«Сергелимас, «Пробкали». Яна Тошкент йўлларидаги тирбандликлар ҳақида
2019 йил. Май. Баҳорнинг сўнгги кунларини кузатаётганимизга қарамасдан жазирама иссиқ, ёздан қолишмаяпти. Юниформадаги киши, елкасига дока рўмолини қўйиб тонг саҳардан иш бошлашга ҳозирланиб турибди. 12 йилдан бери «Дўстлик 2» - «Қорақамиш 2/5» йўналишида қатнайдиган 131-автобус ҳайдовчиси, бугун ҳеч қандай фавқулодда вазият бўлмаса ўртача 12-15 марта йўл қатновини амалга ошириши керак. Чунки бола-чақасининг нони унинг «план»ни бажаришига боғлиқ. Эҳ, ишқилиб тирбандликка учраб вақт йўқотмасин-да.
Узоқ ўтган замондан бери эса Сергели туманида автомобиллар тирбандлиги камина юқорида таъкидлаб ўтган фавқулоддаги вазият эмас, балки кунда одамларни «қонини қайнатадиган» муаммо. Балки, кўпчилик куннинг «пик» пайтида кўп йўлларда «пробка» балоси бўлишини айтиб, пинагини бузмас. Лекин бу ерда «Сергели мошина бозори» деган донғи кетган ҳудуд борки, чангалидан эсон-омон чиқиб олсангиз марра сизники!
Тонгги, кундузги, кечки пайтда автомашиналар серқатнов бўлиб, йўлда ана шундай тирбандликлар кузатилади. Бироқ Сергели «пробка»лари вақт танламайди. Йўлда битта енгил автомашина ишдан чиқса ёки баҳайбат юк ташиш машиналари эшилиб ўрнашиб олса, яна ўша эски тос бошланади.
«Тирқиш»лар оралаб уйга томон йўл
Катталар асаб толалари узилиб-узилиб бўлса ҳам амаллаб чидаб туришади, лекин агар гўдагингиз билан йўлда тирбандликда қолиб кетсангиз, сабр берсин. Ахир чақалоқни соатлаб қандай алдаб турасиз? Ачинарлиси, ҳатто тез тиббий ёрдам машиналари ҳам сиреналар кучи билан «ўргимчак тўри»дан қутулиб чиқиб кета олмайди. Машина ичидаги беморнинг ҳолати эса...
Сергелида тирбандлик бир эмас, икки жойда, асосан, Янги Сергели кўчасининг халқ тилида Ўзгариш темирйўл кўприги остидаги қисми ва машина бозори олдида юзага келади. Бугунги кунда туман ҳокимияти биноси яқинидаги чорраҳадан Янги Сергели кўчасигача олиб борилаётган қувур тузатиш ишлари ҳам «итнинг кенг оёғидай» битмасдан роса ҳайдовчиларни хуноб қилди.
Ҳатто Facebook ижтимоий тармоғида ҳам ушбу ҳолат юзасидан изоҳлар тўлиб кетди. «Потребители.уз» саҳифасидаги аччиқ ҳақиқатдан парчалар: «Сергелидаги коммуналчиларнинг йилда икки марта асосий проспект йўлини кавлаш одати бор. Сергели худди бир ёпиқ туман кабидир, уни шаҳар билан биргина йўл бирлаштириб туради, холос». Шу пост остида ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари фаол равишда фикр билдиришган:
«Бу ҳақиқий чегарадан чиқишдир. Салкам икки ойдан бери тирбандлик. Туманимизни Сергели эмас, «Пробкали» деб номлаш керак» (Нигора Шомансурова).
Ҳар куни амаллаб Сергелини тарк этасиз ва юрагингиз безиллаб, яна шу ерга қайтасиз, чунки уйга қайтиш «дарча»си битта, автомобиллар эса миллион!
Ҳоким бува вертолётда учиб келар...
Очиғи, одатда, ҳар куни соат 7:45да уйдан олийгоҳ сари йўлга тушаман. Агар 5 дақиқа кеч қолсам, бу менга кейин анча қимматга тушиши мумкин. Сергели туманидан шаҳар марказига олиб борувчи асосий йўл битта. 2017 йилги gov.uz сайти статистикасига кўра, туманда 169 500 нафар киши истиқомат қилиши кўрсатилган. Янги уйлар қурилиши якунланса, туманда яна 8та янги даҳа, минглаб оилалар, юзлаб ҳайдовчи ва йўловчилар истиқомат қила бошлайди. Ана унда аҳвол нима бўлади? Янги ер усти метроси-чи, дейсизми? Тўғри, метронинг ҳам фуқароларга мислсиз фойдаси тегиши аниқ. Лекин бугунги кунда ҳар бир оилага биттадан автомашина тўғри келиши ҳақидаги фикрдан келиб чиқиб, шуни айтиш мумкинки, Сергели туманига кириш ва чиқиш учун энди ягона асосий йўл кўплаб муаммоларга сабаб бўлиши мумкин. Яна бир савол. Бизнинг ҳоким милиция кузатуви ҳамроҳлигида келармикин ёки учиб келармикин ўз иш жойига? Оддий аҳоли каби кунда тирбандликда қолиб кетса, охири бир кун йўқ қиларди-да бу муаммони. Яна бир ғализ ҳолат, янги уйлар қурилишини текширгани келган жаноб президентнинг кўзларини қандай шамғалат қилишган экан?
Ёзсам сатрлар сатрларга уланадиган бу мавзуга ҳайдовчилар билдирган таклифлар билан хулоса ясасам: юқоридаги каби ҳолатни бартараф этиш учун асосий йўлни кенгайтириш, яна камида биттадан қатор қўшиш, ДАН ходимлари йўлни назорат қилишини таъминлаш, автомашиналар учун кўприк ва пиёдалар учун ер усти ўтиш йўли қуриш лозим. Қанча тез бошласак, муаммони шунча тез ҳал қилиш мумкин.
Жамоат транспорти ҳайдовчиларининг ризқини қирқманг, иш жойига маиший сабаблар билан кеч қолган ходимнинг маъмуриятдан ҳайфсан олишига сабабчи бўлманг. Халқнинг дарди билан яшаб, унга малҳам бўлишни ўзингиз учун шараф деб билинг.
Фарзона ҲАМРОЕВА
Мавзуга оид
12:19 / 25.11.2024
«Барча ижро органларини Янги Тошкентга кўчирамиз» — Шавкат Мирзиёев
12:00 / 12.10.2024
Сергелидаги портлаш: 4 нафар айбланувчининг ҳар бири 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди
07:53 / 28.09.2024
Тиланчилик учун 10 ёшли ўғлидан фойдаланган эркак 10 суткага қамалди
19:41 / 27.09.2024