Ўзбекистон | 21:08 / 24.05.2019
5451
3 дақиқада ўқилади

Фарғона ва Сурхондарё вилоятларида чиқинди полигонлари талаб даражасида эмас —  Сенат

Олий Мажлис Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси да Фарғона ва Сурхондарё вилоятлари чиқинди полигонлари аҳволи танқид қилинди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири. 
2019 йил 23 май куни Олий Мажлис Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг «Чиқиндилар тўғрисида» ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг чиқиндиларни сақлаш, кўмиб ташлаш ва утилизация қилишга доир талабларига оид қисмининг Сурхондарё ҳамда Фарғона вилоятларида ижро этилиши юзасидан ўтказилган ўрганиш натижалари муҳокамасига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди.

Олий Мажлис Сенати аъзоси Турғун Искандаров бу борада батафсил маълумот берди. Жумладан, Фарғона вилоятида маиший чиқиндиларни кўмишга мўлжалланган 23та полигон мавжуд бўлиб, йилига ўртача 1,6 млн тонна чиқинди ҳосил бўлади. Улар томонидан вилоят аҳолисининг 51 фоизига хизмат кўрсатилади. Шунингдек, қоғоз, шиша, яроқсиз автомобил шиналари, полиэтилен маҳсулотлар қолдиқлари ва бошқа турдаги чиқиндиларини қайта ишлашга ихтисослашган жами 20 та корхона фаолият юритмоқда.

Сенатор ҳудуддаги чиқинди полигонлари талаб даражасида эмаслигини таъкидлаб, чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш ва уларни утилизация қилиш учун махсус техникаларнинг етишмаслиги аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини пасайтираётгани ва бу турли норозиликларни келтириб чиқараётганига урғу берди. Шу ўринда вилоятдаги полигонларнинг 5таси ўралмагани, 6тасида санитар тармоқ, 7тасида маиший хона ҳамда 8тасида техника ювиш жойи ва дизбарьер мавжуд эмаслиги хусусида сўз юритди.

Бундан ташқари, Сурхондарё вилоятида бу борада олиб борилаётган ишларга ҳам тўхталди. Хусусан, вилоятда маиший чиқиндиларни кўмишга мўлжалланган 13та полигон мавжуд бўлиб, йилига ўртача 2,7 млн. тонна чиқинди ҳосил бўлади. Уларнинг 11 таси «Тоза ҳудуд»  ДУК га қарашли бўлиб, маҳаллий аҳолининг 42 фоизига хизмат кўрсатади. Ихтисослашган 18та хўжалик юритувчи субъект томонидан қоғоз, полиэтилен ва тери қайта ишланмоқда.

Бундан ташқари, «Тоза ҳудуд»  ДУКга қарашли полигонларни 2017-2018 йилларда қайта таъмирлаш учун маҳаллий бюджет маблағларидан 7,5 млрд. сўм ажратилган бўлишига қарамай, ушбу йўналишдаги ишлар етарли даражада ташкил этилмаган. Мисол учун, Шеробод, Жарқўрғон ва Қумқўрғон туманларида марказий чиқиндихоналар девор билан ўралмаган, уларда санитар тармоқ, маиший хона, техника ювиш жойи ва дизбарьер умуман йўқ. Бундан ташқари, вилоятдаги чиқиндиларни қайта ишлашга ихтисослашган корхоналарнинг асосий қисми кадастр ва давлат экология экспертизасининг хулосасини олмасдан фаолият юритмоқда.

Мавзуга оид