Жамият | 08:04 / 22.06.2019
63363
5 дақиқада ўқилади

Барча бюджет ташкилотларини ҳам «Вақф»ни сўроқ қилгандек сўроқ қила оламизми?

Фото: Ижтимоий тармоқлар

«Вақф» фонди раҳбарларидан бири хайрия учун йиғилган пуллардан «Малибу» олиб, миниб олганида, бутун интернет портлаганди. Аслида пул ўғирланмаган, шунчаки, бемақсад ишлатилганининг ўзи ҳам, жуда катта норозиликлар учун етарли бўлганди. Ахир бу пуллар умуман бошқа мақсадларда, муҳтожларнинг оғирини енгил қилиш, кимларгадир ёрдам бериш учун йиғилган-ку, дейилди. Албатта, тўғри айтилган ҳаммаси.

Аммо мен эътиборни бошқа жиҳатга қаратмоқчиман. Қаранг, диндорлар унақа, бунақа, деймиз-у, айнан мана шу ерда аслида, халқ бу тоифага кўпроқ ишониши маълум бўлиб қоляпти. Ишонч эмас, шунчаки, бошқа сўз билан айтганда, халқ улардан ҳалол ишлашни, тўғри ишлашни кўпроқ талаб қилар экан. Бошқачасини ҳазм қила олмас экан. Ахир диндор бўлиб туриб, ёлғон гапирасанми? Диндор бўлиб туриб, пул ўғирлайсанми, пора оласанми, бемақсад ҳашаматга бериласанми? Яъни бу эътирозлар ўз-ўзидан диндорлардан талаб юқори эканини, диндорлар яхши одам бўлиши кераклигини ҳам исботлаб қўяди, гўёки.

Энди, динни бир четга суриб турайлик. Бюджетдан, яъни асосан солиқлар ва давлат (халқ) бойликларидан молиялаштириладиган қатор ташкилотлар, органлар, вазирликлар бор. Аслини олганда, худди «Вақф» фонди сингари, у ерда ишлайдиган амалдорлар ҳам аслида, биз йиғиб берган пулларни ишлатишади, ойлик олишади. Бюджет ҳам катта бир ФОНД аслида, оддий қилиб айтганда, биз уларни пул йиғиб, ёллаганмиз - ана шу биз берган пулларни тўғри сарфлаш, тўғри йўналтириш, ўғирлик қилмасликка масъул улар. «Вақф» фондидаги пуллар қандай сарфланиши бизни (ўша фондга пул бермаган бўлсак ҳам) қанчалик қизиқтирса, у ердаги хатолар бизни қанчалик хафа қилса, бюджет ҳам шунақа, ҳатто ундан ҳам муҳимроқ – чунки бу ерда ҳамма пул беради, ҳамма ҳақдор бўлади, фақат эҳсон қилувчилар эмас.

Аммо негадир, унақа эмас, қизиқ, биз у ерларда кўпроқ пуллар ўзлаштирилишини биламиз, кўпроқ хатолар бўлишини, порахўрликларни ҳам биламиз, лекин шунақа бўлиши керакдек, хотиржам қабул қиламиз. «Эй, бу бизнинг пуллар, тўғри сарфла, ўғирлама», дейиш ўрнига, «ўша пулларни ишлатиш имкониятигача етиб борибдими, кўтарилибдими, қандини урсин», деймиз. Ҳавас қиламиз. Фарзандларимизни халққа хизмат қилиш учун эмас, халқнинг пулларидан ишлатиш имконияти борлиги учун амалдор қилгимиз, амалдорга яқинлаштиргимиз келади...

Ҳа, «Вақф» фондидагилар, мусулмон, улар ҳалол бўлиши керак, бошқаларнинг пулини емасликлари керак, тўғри, лекин яна динни бир четга қўйиб турайлик, бошқа соҳадагиларда ҳам шундай масъулият, мажбурият борку? Биз уларни аввало, халқимиз бойлигига, тўпланадиган солиқларга омонатдор қилиб ёлламаганмизми? Уларнинг ҳалол бўлиши, яхши одам бўлиши ҳаётимизга кўпроқ таъсир қилмайдими, аслида? Шундай бўлишни улардан кўпроқ талаб қилишимиз, шундай бўлишга уларни кўпроқ мажбурлашимиз муҳимроқ эмасми?

Бир неча йил олдин, навбатдаги олимпиададан сўнг, Британияда мамлакат шарафини турнирда ҳимоя қилган спортчилар ҳақида турли масалалар кўтарилган. Ҳатто «улар бизнинг солиқларимиз эвазига шуғулланишди ва медалли бўлишди» деган масала ҳам кўтарилган, спортчилар халқдан қарздор эканини айтганлар бўлган экан. Шу йўналишда пул сарфлаш керакми ёки йўқми, деб баҳслашишган ҳам. «Юртимизни дунёга танитишди, раҳмат, уларга машиналар ва мукофотлар берилса арзийди» қабилидаги фикрларнинг ғирт тескариси. Мен бу билан спортчиларни мукофотлашга қаршилик қилмаяпман, шунчаки, баъзида масала моҳиятини тўғри қўйиш ҳам жуда зарурдир.

Бу ҳолат ғарб ва шарқ менталитетидаги фарқлар, бизда бошқарувчиларга «подшоҳ»дек қараш лозимлиги ҳақидаги фикрлар билан инкор этилиши ҳам нотўғри.

Болқон мамлакатларидан биридаги бир амалдор чет элга хизмат сафарига чиқади ва аэропортда кийимлари солинган сумкани йўқотиб қўяди. Магазиндан дресс код учун костюм шим сотиб олишга мажбур бўлади. У қайтиб келгач, жамоатчилик саволга тутади – нега фалон долларлик кийими олиш ўрнига, эллик долларга қимматини олдинг? Амалдор чекларни кўрсатиб, ўша ортиқча қисми шахсий пластигидан қопланганини кўрсатгачгина, ҳамма тинчийди. Бу қайси менталитет? Сизга шарқнинг одил ҳукмдорларидан бири ҳақидаги ривоят – Ҳазрат Умар ва шам воқеасини эслатмаяптими? Яъни адолат, омонатдорлик маълум менталитетнинг меваси эмас, умуминсоний қадрият ҳисобланади ва ким бу қадриятларни фаолият марказига қўйса, ривожланаверади.

Ошкоралик – яхши неъмат. Агар саволлар тўғри қўйилса, масаланинг моҳиятига кўпроқ эътибор берилса, жуда самарали қуролга айланади.

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид