Ўзбекистон | 08:55 / 21.05.2019
90418
4 дақиқада ўқилади

КГБ Ўзбекистонга қарши: тарихчи «пахта иши»нинг яширин сабабларини маълум қилди

Россиялик тарихчи, махсус хизматлар ва СССР тарихи бўйича ўнлаб китоблар муаллифи Александр Колпакиди Ўзбекистон ССР ва унинг раҳбари Шароф Рашидовнинг советлар сиёсатидаги ислом векторида тутган ўрни ҳамда «пахта иши»нинг ҳақиқий сабаблари ҳақида гапирди.

СССРда пахта «оқ олтин» деб аталган. Москва ишлаб чиқарувчи республикалардан уни паст нархларда сотиб олган ва жаҳон нархларида экспорт қилган. Олинган валюта маблағлари, худди нефтдолларлар ва табиий ресурслардан бошқа даромадлар каби, қуролланиш пойгасига сарфланган.

Қийин иқтисодий вазият туфайли Кремль пахта етиштиришни доимий равишда ошириш ҳақида талаб қўйган. Белгиланган мажбуриятларни бажариш имконсизлиги қўшиб ёзишга сабаб бўлди. СССРда қўшиб ёзиш амалиёти кенг тарқалган бўлиб, деярли барча ҳудудларда кузатилган. КГБ ҳам бу нарсани яхши билган, бироқ, тарихчининг сўзларига кўра, коррупцияга қарши кураш, деб аталган кампания ҳаммани ҳам қамраб олмади.

«Биз тушунамиз - қўшиб ёзиш, ҳийла-найранглар, поралар. Лекин савол туғилади: бу коррупцияга энг ботган республика эдими ёки йўқ. Ҳозир исталган одам шундай дейди: йўқ, албатта. Болтиқбўйи ва иккита Кавказорти республикаларида - хафа қилмаслик учун улар номини айтмайман - коррупциянинг таъсири жуда катта эди. Лекин нима учун уларга ҳеч ким тегмаган? Кейинчалик бу республикаларнинг раҳбарлари қайта қуришда катта роль ўйнади. Нима учун прокуратура бригадасини коррупцияга бутунлай ботиб кетган Ставрополь ўлкасига ташлашмади?» - дея савол билан чиққан Колпакиди. 

Тарихчининг сўзларига кўра, коррупцияга қарши кампания баҳонаси билан Ўзбекистонга берилган зарба ташаббуси Андроповдан чиққан, у ўз дунёқараши бўйича ғарбга яқин ва бозор муносабатлари позициясига эга бўлган.

«Ўзбек ишини ким бошлаган? Гдлян ва Ивановни ҳамма билади. Ўзбекистон КГБ раиси Левон Мелкумовни деярли ҳеч ким билмайди. Буларнинг барини Андропов, Мелкумов, Гдлян, Ивановлар қилишди. У ерда бошига икки марта ўқ узиб, ўз жонига қасд қилганлар бўлган. Ва бу коррупцияга қарши кураш, деб аталган», - деди олим тарихчи Фёдор Раззоқовнинг ушбу мавзуга бағишланган китоби бўйича.

Унинг сўзларига кўра, совет номенклатурасининг устунларидан бири - уруш фахрийси, ҳарбий нишонлар кавалери Шароф Рашидовни қулатишга сабаб бўлган ўзбек иши - республикаларда жуда салбий қабул қилинган. Бошқа раҳбарлар марказга ишончини йўқотиб, совет давлатининг сиёсий асосларини заифлаштирдилар.

Олим ишонч билдиришича, Рашидов совет қўшинларининг Афғонистонга киритилишига қарши чиққани ва ислом олами билан муносабатларни мустаҳкамлашни хоҳлагани пахта ишининг яширин сабабига айланган.

«Рашидов ҳар доим Афғонистонга қўшинлар киритилиши хато бўлганини кўрсатиб келган ва урушни тугатишни талаб қилган. У мусулмон республика етакчиси сифатида бундан манфаатдор бўлгани аниқ. Бу мамлакатимизнинг мусулмон дунёси билан муносабатларига жуда кучли геосиёсий зарба бўлди», - деди Александр Колпакиди.

Унинг сўзларига кўра, бу нафақат Рашидовнинг шахсига, балки совет иттифоқидаги асосий ислом омили саналган бутун Ўзбекистонга қарши кампания бўлган.

«Тошкент ўзининг машҳур кинофестивали билан Осиё пойтахти эди. Энди Осиё пойтахти Шанхай, ўша вақтда Тошкент эди. Фақат Осиё эмас, балки араб давлатларининг ҳам. У ерга келишган, бу шаҳар мамлакатнинг озиқ-овқат «эшиги» эди. Ва айнан шу республикага шундай зарба берилди», - дея хулоса қилган тадқиқотчи.

Мавзуга оид