уйига кўча ўтиши учун уй ва ошхона бузилиши, туман ҳокимлиги захирасига қайтарилиши керак. МИБ эса ҳар куни келиб эшик турумини бузмоқда.

Фақат суд ҳам, узун туман мутасаддилари ҳам битта муҳим жиҳатни эътиборга олишмаганки, Ҳ.Сафарова истиқомат қилаётган уй томорқасининг ўртасида ишлаб турган ва аҳолини ичимлик суви билан таъминлаётган сув минораси бор. Унинг норматив ҳужжатлар бўйича муҳофаза майдони 9 сотихни ташкил этиб, йўл ўтказиш асносида муҳофаза майдонига ҳам путур етади. Судда туман «Сувоқова» идорасининг бу борадаги эътирозларига ҳам кўз юмилган.

Азалдан мавжуд бўлган кўча ноқонуний беркитилиши ортидан бир хонадон таг-туби билан бузилишига, пенсионер онахон қариган чоғида Узун, Сариосиё, Денов ва Термиз орасида сарсон-у саргардон бўлишига сабаб бўлаётгани тоқат қилиб бўлмайдиган ҳодиса, аслида. Онахоннинг ҳали уйланмаган, 27 ёшли кенжа ўғли Исо Холиқов ҳам Тошкентда ишлаб юрган ишини ташлаб, уйига қайтиб, онасининг ёнига қўшилишга мажбур бўлиб қолган.

Умуман, М.Холиқовнинг уйига азалий кўча нега беркитиб қўйилган, ким бунга рухсат берган?

2012 йилда туширилган космик фотосуратда ҳам кўча очиқ турганини кўриш мумкин.

Туман Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимининг фуқаро Бахтиёр Холмуродов томонидан кўча бошида барпо этилган ошхона ноқонуний эканлиги тўғрисидаги хат ҳам бор.

Биз мурожаатни ўрганишга борган кунимиз Ҳанифа Сафарова фақат туман ҳокимлигидан кунлар исигунча ижрони тўхтатиб туришни сўраб, югуриб юрган экан. Аслида бу судлашадиган муаммо ҳам эмас, муросаи мадора билан ҳал қилса бўладиган иш эди. Маҳалла фуқаролар йиғини маълумотнома (справка) сотадиган ташкилот эмас, айнан мана шандай масалаларни ҳал қилиш учун тузилмаганмиди? Шундай низо борлиги сабаб Ҳ.Сафарованинг уйи амнистия бўйича ҳужжатлаштириб беришдан ҳам қолиб кетди.

Бу ерда юзаки эмас, адолатли қарор қабул қилиш керак. Бу арзимас иш эмас, асло. Керак бўлса туман ҳокими, сектор раҳбарлари бориб, синчиклаб ўрганадиган масала. Чунки судда даъвогар айнан туман ҳокимлиги бўлган. Айни пайтда, бизнингча энг тўғри ечим — Б.Холмуродовнинг уйи ортидан ўтган йўлнинг очилиши бўлар эди. Агар, М.Холиқов ўз жигарларининг уйини бузиш эмас, ўзини йўлсиз қолдирган инсонни судга берса инсофдан бўлар эди. Лекин у ўз акасининг уйини буздиришни мақсад қилган кўринади…

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,
Kun.uz мухбири

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид