Соат 18:00 дан кейин ейиш мумкин бўлган 5 маҳсулот
Кечки пайт соат 18:00 дан кейин ким ҳам музлатгичга кўз қирини ташлашни истамайди дейсиз? Кўпинча бари оддийгина: «Чой билан нима есам бўлар экан?» дан бошланади. Ва колбасали бутерброд ва қалин кремли торт билан якунланади.
Бундай кечки пайтлар қандай ёқимли… Айниқса, кун жуда қийин ўтган бўлса. Бироқ бундай ҳузурнинг тўлови бор. Мунтазам енгил углеводлар истеъмол қилиб, ёғ йиғилишига катта ҳисса қўшиш мумкин.
Яқинда парҳезшунослар соат 18:00 дан кейин истеъмол қилиш мумкин бўлган таомлар рўйхатини маълум қилишди. Мутахассислар кечки рацион маҳсулотлари тўғри танланса, парҳез шарт эмаслигини айтишган. Бундай маҳсулотлар уйқу сифатини оширади ва тарози милларини ўнг томонга ҳаракатлантирмайди. Лайфхакер ана шундай маҳсулотлар рўйхатини тақдим этади.
Қора шоколад
Кўпинча бу маҳсулот маън этилганлар рўйхатидан жой олади. Бу умуман бекор гап. Чунки шоколадли батончалар ва қора шоколад ўртасида катта фарқ бор. Қора шоколад таркибида шакар миқдори минимал даражада бўлади. Ширинликнинг бу тури тезда озишга ҳисса қўшади ва холестерин даражасини нормага келтиради.
Шўрва
Бу таомни рўйхатда кўришга умид қилмаганингиз аниқ! Шунга қарамай, уни кечки пайт ухлашдан олдин истеъмол қилиш мумкин. Гап шундаки, ҳар қандай илиқ суюқлик кишини тинчлантиради. Агар кечки пайт иссиқ чой билан очликни енга олмасликни ҳис қилсангиз, оз миқдордаги шўрва ичинг. Товуқ ва сабзавотли шўрва мос келади.
Ёдингизда бўлсин: ётишдан олдин нўхат, ловия ва чечевицали шўрва ичиш ярамайди. Бу беҳаловат уйқуга сабаб бўлиши мумкин.
Бодом
Кечки пайт бирор нарса ейишни истасангиз, оз миқдорда бодом ейиш мумкин. Бир ҳовуч бодом тунги очлик ҳиссини босади.
Озишни истайдиганлар бодом истеъмол қилишдан қўрқмаса ҳам бўлади. 2012 йилда American Journal of Clinical Nutrition журналида эълон қилинган натижаларга кўра, маҳсулот қўшимча вазн тўплашга сабаб бўлмайди.
Қовоқ уруғи
Агар кечки пайт попкорн ва чипс ейишни истасангиз, зудлик билан зарарли егуликларни кўздан яширинг. Бунинг ўрнига қовоқ уруғини чақинг.
Бу маҳсулот тунги очликни енгади, шунингдек уйқуга тайёрланишда ёрдам беради. Маълумки, қовоқ уруғи магнийга бой, бу эса чуқур ва хотиржам уйқу учун жуда муҳим.
Гуруч
Парҳезшунослар гуруч асосидаги парҳез уйқусизлик пайдо бўлиши эҳтимолини 46 фоизгача пасайтиришини айтишган. Гуруч юқори гликемик индексга эга маҳсулот саналади. Бу эса триптофан ва мелатонин ажралиши суръатига таъсир қилади. Айнан шу гормонлар сифатли уйқу учун жуда муҳим.
Яна шуни ҳам ёдда тутиш керакки, айрим ҳолларда чанқоқ ҳисси кучли очлик ортига яширинган бўлиши мумкин. Бир стакан сув ёки яхшиси занжабилли чой ичиб кўринг.
Сизга ёқимли тушлар ва гўзал қомат тилаймиз.
Мавзуга оид
12:13 / 19.09.2023
Болалар миллий тиббиёт марказида онлайн маслаҳат бериш йўлга қўйилди
12:29 / 15.08.2023
Шаҳарликларга қишлоқ таъмини сотяпман – уй таомлари пишириб сотаётган ёш она ҳикояси
10:50 / 08.08.2023
Аэропортда нималар қилмаслик керак? Стюардесса маслаҳатлари
22:44 / 30.12.2022