Жаҳон | 10:30 / 21.06.2019
35325
8 дақиқада ўқилади

Тбилисида Россияга қарши намойишлар: Парламентнинг қамал қилиниши ва тўқнашувлар

Фото: Новая газета

20 июнь куни кечқурун Грузия пойтахти Тбилисида кўп минг кишилик намойишлар бошланди. Расмий маълумотларга кўра, парламент биноси олдидаги майдонда 10 минг киши тўпланган. Мухолифат чақириғига кўра маҳаллий вақт билан соат 19:00да йиғила бошлаган одамлар Грузия «Россия томонидан оккупация қилиниши»га қарши чиқишган ва парламент спикери Ираклий Кобахидзе, шунингдек Ички ишлар вазири Георгий Гахария ҳамда Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари истеъфога чиқишини талаб қилишди. Норозилик акцияси бошланганидан бир соат ўтиб истеъфолар ҳақидаги талаблар қондирилмагач, намойишчилар парламент биносига бостириб кириш учун ҳаракат бошлашди.

Парламент биноси олдида минглаб киши тўпланди
Vano Shlamov / AFP / Scanpix / LETA

Намойишларга Россия Давлат думаси депутати Сергей Гавриловнинг Грузия парламентида чиқиш қилиши сабаб бўлди. Грузия парламентида 20 июнь куни Парламентлараро православия ассамблеяси мажлиси ўтказилди (ассамблея Греция ташаббуси билан 1993 йили, парламентлараро орган сифатида ташкил этилган; грузинлар ҳам худди греклар ва руслар каби православ). Ассамблеянинг ҳозирги раҳбари — Россия парламенти депутати Сергей Гаврилов ҳисобланади.
У Грузия парламенти раисининг курсисига ўтириб олган ва мажлисга йиғилганларга рус тилида мурожаат қилган. Бу эса Грузия мухолифати вакиллари — «Ягона миллий ҳаракат» ва «Европа Грузияси» партияларидан сайланган депутатларнинг норозиликларини келтириб чиқарган. Шундан сўнг мажлис барбод бўлган, депутат Гаврилов қўриқчилар ҳимояси остида парламентни тарк этган ва меҳмонхонага яширинган. Кўп ўтмай унинг бошчилигидаги Россия делегацияси Грузиядан чиқиб кетган.

Ҳукуматдаги «Грузин орзуси - Демократик Грузия» партияси раҳбари, миллиардер Бидзин Иванишвили, бош вазир Мамука Бахтадзе ва парламент спикери Ираклий Кобахидзе «оккупант-давлат вакили қисқа вақтга бўлса-да Грузия парламенти раиси креслосида ўтиргани» учун узр сўради.

Полиция намойишчиларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газлар, резинали ўқлар ва водомётлар қўллади. Ўз навбатида акция иштирокчилари ҳам полициячиларга қарата бутилкалар улоқтириб, уларнинг щитларини тортиб олишди. Тўқнашувлар вақтида ўнлаб кишилар жароҳатланди. Грузия Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра икки томондан жами бўлиб 69 киши жабрланган. Уларнинг ярмидан кўпроғи — 39 нафари полициячилар.

Полиция намойишчиларни тарқатиш учун резина ўқлар ва кўздан ёш оқизувчи газлар қўллади
Irakli Gedenidze / Reuters / Scanpix / LETA

Сиёсатчи Михаил Саакашвили намойишчиларни қўллаб-қувватлаб чиқди. У полициячиларни ҳукумат буйруқларига бўйсунмасликка ва «халқ томонига ўтиш»га чақирди.

«Биз ишни охиригача олиб боришимиз ва Грузияни озод қилишимиз керак», — деди у.

Айни вақтда Минскда ташриф билан бўлиб турган Грузия президенти Саломе Зурабишвили Саакашвилининг баёнотига эътироз билдирди. «Бунга тоқат қилиб бўлмайди, бошқа мамлакат фуқароси четдан туриб полицияни ҳукуматга бўйсунмасликка чақириши нормал эмас», — деди у.

У шу билан биргаликда Россияни мамлакатда норозилик намойишларини ташкиллаштиришда айблади.

«Мамлакат ва жамиятнинг ажралиши, шунингдек, ички низолар Россиядан бошқа ҳеч кимга фойда келтирмайди ва бу унинг энг ишончли қуроли», — деб ёзади Грузия президенти фейсбукдаги саҳифасида. Унинг сўзларига кўра, Россиянинг бешинчи колоннаси ҳозирги вазиятда очиқ тажовуздан кўра хавфлироқ.

У Грузияда содир бўлаётган беқарорликни ёқлаётганлар Россия сиёсатини қўллаб-қувватлаши ва Кремль режаларини амалга оширишга кўмаклашиши ҳақида таъкидлади. «Россия — бизнинг душманимиз ва босқинчи», — дейди президент.

Грузия ҳукумати намойишчиларни музокараларга чақирди. ИИВ раҳбари Георгий Гахария акция иштирокчиларида «норозилик учун асослар борлиги»ни қайд этди, аммо шу билан биргаликда, полициячиларга ҳужум қилганлар жазога тортилишини қўшимча қилди. 

Грузия бош вазири Мамука Бахтадзе ҳам норозиликни адолатли, асосли деб атаб, шу билан биргаликда Михаил Саакашвили томонидан тузилган «Ягона миллий ҳаракат» партиясини «Грузияни мамлакатда умрбодга жорий этилган ҳуқуқий чегаралардан чиқариб юбориш»да айблади.

Россия ТИВ «Грузиянинг радикал сиёсий кучлари» ҳаракатларини қоралаб чиқди. Ташқи ишлар вазири ўринбосари Григорий Карасин Москвадагилар Парламентлараро православия ассамблеяси фаолияти тўсқинликка учраганидан «ғазабланишгани»ни маълум қилди. «Грузиядаги радикал кучларнинг ҳаракатлари ғазабимизни келтирди. Улар проваслав дунёсининг халқаро форумидан фойдаланган ҳолда Россияга қарши кайфиятларини намойиш этишди», — деган Россия ТИВ вакили. АҚШ зиддиятли томонларни «хотиржамликни сақлашга, вазминликка ва фақат конституция доирасида ҳаракатланиш»га чақирди.

Парламент қамали
Фото: Irakli Gedenidze / Reuters

Намойишчилар 21 июнга ўтар кечаси ҳукуматдаги «Грузин орзуси - Демократик Грузия» партиясининг Тбилисидаги офисига бостириб кириб, у ерни вайрон қилишди ва партия рамзи туширилган байроқларни ёқиб юборишди.

Грузин мухолифати митингларни давом эттирмоқда. «Ягона миллий ҳаракат» етакчиси Григол Вашадзе навбатдаги акциялар бугун маҳаллий вақт билан соат 19:00да (Тошкент вақти билан 20:00) Руставели проспектида ташкиллаштирилишини маълум қилган.

Зиддият тарихи

Пайшанба куни Россия Давлат думаси депутати, Парламентлараро православия ассамблеяси президенти Сергей Гаврилов илк марта Грузияда ўтказилган сессияни очиб берди. У парламент спикери ўриндиғида ўтириб, рус тилида нутқ ирод қила бошлагач, норозилик келиб чиқди.

«Ягона миллий ҳаракат» ва «Европа Грузияси» депутатлари аввалбошдан россиялик делегатлар иштирокидаги сессияда қатнашишдан бош тортишганди.

Сессия давомида эълон қилинган танаффус вақтида улар парламент трибунаси томон ҳаракатланишди ва россиялик депутатларни мамлакат қонунчилик органи биносидан чиқариб юборишни талаб қилишди.

«Агар давлат бизни россиялик оккупантлардан ҳимоя қилмаса, биз камида шу зални ҳимоя қиламиз. Бу тадбир россиялик делегатлар иштирокида бўлмаслиги керак», деди трибунада туриб «Европа Грузияси» депутати Елена Хоштария.

Сергей Гаврилов Абхазия ва Жанубий Осетия мустақиллиги учун жанг қилган. Грузия мухолифати маълумотига кўра, Гаврилов 1992-1993 йилларда грузин-абхаз уруши вақтида Абхазия мустақиллиги учун қурол кўтариб чиққани айтилади, шу туфайли Грузия ҳукумати уни мамлакатга киритмаслиги керак эди.

Гавриловнинг ўзи Абхазия учун урушганини инкор этади. Шу билан биргаликда, бу депутат Рустави-2 телекомпанияси учун берган интервьюсида Россия Абхазия ва Жанубий Осетияни мустақил давлатлар сифатида тан олиши ва реалликдан келиб чиқиб, бу давлатлар билан муносабатларни ўстириш зарурлигини айтиб ўтганди.

Грузия Россия билан дипломатик алоқаларни 2008 йил сентябрида узган. Бунга август ойида бўлиб ўтган уруш сабаб эди. Россия Абхазия ва Жанубий Осетияни мустақил давлатлар сифатида тан олган, шу билан бирга бу ҳудудларда ўз ҳарбийларини қолдирган.

Тбилиси ва халқаро ҳамжамият Абхазия ва Жанубий Осетияга Грузиянинг Россия томонидан эгаллаб олинган ҳудудлари сифатида қарайди.

Мавзуга оид