Жаҳон | 21:42 / 08.04.2025
3518
4 дақиқада ўқилади

“Европа ва Осиёнинг ўртасидамиз” – Грузия парламентининг антиғарбона қарашларга эга раиси

Парламентлараро иттифоқ ассамблеясида қатнашиш учун Тошкентга келган Грузия парламенти раиси Шалва Папуашвилига кўра, давлат демократик руҳда ривожланишда давом этяпти. Грузия конституциясида мамлакат келажаги Европа билан экани ёзилган, лекин биз Европа ва Осиё ўртасидамиз, дейди парламент раиси.

Фото: Kun.uz

Парламентлараро иттифоқнинг ассамблеяси доирасида Ўзбекистон Сенати раиси Танзила Норбоева билан кўришган Грузия парламенти раиси Шалва Папуашвили Kun.uz журналистининг Грузия ҳақидаги саволларига ҳам жавоб берди. Унинг айтишича, ҳукумат охирги 12 йилда сезиларли ўзгаришлар қилолган ва халқ буни ҳаётида ҳис қилмоқда. Демократиямиз ишлайди, дейди парламент раиси.

- Қарши бўлмасангиз, яна бир саволим Грузия ҳақида. Бу давлатдаги сиёсий жараёнлар бизга жуда қизиқ, охирги намойишлар ва сайловдан кейин Ғарб, Европа давлатлари Грузиядаги демократия ҳужум ва таҳдид остида, деди. Сиз бу фикрга қандай қарайсиз?

“Ҳа, бизда парламент сайловлари бўлиб ўтди, унда 5 партия қатнашди. Ҳукмрон партия 54 фоиз овоз йиғиб, кўпчиликнинг қўлловига эга чиқди. Тарихга қарасак, охирги 12 йилда Грузия ҳукумати давлатдаги камбағалликни 30 фоиздан 11 фоизга туширди, ишсизликни эса 27 фоиздан 10 фоизгача камайтирдик, буни бугун халқ ростданам ҳис қилади. Шулар бизнинг демократиямиз ишлаши деб биламан” – Шалва Папуашвили, Грузия парламенти раиси

2024 йилнинг 26 октябрида Грузияда парламент сайлови ўтказиларкан, жараён тўлиқ 2017 йилда конституцияга киритилган ўзгаришлар асосида, тўлиқ пропорционал вакиллик тизимида ўтди. Тўртинчи марта ғалабани қўлга киритган “Грузия орзуси” партияси Украина урушини мисол қилиб келтириб, Россия билан прагматик ташқи сиёсат орқали тинчликни ваъда қилди.

Сайловдан олдин парламентда “Хорижий агентлар тўғрисидаги” қонун жиддий муҳокама-мунозара, намойишларга сабаб бўлди. Европа Иттифоқи ва АҚШ учун бу Грузиянинг яна авторитаризм томон қадам ташлаши бўлиб кўринди. Шунда давлатга нисбатан Вашингтон ва Брюссел “жазо чоралари”ни қўллашга тушди. Жумладан, АҚШ визасини олиш учун чекловчи рўйхат, ўнлаб Грузия расмийлари ва уларнинг оила аъзоларига молиявий санкциялар қўлланди.

Сайловда “Грузия орзуси” партияси 53 фоиз овоз олди ва мухолифатнинг тўрт партиясидан иборат коалициясини мағлуб этгани эълон қилинди. Европа Иттифоқи бу сайловни тан олмаслигини билдирган. Шунинг билан Грузиянинг иттифоққа аъзолик ҳаракатлари айни пайтда расмий доираларда «ўлим» ҳолатида.

Давлатимиз Европа ва Осиё ўртасида, дейди парламент раиси.

- Совет иттифоқи парчалангач, Грузия тез ривожланди. Лекин бу давлатнинг келажаги энди Европа биланми ёки йўқ?

“Грузия тарихан Европага боғлиқ, икки минтақа туташган зонада жойлашган. Биз Европа ва Осиё ўртасида кўприкмиз. Биз Европа Иттифоқига номзод давлатмиз. Бундан ташқари, Грузия Европа томон ҳаракат қилмоқда. Бизда биринчилардан бўлиб аёл киши парламентга сайланди, биринчилардан бўлиб аёл киши президентлик лавозимида ўтирди. Грузия конституциясида у ёзилган даврдаги сиёсатчилар хоҳишига кўра, Грузиянинг келажаги Европа билан экани ёзиб қўйилган. Бошқа томонда биз аллақачон Европа маданиятига ҳам яқинлашдик. Лекин бизда анъанавий равишда Осиё таъсири ҳам жуда кучли. Бизнинг онгимизда бу давлат икки минтақа ўртасида бўлиб қолади” - Шалва Папуашвили, Грузия парламенти раиси.

Мавзуга оид