АҚШда Трампнинг республикачилари Сенатда кўпчилик ўринни қўлга киритди
Шу пайтгача демократлар Конгресснинг юқори палатасида кўпчиликни ташкил қилган. Улар буни мунтазам равишда ижобий овоз берган тўрт мустақил сенаторнинг қўллаб-қувватлаши туфайли олишганди.
АҚШ Конгрессига сайловларда Доналд Трампнинг республикачилари юқори палатада кўпчилик ўринни қўлга киритди, деб хабар берди 6 ноябр, чоршанба куни AP ахборот агентлиги ва Fox News телеканали сайловчилар ўртасидаги сўровлар ва дастлабки овозлар ҳисобига таяниб. Шу пайтгача демократлар Сенатда минимал кўпчиликни ташкил қилган. Улар буни мунтазам равишда ижобий овоз берган тўрт мустақил сенаторнинг қўллаб-қувватлаши туфайли қўлга киритганди.
Республикачилар Сенатга сайловларда асосан мустақил номзод Дан Осборнга қарши кескин курашда ўз ўрнини ҳимоя қилишга муваффақ бўлган Небраска штатидан республикачи сенатор Деб Фишернинг ғалабаси эвазига устунликка эришди. Бу республикачиларга тўсиқни енгиб ўтиш ва юқори палата устидан назоратни қўлга киритиш имконини берди.
АҚШ Конгрессининг муҳим роли
АҚШ президенти учун Конгресснинг ёрдами муҳим. Иккала палатада ҳам қўллаб-қувватланмаган Америка давлат раҳбари кўпинча катта муаммоларга дуч келади. Конгресс АҚШ бюджетини қабул қилади ва қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга.
Хусусан, Сенат АҚШ маъмуриятидаги асосий тайинловларни маъқуллайди. Юқори палата томонидан қўллаб-қувватланмаса, президент вазирлар, элчилар ва судялар лавозимига номзодларни тақдим эта олмайди, чунки барча юқори даражадаги тайинловлар сенаторлар томонидан тасдиқланиши керак. Бу Сенатнинг Оқ уй ходимлари ва фаолиятига сезиларли таъсир кўрсатишини англатади.
Вакиллар палатасига сайлов ва референдумлар
АҚШда президентлик сайловларига параллел равишда Конгрессга сайловлар ўтказилмоқда, унда қуйи палата — Вакиллар палатасидаги барча 435 ўрин ва Сенатдаги 34 ўрин тақдири ҳал қилинмоқда.
Шу билан бирга, кўплаб штатларда марихуанани қонунийлаштириш каби баҳсли мавзуларда референдумлар ўтказилди. Конгресс сайловларида овозларни санаш ҳали якунига етмади, амалдаги президент Жо Байден ва номзод Камала Ҳаррис бошчилигидаги демократлар кўпчилик овоз олишга умид қилмоқда.