Тошкент вилояти ҳокими ишдан кетди
Ғуломжон Иномович Ибрагимов саломатлиги туфайли бошқа ишга ўтиши муносабати билан Тошкент вилояти ҳокими лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти бу ҳақдаги тегишли фармонни имзолаган.
Тошкент вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари Рустам Қурбонназарович Холматов зиммасига Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажариш юклатилди.
Давлат раҳбари кеча, 3 июнь куни Нурафшон шаҳрида Тошкент вилояти фаоллари, ҳокимлар ва секторлар раҳбарлари, республика идоралари мутасаддилари иштирокида йиғилиш ўтказганди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев вилоят иқтисодиёти, туманлардаги аҳволни танқид қилди.
«Ўзим юриб, республикадан раҳбарлар юбориб, энг долзарб масалаларни ҳал қиляпмиз. Ҳамма жойда ўзгариш бўляпти. Тошкент вилояти нега уйғонмаяпти? Вақт шиддат билан ўтяпти. Ҳар бир кун, ҳар бир дақиқа ғанимат. Президент сиёсат юритади, имкон яратади. Мутасаддилар қаттиқ талаб қилиб, қуйи тизимдаги раҳбарлар жон куйдириб ишлаб, натижани таъминлаши керак. Одамлар қуруқ гапга чидамайди. Тошкент вилоятида қуруқ гап. Қани рақобат, қани илм, қани натижа, қани ташаббус», - деди Шавкат Мирзиёев.
Эслатиб ўтамиз, Ғуломжон Ибрагимов вилоят раҳбари лавозимида 2017 йилнинг октябрида пахта ҳосилини қўшиб ёзгани учун ишдан олинган Шукрулло Бобоев ўрнида иш бошлаганди. У 2018 йилнинг январида Тошкент вилояти ҳокими лавозимига расман тайинланган.
Ибрагимов 1958 йил Тошкент вилоятининг Пискент туманида таваллуд топган. 1980 йилда Тошкент политехника институтини, 2003 йилда Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясининг Олий ишбилармонлик мактабини тамомлаган.
Ўз навбатида, Рустам Холматов 1961 йилда Тошкент вилояти, Оққўрғон туманида туғилган, 1987 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтини тамомлаган.
У 1998-2000 йй. - Тошкент вилояти Чиноз тумани ҳокими, 2000-2003 йй. - Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари - вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи, 2003-2008 йй. - Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ тумани ҳокими, 2008-2013 йй. - Тошкент вилояти ҳокими бўлган.
2016-2017 йй. - Тошкент вилояти Бекобод тумани ҳокими, 2017-2018 йй. - Жиззах вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари сифатида ишлаган. 2018 йилдан Тошкент вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари сифатида фаолият юритиб келаётганди.
Мавзуга оид
19:57 / 22.11.2024
«Тошкент вилояти сув таъминоти» АЖ мутахассиси 1,6 минг доллар билан ушланди
21:23 / 21.11.2024
Тошкент вилоятида ҳожатхона учун қазилган чуқурга тушиб кетган фуқаро қутқарилди
14:12 / 15.11.2024
Дилшод Султонов шаҳар ҳокимлигидан ҳам кетди
08:14 / 14.11.2024