Ўзбекистон | 21:53 / 17.05.2019
15729
12 дақиқада ўқилади

Ҳалима Худойбердиева замондошлари хотирасида: «Бошида қора булутлар кезган йилларда ҳам ёзишдан тўхтамади»

Бугун, 17 май куни Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиева хотирасига бағишланган «Қанча шонинг бўлса ватанни кўтар» номли тадбир ташкил қилинди.

Хотира тадбирида шоир ва ёзувчилар, санъат ва илм-фан соҳаси вакиллари, шоиранинг оила аъзолари ва мухлислари, ёшлар, ОАВ ходимлари иштирок этди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, сўз олганлар Ҳалима Худойбердиеванинг ижодий ва меҳнат фаолияти, ўзбек шеъриятига қўшган ҳиссаси ҳақида ўз фикрларини билдиришди, шунингдек, шоиранинг шеърларидан ўқилди.

— «Ижоднинг маҳсули ижодкордан баланд бўлолмайди. Кишининг шахси қанчалик бутун бўлса, унинг ижоди ҳам бутун, шахсияти бутун бўлмаган кишининг эса ижоди ҳам номукаммал бўлади. 
Ҳалима Худойбердиева ўзбек адабиётида шахси бутун ижодкорлардан бири эди. Шоира жуда йирик туйғулар эгаси эди. У киши нафақат ўзи, балки дунёларга сиғмай кетган туйғуларини шеърларида акс эттиришга ва ўша туйғулари орқали жамиятни, миллатни юксалтиришга, ернинг балчиқлари ва ернинг кирларидан уни узишга, сен ҳам инсонсан, сен ҳам буюк ишларга муносибсан, деган туйғуни уларнинг кўнглига сиғдиришга ҳаракат қилган ва бунинг уддасидан чиққан шоира эди.
Тўғрисини айтсам, биз ва бизнинг адабиётшунослигимиз ҳали Ҳалима Худойбердиеванинг ижоди сувланган манбааларини, қайноқларини ва унинг айнан шу тарзда ёзишига сабаб бўлган омилларни, илдизларни топа олганимиз йўқ. 
Шоирага фақат Абдулла Ориповгина ўзининг доҳиёна баландлигидан туриб, «Туркистон онаси» деб берган таърифи қолди», – дейди педагогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдошев. — Ҳалима Худойбердиева – юрагида йўлбарс ўкириб, сиртдан майин жилмайган, йирик шахсият эгаси эди. Аммо шундай кучли туйғуларини ҳам ўзбек аёлига хос тарзда, андиша билан айтарди.

Хотира тадбирида шоиранинг шеъриятга бўлган садоқати ҳам эътироф этилди. Жумладан, Ҳалима Худойбердиеванинг синглиси Раҳима Худойбердиеванинг айтишича, шоира «бошида қора булутлар кезган йиллар» давомида ҳам шеъриятдан воз кечмаган, ёзишдан тўхтамаган.

Хотира тадбирида шоира таваллудининг 72 йиллиги муносабати билан «Шарқ» нашриёти томонидан нашр қилинган тўплами ҳақида ҳам маълумот берилди. Ўқувчилар ушбу тўпламда Ҳалима Худойбердиеванинг шеърлари билан танишишлари мумкин.

Тадбирда бир гуруҳ ижодкорлар, Ҳалима Худойбердиеванинг оила аъзолари ҳам сўзга чиқиб, у киши билан боғлиқ хотираларини бўлишдилар.

Ўзбекистон халқ шоири - Ҳалима Худойбердиева

Маълумот учун, Ҳалима Худойбердиева «Саодат» журналида адабий ходим, бўлим мудири (1972—75), бош муҳаррир ўринбосари ва бош муҳаррир (1982—94), Ёшлар нашриётида бўлим мудири (1978—82), Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси (1990—94), «Ёзувчи» нашриётида етакчи муҳаррир (1996—98), «Санам» журналида бош муҳаррир ўринбосари (1998—2003), 2004 йилдан «XXI аср» газетасида бўлим муҳаррири бўлиб ишлаган.
Ҳалима Худойбердиеванинг илк шеърлари ўқувчилик йилларида Янгиер тумани газетасида босилган (1964). Шундан кейин унинг «Илк муҳаббат» (1968), «Оқ олмалар» (1973), «Чаман» (1974), «Суянч тоғларим» (1976), «Бобо қуёш» (1977), «Иссиқ қор» (1979), «Садоқат» (1983), «Муқаддас аёл» (1987), «Бу кунларга етганлар бор», «Ҳурлик ўти» (1993), «Тўмариснинг айтгани» (1996) «Йўлдадирман» (2005) ва бошқа шеърий китоблари нашр этилган.
Ҳалима Худойбердиеванинг шеърлари кўплаб хорижий тилларга таржима қилинган. Тўфон Миннуллиннинг «Алла» пъесаси унинг таржимасида Ўзбек Миллий академик драма театри саҳнасида қўйилганди. Фазу Алиева, Силва Капутикян, Иброҳим Юсупов ижодидан таржималар қилган.

Қуйидаги бағишлов Ҳалима Худойбердиеванинг шогирди Аҳрор Байзо томонидан 2009 йилда, шоирага атаб ёзилган:

                   МИЛЛАТ ШАРАФИГА КЕТДИ ХАЁЛИМ...

                      Яшил тилаклардан кўнгиллар тўлсин,
                      Қаранг, қандай гўзал Турон жамоли.
                      Озод элда даврон муборак бўлсин
                      Арслон етаклаган Туркнинг аёли!
               
                      Куюниб толмадим, куюб толмадим,
                      Муҳаббат ҳурмати, ҳижрон ҳурмати.
                      Ишонинг, шунчаки қалам олмадим,
                      Ҳақиқат ҳурмати, виждон ҳурмати!
                     
                      Кўҳна Турку Турон кўтаргуси қад,
                      Тарк этмагай ғурур, ўзлигим, орим.
                      Сизни эл дуоси асрагай абад,
                      Яссавийлар ёқиб кетган чироғим.

                      Қандай яхши тунлар хаёл суришлар,
                      Топ-тоза юраклар шеър, деб ўртанса.
                      Қанийди ватанхўр, ватанфурушлар
                      Ватан нелигини сиздан ўрганса.

                      Ватан, ҳурлик ўти кўчган тилакка,
                      Кўксимизни чуқур-чуқур ўйгаймиз.
                      Юртнинг байроқлари кўчган юракка,
                      Юракни ётларга бериб қўймаймиз!

                      Энди тошлар асло туриб кетмагай,
                      Ҳар касу нокасга ён бермагаймиз.
                      Тансиз бошлар бошқа юриб кетмагай,
                      Басдир, осонликча жон бермагаймиз.

                       Чорланг, Тумарисдай буюгим келар,
                       Жалолиддин, Темур Малик – паҳлавон.
                       Нодираи даврон – суюгим келар,
                      «Туркистонда ўксук ўлмас қаҳрамон»!
                      
                       Чорланг, чорлайверинг, жоним опажон
                       Қучоқ очиб келгай қадимий халқим.
                       Исмини ўзбекнинг Ҳалимасини
                       Бу қиз — Жасорат, деб қўяди балким...

                       Чорланг, келгусидир Зебунисолар
                       Чорланг, Увайсийлар давра қурсинлар.
                       Жангу жадал йўқдир ва на низолар
                       Давомлари — дарё, бир бор кўрсинлар.

                       Санчилиб йилларнинг армонларига,
                       Чорланг, чорласангиз не беклар келар.
                       Сарбон бўлиб кўнгил карвонларига
                       Усмон Носир, Чўлпон, Элбеклар келар...

                        Бирлари шоиру, бирлари олим,
                        Неча минг жилд бўлур бу улуғ рўйхат.
                        Миллат шарафига кетди хаёлим,
                        Нетай, битолмадим бир гўзал тўйхат!..

                        Бир ширин, би-ир яхши ниййатлар қилиб
                        Тўйларга чорлагум яқин-йироқни.
                        Жонимни яйратиб, дилимни тилиб
                        Чалгим келаяпти  чўли  ироқни...

                       Нону тузни берган, худога шукр,
                        Тилга сўзни берган, худога шукр,
                        Элга сизни берган, худога шукр,
                        Турон маликаси – юрт ягонаси
                       Арслон етаклаган Туркнинг онаси!                                                          
 

Илёс Сафаров
Тайёрлаган Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид