Ўзбекистон | 18:35 / 15.05.2019
15862
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев «Росатом» корпорацияси бош директорини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Россиянинг «Росатом» атом энергияси бўйича давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёвни қабул қилди.

Давлат раҳбари меҳмонни қутлар экан, атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасидаги Ўзбекистон-Россия ўзаро манфаатли ҳамкорлиги изчил ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди.

Олий даражада эришилган келишувларни рўёбга чиқариш доирасида илғор технология ва билимларни жалб этган ҳолда мамлакатимизда биринчи атом электр станциясини қуриш лойиҳасини тайёрлаш ва амалга ошириш бўйича яқиндан ҳамкорлик қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида "Ўзатом" агентлиги ташкил этилган ва фаолият юритмоқда. Мамлакатимизда атом энергетикасини ривожлантириш бўйича ўн йилга мўлжалланган концепция қабул қилинган.

Бўлажак АЭС учун майдон танлаш бўйича муҳандислик тадқиқотларининг биринчи босқичи якунланди, халқаро талабларга мувофиқ лойиҳанинг атроф-муҳитга таъсири баҳоланмоқда ва техник ҳужжатлар тайёрланмоқда.

Аҳолини атом энергетикаси ва ядровий технологияларнинг ривожи тўғрисида кенг хабардор қилиш мақсадида бугун "Ўзатом" агентлиги биносида Атом технологиялари ахборот маркази очилди.

Бундан ташқари, янги ўқув йилидан Тошкентда “ММФИ” миллий тадқиқот ядровий университет филиали ўз ишини бошлайди.

Учрашувда мамлакатимизда қабул қилинган "йўл харитаси" асосида АЭС қурилиши лойиҳасини сифатли тайёрлаш ва амалга оширишни таъминлаш бўйича ҳамкорликни давом эттириш масалалари кўриб чиқилди. Мамлакатимизда янги тармоқни ривожлантириш учун юқори малакали кадрларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди.

"Росатом" давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв самимий қабул учун давлатимиз раҳбарига чуқур миннатдорлик билдирди. Атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасида эришилган келишувларни ўз вақтида ва кенг кўламда амалга ошириш борасидаги интилиш қатъий экани таъкидланди.

Мавзуга оид