Жаҳон | 22:08 / 14.05.2019
58603
2 дақиқада ўқилади

«Бунақаси фақат бизда бор» — 6та қирувчи самолёт ҳамроҳлигида учган Путин гипертовушли ракеталари билан мақтанди

Фото: РИА Новости

Россия президенти Владимир Путин мамлакатнинг Ахтубинск вилоятига борди ва у ерда янги авиацион техникалар билан танишди. Путин ҳаво кучларининг операцияларда қанчалик муҳим эканини таъкидлар экан овоз тезлигига эга ракеталар ҳақида гапирди.

«Суриядаги ҳарбий операцияларда ҳаво кучларининг қанчалик муҳим эканини кўрдик. Овоз тезлигига эга ракеталар ҳозирча фақат бизда бор. Аммо бошқа катта мамлакатларда ҳам яқин йилларда бундай қуроллар пайдо бўлиши мумкин, шу боис биз ўзимиз яратган қуролдан ҳимояланиш ташвишини ҳам қилиб қўйишимиз керак.

Бошқа армияларда гипертовушли ракета мажмуалари қанча кеч пайдо бўлса, биз учун шунча яхши. Ҳар эҳтимолга қарши ҳимояланишнинг эҳтиётини қилишимиз шарт»,- дейди Путин.

Россия етакчиси 2018 йил мамлакат федерал йиғинига қилган мурожаатида илк марта «Циркон» номли гипертовушли ракета мажмуаси ҳақида гапирганди. «Циркон» масофадан туриб бошқариладиган ракета бўлиб, 9 мах тезликка эриша олади ва минг километр узоқликда жойлашган нишонни йўқ қилиши мумкин.

Россия мудофаа вазирлиги «Кинжал» номли гипертовушли ракета мажмуасининг муваффақиятли синови ҳақида ҳам эълон қилганди. АҚШ ҳукумати Россиянинг бу турдаги қуроли муқобилини яратиш учун 2,6 миллиард доллар ажратмоқчи экани ҳам маълум.

Путин Ахтубинскга 6та Су-57 қирувчи самолёти ҳамроҳлигида учган. Янги турдаги бу учоқлар биринчи бортни қўриқлаб борган. Путин парвоздан сўнг учувчилар билан гаплашишга ҳам улгурди ва уларнинг ишини «жуда қийин» деб баҳолади.

Владимир Путин бугун АҚШ Давлат котиби Майк Помпео билан учрашиши ва унда Венесуэла ҳамда Эрондаги воқеалар ҳақида гаплашиши кутилмоқда.

Мавзуга оид