Ўзбекистон | 12:29 / 15.08.2023
40022
8 дақиқада ўқилади

Шаҳарликларга қишлоқ таъмини сотяпман – уй таомлари пишириб сотаётган ёш она ҳикояси

Нигора Тошмуродова – тил ва адабиёт йўналишида таълим олган. Илмга муккасидан кетиб ўқиб юрган Нигора оилали бўлиб бирин-кетин фарзандлари туғилгач, ўзини бошқа йўналишда синаб кўряпти: хамирли овқатлар пишириб сотишни йўлга қўйди. “Ресторанларнинг овқатлари зираворларга бой ва хушбўй, мазали бўлади. Мен эса айнан қишлоқ ва уй таъмини сотяпман”, дейди Нигора ўз иши ҳақида.

Фото: Kun.uz

“Супрага яқинлашмайдиган қиз эдим”

Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида бакалавр ва бир йил магистратура ўқиганман. Кетма-кет фарзандли бўлганим учун магистратурани давом эттира олганим йўқ. Ҳозир бир қиз ва ўғил фарзандимиз бор.

Ўқишга муккасидан кетган ва шаҳарликка айланган барча талаба қизлардек пишир-куйдир, рўзғор ишларидан анча йироқ бўлганман. Ўқишга ҳам коллеж, лицей ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган фан олимпиадасида ғолиб бўлиб, имтиёз билан кирганман.

Аям келган совчиларнинг ҳаммасига ҳеч ишни билмаслигимни айтган ва бунга кўнган қайнонамнинг уйида келин бўлгач ҳам супранинг олдидан узоқ бўлганман. Хуллас, яхши келин бўлмаганман.

Ҳозир аям ҳам, қайнонам ҳам ҳайрон бўлишади, шунча нарсани қандай қиляпсан, деб. Китобдан бошимни кўтармаган, шоирликка, мақолалар ёзиб, олимликка интилиб юрган пайтларим ошпазлик ҳақида тасаввур ҳам қилмаганман. Фарзандли бўлибгина рўзғор қилишни озгина ўрганган одамман. Яқинда университетга бордим. Энг қизиғи, ҳамма мени ўша жойда ҳам бакалавр, ҳам магистратурада ўқиганимнимас, исмалоқли таомлар тайёрлашимни билишаркан. Бундан хурсанд бўлишимни ҳам, хафа бўлишимни ҳам билмайман.

Нигора Тошмуродова оиласи билан

Кичик бизнеснинг бошланиши

Бола парвариши таътилида уйда қолгач, хамирли уй таомларини пишириб мижозларга етказиб беришни йўлга қўйдим. Дастлаб яримфабрикатлар тайёрлаб сотмоқчи бўлганман. Telegram орқали шу иш билан шуғулланувчи гуруҳларни кузатиб юрардим. Мен биладиган яримфабрикатлар тайёрлаб берадиганларнинг кўпчилиги ёш болали аёллар.

Ишимнинг бошланишига эса турмуш ўртоғимнинг кечга яқин пичак (турли масаллиқлар, исмалоқ, кўкатлар солиб юпқа қилиб тандирда ёпиладиган таом) егиси келиб қолиши сабаб бўлган. Эрим ярим кечаси тайёр бўлган пичак расмини Facebook’ка жойлагач, кўпчилик қизиб қолди. Шу билан бошланиб кетган ҳаммаси. Дастлаб, юз минг сўм билан бошлаганман ишимни.

Аслида, бу ишни болалар билан қилиш осонмас. Баъзан болаларимни қийнаяпман деб ўйлайман. Чунки уларга беришим керак бўлган вақтим, меҳрим, эътиборим иккига бўлинади. Бир кун олдин берилган буюртмаларни бемалол тонгда, улар ухлаётганда тайёрлайман. Баъзан шошилинч буюртмалар бўлади. Ўша пайтда қийналаман.

Ёш оиламиз. Бир кишининг ойлиги билан шаҳарда яшаш қийин. Шунинг учун ҳеч бўлмаса болалар ва ўзимизнинг харажатимизни қопласин деб ҳаракат қиламан. Кичкинам яқинда бир ёш бўлади, ҳозир айни эътиборга муҳтож пайтда. Баъзан кечаси билан ухламаймиз. Кундузи эса иш. Чарчайман-у, лекин шу ишни қилмаган куним кўпроқ чарчайман. Одам ҳаракат қилиб тургани яхши экан.

Таомлар ҳақида

Шаҳарда яшаётган одамлар қишлоқнинг ифорини берадиган таомларни чиндан соғинган. Балки, мижозларим шунинг учун ҳам мен пиширган овқатларни қайта-қайта буюртма қилишар. Ресторанларнинг таомларида зираворлар ҳисобига жуда хушбўй ҳид ва ажойиб таъм бор. Лекин қишлоқнинг самимийлиги йўқ. Мен таомларимни онам, қайнонам қандай қилган бўлса, шундай қилишга ҳаракат қиламан. Ўзимнинг супрам, тахта-ўқловим бор. Зираворларни кўп қўшмайман.

Қишлоқдан (Самарқанд вилояти, Иштихон туманидан) сарёғ ҳам олиб келтириб сотаман. Кўпчилик ишончлими, ҳиди йўқми, деб сўрайди. Бошида ҳайрон қолардим, сарёғда ўзининг ҳиди бўлади-ку, шуни айтяптимикан, деб. Кейин билсам, сарёғга сунъий нарсалар қўшиб кўпайтиришаркан. Лекин қишлоқларда маргарин нималигини билмайдиганлар, сомса, патирларига ҳам сарёғ сурадиганлар бор. Бу маълумотни келтиришимнинг сабаби эса бошқа. Шаҳарнинг одамлари сунъий таъм берилган таомлардан безган, назаримда.

Ҳозирча менда энг катта муаммо жой муаммоси. Агар мана шу нарсани ҳал қилиб, етказиб бериш хизматини йўлга қўйиб олсам, жуда катта бизнес қилса бўлади, деган хулосага келганман. Жуда кўп одамлар узоқ бўлгани, таксида етказиш қиммат эканлиги учун таомларимни ололмайди. Уйимга яқин бўлган мижозларим бор. Улар қайта-қайта буюртма қилишади. Ҳатто пулини олдиндан тўлаб қўйиб, илтимос қилишади.

Бу ишни бошлаб ҳар хил одамлар борлигини билдим. Баъзи одамлар буюртма берганини ёдидан чиқаришади. Ўша пайти, тўғриси, икки боламга қарамай, бошқа буюртмаларимни рад қилиб, таом қилиб берган одамдан истамасам-да, ич-ичимдан норози бўламан.

Лекин пиширган нарсам қолиб кетмайди. Telegram’даги гуруҳимда менинг бўш вақтимга, таомларимнинг ортишига қараб турадиганлар бор. Сотилиб кетади ҳаммаси. Фақат ўзим бировга аталган нарсани бошқага сотишни унча хоҳламайман. Жуда пулга муҳтож бўлмасам сотмайман у нарсани. Ўзимиз еб қўя қоламиз.

“Менга бу иш керак эди...”

Аллоҳга шукрки, бу ишнинг ортидан ҳам моддий, ҳам руҳий далда топганман. Доим кўчада юриб турган одам бирдан уйда қолиб кетса, қанақа тушкунликка тушишини ҳамма билади. Бир тарафдан туғуруқдан кейинги депрессия. Бутун дунёдан узилиб қолгандек ҳис қила бошлаганман ўзимни. Бу ишни бошлаб одамлар билан муомала қила бошлагач, руҳиятимда анча ўзгариш бўлган. Ҳозирги кунда болаларим касал бўлиб қолса, мен билан бирга қайғурадиган яқинларим бор. Улар етти ёт бегона. Бир-биримизни кўрмаганмиз ҳам. Лекин нима сўрасам йўқ демайди. Доим ёрдамга тайёр.

Фойдага келадиган бўлсак, ўртача 5 млн топсам керак. Шароит бўлса, болаларимга қарайдиган одам бўлса, бундан ҳам кўп топиш мумкин.

Оилавий режамиз Канадага кетиш. Ўқишга ҳужжат топширганман. Ижобий жавоби келса, бу ишни тўхтатишим мумкин. У ёққа кетмасак, келаси йилдан магистратурамни давом эттирмоқчиман. Бу ишимни эса бирорта ресторанми ёки кафе очиб иш юритувчи сифатида давом эттириш ниятим бор.

“Бола пули ҳамма онага берилиши керак...”

Эркакларни камситмаган ҳолда, бир нарсани айта оламан: аёллар ожиза саналса-да, жуда кўп нарсага қодир. Ҳам бола, ҳам рўзғор, ҳам эр, ҳам пул топишни фақатгина аёллар эплай олади. Шунинг учун декретдаги аёлларни қаҳрамон деб биламан.

Лекин бир нарсани жуда кўп ўйлайман. Аёлларни бундай ҳолатдан қутқариш керак. Юқорида мен каби гуруҳ очиб, шу иш билан шуғулланадиган гуруҳларнинг админлари эмизикли аёллар эканлигини айтгандим. Баъзан видеоларида, аудиоларида боласининг йиғлаган овози эшитилиб қолади. Тўғриси, бу ҳолатни бошидан ўтказаётган бир аёл сифатида уларга раҳмим келади.

Бунинг чорасини эса уларни моддий тарафдан таъминлабгина топиш мумкин. Ҳеч бўлмаса она икки ёшгача боласига бор меҳрини, эътиборини бера олиши керак. Афсуски, кўпчилик бунда фақат эрларни айблайди. Лекин бу унчалик тўғри эмас. Ҳар бир аёлга бола пули берилиши керак. У хоҳ бой, хоҳ камбағал бўлсин. Шунда она моддий вазияти ҳақида ўйламай бор меҳрини фақат боласига беради.

Катта фарзандим туғилганидан кейин ярим йилча қишлоқда яшаганман. Мен-ку қийналмаганман. Лекин қишлоқдаги кўпчилик келинлар, аёлларга қийин. Улар ҳатто боласига “каша” олиб бера олишмайди. Печенье бериб боланинг ошқозонини бузганлар қанча. Уч ойликдан қорни тўймаётгани учун болаларга қозон овқат беришади. Онанинг ўзининг қорни яхши тўймайди шароит туфайли. Эри ҳеч қаерда ишламайдиган оилаларга ҳам бола пули берилмайди. Мана шу тарафларни ҳам яхшилаб ўйлаб кўриш, ёш оналарни қўллаб-қувватлаш керак деб ўйлайман.

Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди.

Мавзуга оид