Спорт | 10:11 / 23.06.2019
15730
2 дақиқада ўқилади

Андрей Канчельскис «Навбаҳор»дан истеъфога чиқарилди

Фото: Tribuna.uz

«Навбаҳор» бош мураббийи Андрей Канчельскис ва унинг ёрдамчиси Алексей Беленков истеъфога чиқарилди.

Наманган клуби Суперлигада 11-турдан кейин 8-ўринни эгаллаб турибди. Жамоа охирги тўртта турда дуранг натижа қайд этган.

«Лочинлар» ўз майдонида «Металлург» (0:0) ва «Андижон» (1:1) клубларига қарши кечган ўйинларда дурангга имзо чекиш билан бирга, Олмалиқда ОКМК (1:1) билан бўлган учрашувда ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтда ўз дарвозаларидан тўп ўтказиб юбориб, тайёр ғалабани қўлдан бой беришганди.

«Бу эса жорий мавсумда ўз олдига юксак мақсадларни қўйган жамоага ярашмас, шунингдек, клуб раҳбариятини ҳам қониқтирмасди, албатта», – дейилади клуб расмий сайтида.

Канчельскис 2018 йил 7 октябрида Илҳом Мўминжонов ўрнига «Навбаҳор» бош мураббийи этиб тайинланган эди.

Image
Фото: "Навбаҳор" ФК

Россиялик мутахассис ўрнини ким эгаллаши ҳозирча номаълум. Наманганликлар бугун Суперлига 12-тури доирасида «Бухоро»ни қабул қилишади. Ўйин соат 19:30да бошланади.

Мавзуга оид