Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Танқидий мақоладан сўнг Қарши шаҳридаги кўп қаватли уйлар муаммолари бартараф этилди - Фото
Kun.uz сайтида жорий йилнинг 21 май куни «Қарши шаҳридаги кўп қаватли уй аҳолиси ёмғирдан жабр кўрди. Мутасаддилар муаммони ҳал этдими?» сарлавҳали танқидий мақола эълон қилинган эди.
Унда Қарши шаҳри, «Кунчиқар» маҳалласидаги кўп қаватли уйларда кучли ёмғир ёғиши натижасида юзага келган ҳолат ёритилганди.
Маълум бўлишича, маҳалла 2019 йил «Обод маҳалла» дастурига киритилган. Чаманбоғ кўчасида жойлашган кўп қаватли уйларида 1 май куни таъмирлаш ишлари бошлангани боис уйларнинг том қисми очиб ташланган. Таъмирлаш ишлари пайсалга солиниши оқибатида кучли ёмғирда хонадонлар абгор ва яшаб бўлмас даражага келган. Хонадонларнинг том қисмидан сув ўтиши натижасида аҳоли катта зарар кўрган.
«Бу маҳалла жорий йилги «Обод маҳалла» дастурига киритилган. Шунинг учун кўп қаватли уйларда ҳам таъмирлаш ишлари бошланган эди. Том қисми алмаштириш учун олиб ташланганди. Аммо қайта таъмирлаб, ёпгунга қадар кучли ёмғирлар ёғди. Шу туфайли бу ҳолат юзага келди. Ёмғирдан кейин ишлар тезлаштирилиб, иккита кўп қаватли уйнинг том қисми ёпилди. Қолган кўп қаватли уйларда ҳам ишлар давом этяпти. Ёмғир кутилмаганда бўлди ва бу табиат ҳодисаси. Шунинг учун етказилган зарар қопланиши ҳақида аниқ бир гап айтиш қийин», – дея ҳолатга изоҳ берганди Қарши шаҳар ҳокимлиги қурилиш бўлими бош мутахассиси Хуршид Зиятов.
Шунингдек, кўп қаватли уйларда истиқомат қилаётган фуқаролар уйларнинг 1960 йилда қурилгани, жуда таъмирталаб ҳолга келиб қолгани, бу каби эски кўп қаватли уйлардан воз кечиб, ўрнига янги, замонавий уйлар қуриш афзаллигини билдиришганди.
Қарши шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари «Кунчиқар» маҳалласидаги кўп қаватли уйлардаги муаммолар айни вақтда бартараф этилганини таҳририятга маълум қилишди ва бу ҳақида маълумотнома, фотосуратлар тақдим этишди.

«Қарши шаҳар ҳокимлиги «Қарши шаҳридаги кўп қаватли уй аҳолиси жабр кўрди. Муттасадилар муаммони ҳал этдими?» номли мақола юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Қарши шаҳар, «Кунчиқар» МФЙ 2019 йил «Обод маҳалла» дастурига киритилган бўлиб, шу худудга қарашли Чаманбоғ кўчасида жойлашган икки қаватли 1-2-3-4 уйларда том қисмини мукаммал таъмирлаш-тиклаш ишлари бошланган. Мазкур иш жараёни олиб борилаётган вақтда об-ҳавонинг ноқулай келиши ва жорий йилнинг 18 май куни кучли ёмғир ёғиши натижасида юқорида кўрсатилган уйларнинг том қисмидан ички томонига чакки ўтиб, кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли ёмғирдан жабр кўрди.
Қарши шаҳар ҳокимлиги томонидан ушбу ҳолат бўйича тезкор ишчи гуруҳи тузилиб, «Кунчиқар» МФЙ Чаманбоғ кўчасида жойлашган икки қаватли уйларнинг том қисми тўлиқ таъмирланиб, хозирги кунда ушбу кўп қаватли уйларнинг фасад қисми таъмирлаш бўйича лойиҳа ишлари олиб борилмоқда.
Келгусида Қарши шаҳарнинг бош режасига асосан «Кунчиқар МФЙ»да жойлашган икки қаватли уйлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 25 июлдаги ПК-2010-сонли «Қарши шаҳрининг келажакда қайта қуриш режаси ва замонавий йўл транспорт коммуникацияларни ривожлантириш дастури тўғрисида»ги қарорига мувофиқ юқори турувчи мутасадди ташкилотлар томонидан кўриб чиқилишини маълум қилади» – дейилади Қарши шаҳар ҳокимининг қурилиш масалаларига масъул ўринбосари У.Авазов томонидан имзоланган маълумотномада.






Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
12:42 / 23.05.2025
Тошкентда уй-жойга инвестициялар даромадлилиги 4,5 баробарга пасайди
20:52 / 20.05.2025
«Credit House» ишида 182 млрд сўм зарар аниқланди
09:41 / 16.05.2025
Мактаб ўрнига “дом”, 167 жабрланувчи. Тошкентда “новостройкачи”ларга нисбатан йирик суд иши бошланди
17:02 / 15.05.2025