Ўзбекистон | 18:12 / 04.06.2019
13350
3 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида 515 миллион долларлик замонавий тоғ курорт дам олиш масканлари ишга тушади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент вилоятига ташрифи давомида вилоятнинг туризм, энергетика, кимё, металлургия соҳаларидаги йирик иқтисодий лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди. Уларга мувофиқ, Тошкент вилояти Ўзбекистоннинг туристик марказларидан бирига айланиши кутилмоқда. Вилоятда Франция инвесторлари билан ҳамкорликда 515 миллион долларлик замонавий тоғ курорти дам олиш масканлари ишга туширилади, дея хабар беради Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати.

“Чорвоқ” эркин туристик зонасида халқаро умуммавсумий ва соғломлаштириш мажмуаси бунёд этилади. Президент бу лойиҳаларни давлат-хусусий сектор шерикчилиги асосида кечиктирмай амалга оширилиши кераклигини, бу эса иқтисодиёт юксалиши ва халқ фаровонлиги йўлида хизмат қилишини таъкидлади.

“Юртбошимизга Тошкент вилоятида тоғ-чанғи курортини яратиш бўйича лойиҳа таклиф этилди. Лойиҳа режаси Франция компаниялари томонидан ишлаб чиқилди. Унга кўра, 40 километрдан ортиқ туристик зона, 100 дан зиёд хизмат тури ва 5 мингдан кўпроқ меҳмонхоналардаги ётоқлар, 3 мингдан ортиқ иш жойи жорий этилади. Тоғли курортларимиз – Белдирсой, Чимён, Юсуфхона ва Нанайда бунёд этилади”, - дейди Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов.  

Шу билан бирга, у ҳозирги кунда “Амирсой”да 100 миллион доллардан ортиққа баҳоланган лойиҳа амалга оширилаётгани ва у жорий йилнинг октябрь ойида ишга туширилишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, мазкур лойиҳа дунёдаги 15 та энг яхши тоғли курортлар сирасига киради. Унинг атрофида меҳмонхоналар, савдо зоналари ва турли хизматлар ташкил этилади ҳамда янги йўл қурилади. Ҳудуд автомобиллар киритилмайдиган экозонага айлантирилади.

Бундан ташқари, Азиз Абдуҳакимов Тошкент вилоятида туристик “Олтин халқа”ни яратишга доир концепция тайёрланганини қайд этди. “Олтин халқа” Зангиота, Бўстонлиқ, Паркент, Ангрен, Оҳангарон, Бўка ва Чиноз ҳудудларини ўз ичига қамраб олади. Таъкидланишича, буларнинг натижасида меҳмонхоналар сони 4 баравар, меҳмон уйлари сони 3,5 баравардан кўпроққа ортади. Сайёҳлар сони ҳам 2 бараварга ошиши кутилмоқда.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид