Ўзбекистон | 19:05 / 22.05.2019
18541
9 дақиқада ўқилади

«Барча тўсиқлар олиб ташланди». Навоий эркин иқтисодий зонаси директори билан суҳбат

Kun.uz мухбири Навоий эркин иқтисодий зонаси директори Ҳабиб Абдуллаев билан суҳбат уюштирди. Директор кўп йиллар давомида эркин иқтисодий зоналарда айрим тўсиқлар мавжуд бўлгани ва бу Навоий ЭИЗга инвестиция олиб кириш учун катта ғов бўлгани, ҳозирда бундай тўсиқлар олиб ташлангани ҳақида айтиб берди.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

— Эркин иқтисодий зона тушунчасининг маъноси қандай? ЭИЗ ўзида нималарни мужассам этади ва уларнинг ютуқ тарафлари нимада?

— Эркин иқтисодий зоналар деб, баъзида махсус эркин иқтисодий зоналар дейилади, белгиланган ҳудудда алоҳида қоидалар, масалан, солиқ, божхона, маъмурий имтиёзлар юритилишига айтилади. Маъноси шундаки, ҳудуд ичидаги компания бир неча ютуқларига эга. Табиийки, бу осонгина бўладиган ишлар эмас. Албатта, бирор мақсад билан амалга оширилади. Мақсад мамлакатни ривожлантиришга қаратилади. Бунда бирор соҳани ривожланиришни ҳам кўзда тутиши мумкин. Бизнинг ҳолатда эса гап бутун комплекс ҳақида кетади. Навоий ЭИЗда солиқ бўйича имтиёзлар, божхона тўловларидан озод этиш, соддалаштирилган маъмурий процедуралар, енгиллаштирилган иммиграция масалалари назарда тутилган.

— Ҳозирги кунда Навоий ЭИЗда қандай корхоналар фаолият юритмоқда?

— Навоий эркин иқтисодий зонаси универсал тарзда бўлиб, ҳар қандай йўналишда корхоналар фаолият юритиши мумкин. Асосан юқори технологияли, инновацион, импорт ўрнини босувчи, экспортга мўлжалланган лойиҳалар устувор ҳисобланади. Албатта, ҳудудга кираётган корхона ҳам бир мантиққа асосланади. Бизнинг ҳудудда асосан қазиб чиқариш, минерал ресурсларни қайта ишлаш ишлари олиб борувчи корхоналар фаолият юритади. Навоий ресурсга бой вилоят ҳисобланади. Бу ресурсларни ер қаъридан қазиб чиқариш учун юқори технологияли ишлаб чиқариш зарур. Мақсад хом ашёни эмас, уни ишлаб чиқариш бўлади. Юқори айтганимдек, юқори технологияли, инновацион, импорт ўрнини босувчи, экспортга мўлжалланган маҳсулотлар бўлиши лозим. Оддий мисол, қурилиш материалларини олайлик. Турли-туман хом ашёни талаб қилади, маҳсулот ассортименти ҳам жуда кенг. Қурилиш ишларидаги «портлаш» фақатгина бизда эмас, бошқа Ўрта Осиё ва Яқин Шарқ давлатларида ҳам кетмоқда. Россия ҳам бир катта бозор. Маҳсулотларимиздан мармарни мисол қилсак, бизда жуда сифатли мармар қазиб олинади. Бизнинг мармар дунё миқёсида ўз ўрнига эга. Буни қазиб олиш, унга ишлов бериш, тайёр маҳсулот ҳолига келтириш - ҳаммаси яхлит бир жараён. Бу ишлаб чиқариш учун эса инвестиция жуда зарур. Қимматбаҳо ускуналар, мутахассислар зарур. Ҳозирча бу масалаларда муаммолар бор. Лекин салоҳият жуда юқори. Айнан мармар масаласида бизга хорижлик ҳамкорлар зарур. Бу бўйича давлат томонидан имтиёзлар ажратилган.

— Бир неча кунлар олдин Навоий вилоятини эркин иқтисодий зона сифатида эътироф этувчи Президент фармони имзоланди. Нега айнан Навоий вилояти бундай мақомга эга бўлди?

— Янги фармон бўйича бутун Навоий вилояти эркин иқтисодий зонаси мақомига эга бўлди. Олдинлари ҳудуд алоҳида бир жойга ажратилган ва атрофи ўраб қўйилган. 560 гектар жой бу мақомда бўлган. Бугунги кунда ҳолат кескин ўзгарган. Бугун хорижлик инвестор Навоийнинг хоҳлаган жойига ўз корхонасини жойлаштириш мумкин. Асосийси юқоридаги талаблар доирасида бажарилса бўлгани. Шу кунгача бўлган ҳудуд бир кичик кўринишда эди. Аввалари, ЭИЗ аъзоси бўлишдан ҳеч қандай маъно касб этмасди. Чунки имтиёз олиш учун узоқ масофадан юк ортиб келиш ҳеч кимга фойда келтирмасди. Ҳозир ҳеч қандай чеклов мавжуд эмас. Энди юкни ташиб юришга ҳожат йўқ. Нафақат қурилиш моллари, балки хўжалик молларини ҳам айтсак бўлади. Бу ҳам нозик масала ҳисобланади. Инвесторни айнан шу ҳудудда бизнесингни ташкил қил деб айта олмаймиз. Ишлаб чиқариш жараёни бунга йўл қўймайди. Мана янги фармон шу турдаги барча тўсиқларни олиб ташлади. Бу албатта инвестиция оқимини яна ҳам оширади.

— Янги фармонга кўра, Навоий эркин иқтисодий зонаси раҳбариятининг функцияси қандай? Қарор қабул қилиш жараёни қандай?

— Мисол тариқасида, ЭИЗ аъзоси бўлиш авваллари Тошкент билан муҳокама қилинар эди. Тошкент ҳал қилар эди. Ҳозир бу ваколат вилоятларга берилган. Процедура ҳозир жуда оддий. Инвестор оддий ҳужжатлар тўпламини тайёрлайди ва дирекция ихтиёрига тақдим этади. Шундан сўнг, маъмурий кенгаш охирги қарорни беради. У ерда ҳам тўхталишлар бўлмайди. Тахминан 1 ҳафта вақт кетади. Ушбу фармон қабул қилингандан сўнг, 1 куннинг ўзида аввал рад жавоб олган 7та компаниядан мурожаат тушди. Бу фармонни ҳамма кутган эди. Ушбу ҳужжат инвесторлар қўрқадиган баъзи қатъий қарорларни бекор қилди.

— 2017 йил Президент Шавкат Мирзиёев эркин иқтисодий зоналар фаолиятини танқид қилган эди. Ўшандан бери қандай ижобий ёки салбий ўзгаришлар содир бўлди?

— Танқид тўғри бўлган. Бизнинг ҳолатимизда олайлик, 2009-2016 йиллар оралиғида жами 22 лойиҳа бажарилган ва 124 миллион долларни ташкил қилган. Бу жуда ҳам оз. Давлат томонидан қилинган харажатларни ҳисобласа қониқарли рақамлар чиқмайди. 2017-2018 йилларнинг ўзи 35та лойиҳа ва 173 миллион долларни ўз ичига олди. 8 йил ичида 22та лойиҳа (124 миллион доллар) бўлса, 1 йил ичида 35та лойиҳа (173 миллион доллар) амалга оширилди.  

— Янги Президент фармонига назар ташланса, инвестиция жалб қилиш масаласига алоҳида урғу берилган. Шу сабабли, қандай лойиҳалар илгари сурилмоқда? Яқин ва узоқ истиқболдаги режалар қандай?

— Навоий ЭИЗда лойиҳалар, инвестиция жалб қилиш учун ҳеч қандай алоҳида бир ўлчов йўқ. Лекин биринчи галда фойдали қазилмаларни қайта ишлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, фармацевтика каби экспортга йўналтирилган соҳаларга эътибор қаратиш лозим. Чунки бизда экспорт қилиш учун йирик салоҳият мавжуд. Буни юқори стандартлар даражасига етказиш керак. Жаҳон даражасида рақобат қила оладиган бўлиши лозим. Стандарт фақатгина ишлаб чиқаришда эмас, маҳсулотни ўраш, сақлаш, маркировкалаш каби технологик жараёнларга ҳам албатта хориж инвестицияси ва тажрибаси зарур. Шунингдек, энергия манбалари масаласида ишлар қилиниши лозим. Бу бўйича қонунчиликда база яратилди.

Электр ускуналар, машинасозлик каби соҳаларга доим алоҳида эътибор қаратамиз. Режалар масаласига келсак, режалар ўта эҳтиёткорлик билан қилиниши лозим. Инвестиция жалб қилиш масаласида энг асосий роль бу ишончдир. Ҳозир чет эл инвестицияси учун қулайликлар яратилмоқда. Имтиёзли шартлар тузилган. Эркин конвертация, фойда репатриацияси йўлга қўйилган. Бизнинг қонунчилик жаҳонда ўрнак бўла олади. Бироқ ишонч борасида муаммолар мавжуд. Ҳозир ҳаммаси ўзгарди, лекин инвесторларда доимо ҳадик бўлади. Жараён тезлашаётгани сабабли, балки бир йил ичида инвесторлар ўзини хавфсиз, қулай ва юқори истиқболга эришувчи сифатида кўра бошлайди. Келажакка оптимистик қарамоқдамиз. Миллиард долларларни режа қилганмиз.

Яқин истиқболдаги режаларда ўзгаришларни етказишдир. Чунки информация етишмовчилиги ҳали ҳам мавжуд. Асосийси қандай қилиб информацияни етказишни ва қайси каналлар билан амалга оширишни биламиз.

Ўрта истиқболдаги режаларда ҳудудда соҳалар бўйича кластерлар ташкил қилишни кўзда тутганмиз. Буларни аввал йўлга қўйиш, сўнгра уни ривожлантиришни ўйлаш лозим.

— Ҳужжатда кадрлар сиёсатига кучли эътибор қаратиш кўзда тутилган. Соҳада кадрлар масаласида муаммолар мавжудми?

— Буни икки йўналишда ҳисобга олиш лозим. Биринчи галда инвестор билан ишлаш, уни ишонтириш учун махсус билим лозим. Лекин бу қилиниши лозим бўлган ишларнинг «денгиздан томчиси» десак бўлади. Туб моҳиятига эътибор қаратсак, бизга минглаб мутахассислар зарур. Улар турли соҳа мутахассислари бўлиши мумкин. Бизга замонавий билимга эга, маҳсулотни жаҳонга олиб чиқувчи кадрлар керак. Бундай кенг ҳажмда мутахассис тайёрлаш учун ҳозир вақт жуда кам. Дунё ҳозирда жуда тезлик билан ўзгариб бормоқда. Дипломга эга бўлиш бошқа, лаёқатли бўлиш бошқа. Лаёқатли кадр бўлиш учун илм олиш жараёни тўғридан-тўғри соҳа билан биргаликда олиб борилиши лозим. Йўқса самарадорлик пасайиб кетади. Менимча, қисқа муддатда интенсив тарзда ўқишни йўлга қўйиш мумкин.

— Навоий ЭИЗнинг келажагини қандай кўрасиз?

— Оптимистик қарашлар билан албатта. Навоий ЭИЗни чиройли йўллар, инфратузилмалар, муваффақиятли корхоналар билан кўз олдимга келтираман. Навоий ҳозир саноат тарафдан кучли бўлиши мумкин, лекин унинг салоҳияти 10-15 фоизга ўзлаштирилган деб ҳисоблайман. Келажакда бу рақамлар юқорилайди. 

Мавзуга оид