Қирғизистонда журналистга қўполлик қилган губернатор ишдан олинди
Журналистга қўполлик қилиб, кейин бу иши учун узр сўрашдан бош тортгани учун Қирғизистон бош вазири ўринбосари, ҳукуматнинг Чуй вилоятидаги вакили Абдраимов Туйгунаали Дуйшеналиевич ишдан кетди.
Қирғизистон Республикаси Бош вазири Муҳаммадқалий Абилғазиев ўз ўринбосарини лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармойишини имзолаган.
Туйгунаали Абдраимов 5 июнь куни журналистларнинг Сокулук туманидаги маҳаллий аҳоли ўртасида можаро юз берган Орок қишлоғидаги ҳодисалар ҳақидаги саволга жавоб беришдан бош тортганди. У буни ўзига журналистлардан бирининг юзи ёқмагани билан изоҳлаганди.
«Менга сизнинг юзингиз ёқмаяпти. Башарангиз ёқимсиз», - деганди у.
Бу ҳодиса жамоатчилик орасида катта резонанс келтириб чиқарди. Кўпчилик унинг истеъфосини талаб қилиб чиқди.
Абдраимов бу хатти-ҳаракатлари учун узр сўрамагани «халқнинг ғазабини янада қайнатди». У этикага қарши ҳаракатлари ортидан журналистлардан яширинишга ҳаракат қилди.
Бу вазиятга мамлакат бош вазири Муҳаммадқалий Абилғазиев ҳам аралашишга мажбур бўлди.
«Муҳаммадқалий Абилғазиев бу даражадаги амалдор ва журналист ўртасида рўй берган воқеадан афсусда. Бундай ҳодиса ҳукуматнинг барча ижро органларини сояга ташлайди», дейилди Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати хабарида.
Ҳукумат раҳбари барча давлат амалдорларидан шаффоф ва очиқ ишлашни талаб қилди. Бу айниқса журналистик соҳа вакиллари билан муносабатларга тегишли экани таъкидланди.
Бош вазир губернаторнинг хатти-ҳаракатларига муносиб баҳо берилишини айтганди. Якунда амалдорнинг ҳаракатларини оқловчи сабаб топилмаган ва у ишдан олинган.
Мавзуга оид
13:40 / 24.11.2024
Қирғизистонда электрон сигареталар тақиқланади
13:51 / 23.11.2024
Қирғизистонда содир бўлган зилзила кучи Ўзбекистонда сезилди
21:37 / 20.11.2024
«Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўли бўйича музокаралар якуний босқичда – ОАВ
20:34 / 20.11.2024