Ўзбекистон | 08:34 / 15.05.2019
7688
3 дақиқада ўқилади

Президент бахшичилик санъати бўйича янги қарор имзолади

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Бахшичилик санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Фанлар академияси, Ёзувчилар уюшмаси ва Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг Термиз шаҳрида давлат муассасаси шаклида Республика Бахшичилик санъати марказини ҳамда унинг ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлган Бахшичилик санъатини ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш ҳақидаги таклифлари маъқулланди.

Марказнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

бахшичилик санъатининг илмий-назарий ва амалий асосларини чуқур ўрганиш ва мустаҳкамлаш;

соҳада шаклланган ижодий мактабларнинг ўзига хос ижро услублари, “устоз шогирд” анъаналарини қайта тиклаш ва ривожлантириш;

бахши-шоирлар, фольклоршунос олимлар, ўқитувчи ва мутахассисларнинг ижодий ва илмий фаолиятини қўллаб-қувватлаш;

маданият марказлари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари ва бошқа таълим муассасалари қошида бахшичилик санъати тўгаракларини ташкил этиш;

бахши-шоирлар ижодига кенг йўл очиб бериш, оммавий байрамлар ва маданий тадбирларда уларнинг фаол иштирокини таъминлаш;

бахшичилик санъатининг сара намуналарини тўплаш ва фондини яратиш, уларнинг аудио ва видео вариантларини кўпайтириш, бу соҳани юртимизда ва дунёда кенг тарғиб этиш учун ахборот-коммуникация технологияларидан, телевидение ва Интернет имкониятларидан самарали фойдаланиш;

бахшичилик санъати йўналишида халқаро ҳамкорликни кучайтириш, бу борада ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш, жумладан, турли халқаро анжуманлар ва танловлар, концертлар ва маҳорат дарсларини ташкил этиш.

Жамғарманинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

молиявий ва ташкилий йўналишларда комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш асосида бахшичилик санъатини янада ривожлантиришга кўмаклашиш;

мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган бахши-шоир, оқин ва жировларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;

Маданият вазирлиги тизимидаги муассасаларни бахшичилик санъатига оид зарур адабиётлар, ўқув қўлланмалар ва даврий нашрлар билан таъминлаш;

маданият ва санъат муассасалари қошидаги бахшичилик тўгаракларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни зарур чолғулар ва жиҳозлар билан таъминлаш;

бахшичилик санъати билан боғлиқ илмий-тадқиқотлар, нашр ишлари ҳамда комплекс илмий экспедицияларни молиялаштириш;

бахшичилик санъатига доир ҳомийликни ривожлантириш, соҳага хорижий сармоя ва грантларни жалб этиш;

қонунчиликда белгиланган манбалардан тушадиган маблағларни жамғариш, улардан мақсадли ва самарали фойдаланишни таъминлаш.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид