Жамият | 16:56 / 05.11.2019
4870
3 дақиқада ўқилади

Навоий ЭИЗ да Ўзбек-Хитой фармацевтика заводи қурилиши бошланди

4 ноябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлигида Ўзбек-Хитой технопаркини яратиш ҳамда дори субстанциялари синтези бўйича фармацевтика заводининг қурилиши бўйича лойиҳа муҳокамаси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди. 

Ахборот хизмати хабарига кўра Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ХХР илм-фан ва технологиялар вазирлигининг Ижтимоий соҳаларда илм-фан ва технологияларни ривожлантириш департаментининг бош директори ўринбосари Тян Баогу бошчилигидаги Хитой делегациясини қабул қилди.

Музокараларда шунингдек, Анъанавий хитой тиббиёти миллий ассоциацияси раҳбари Ванг Сиженг, Хитой Фанлар академиясининг Марказий Осиё дори воситаларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш маркази директори Айса Хожиакбар ҳам музокараларда иштирок этди.

Томонлар Ўзбек-Хитой технопаркини яратиш ҳамда дори субстанциялари синтези бўйича фармацевтика заводининг қурилиши бўйича лойиҳани батафсил муҳокама қилдилар.

Таъкидлаш жоизки, ҳозиргача асосий дори субстанциялари юртимизга хориждан олиб кирилмоқда. Уларни Ўзбекистонда ишлаб чиқариш муҳим вазифалардандир. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Биоорганик кимё институти ва Ўсимлик моддалари кимёси институтида дори субстанцияларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган, бироқ уларнинг синтезини амалга ошириш имконияти мавжуд эмас.

Шу боис ҳам “Навоий” эркин иқтисодий зонасида дори субстанцияларининг синтези бўйича Ўзбек-Хитой тиббиёт технологик паркининг яратилиши мазкур соҳада туб ўзгаришлар ясайди. Мазкур лойиҳа кимё ва фармацевтика соҳасидаги сўнгги технологияларни қўллаган ҳолда қатор дори субстанцияларининг синтези бўйича босқичма-босқич ишлар амалга оширилади.

10 млн. АҚШ доллари қийматидаги ушбу инвестицион лойиҳа Инновацион ривожланиш вазирлиги, Навоий вилояти ҳокимлиги ва Фармацевтика соҳасини ривожлантириш агентлиги ҳамкорлигида ўз ишини бошлади. Ҳозирда лойиҳанинг координатори этиб тайинланган хорижий компанияси лойиҳанинг биринчи босқичини бажаришни бошлади. “Central Asian research and production centre of biologically active compounds” Хитой Халқ Республикаси Фанлар академиясининг инвестицияси ҳисобига Синьцзян техника институти ҳамда ЎзР ФА Биоорганик кимё ва Ўсимлик моддалари кимёси институтлари ўртасидаги 20 йиллик ҳамкорлик натижасида ташкил этилган.

Мавзуга оид