Light | 19:50 / 23.06.2019
22214
3 дақиқада ўқилади

Кўриш қобилияти ва тўғри овқатланиш бир-бирига боғлиқми?

Фото: Depositphotos

Ишхона ёки уйда узоқ вақт компьютер қаршисида бўлиш кўриш қобилиятини сезиларли даражада пасайтиради. Биз кўзойнак сотиб олишга тўғри келмагунча бу жараённи пайқамаймиз. Ҳеч ким кўриш қобилияти муаммолари келиб чиқишидан ҳимояланган эмас, аммо бунинг олдини олиш ёки секинлаштириш йўллари мавжуд.

Тўғри овқатланиш таркибида организм ўз вазифасини етарли даражада бажариши учун керакли бўлган витамин, минерал ва энергетик қийматга эга таомларни истеъмол қилишни назарда тутади. Айнан кўриш қобилиятини яхшилаш учун ҳар куни қайси маҳсулотларни тановул қилиш лозимлигини биргаликда кўриб чиқамиз.

Кўришни яхшилайдиган маҳсулотлар

Агар организм барча озиқ моддаларни қабул қилса, ундаги иммунитет мустаҳкам ва турли касалликларга чидамли бўлади, жумладан кўриш қобилиятига алоқадорларига ҳам. Кунлик овқат рационимизда қуйидагилар бўлиши лозим:

1. Творог. Таркибида В2 ва В12 витаминлари борлиги сабабли, нафақат соч ва тирноқлар, балки кўз ичидаги моддалар алмашинув жараёнлари учун ҳам кони фойда.

2. Қовоқ. Каротин, лютеин ва зеаксантин кўз тўр пардасини мустаҳкамлайди. Бу моддалар сабзи таркибида, шунингдек барча апельсин тусидаги маҳсулотларда учрайди. Яқиндан кўришда (миопия) қовоқни доимий равишда тановул қилиш тавсия этилади. Қўшимча қиладиган бўлсак, у организмнинг токсинлардан халос бўлишида ҳам ўз ҳиссасини қўшади.

3. Қорағат. Кўз билан муаммоларга биринчи марта дуч келиш билан қорағатдан ёрдам олиш мумкин. Таркибидаги С витамини қон айланишини яхшилайди ва кўз олмасидаги томирларни тозалайди. Қорағат билан биргаликда, олча, гилос, наъматак ва ўрик ҳам фойдали.

4. Балиқ. Балиқ ёғлари инсон қариши давомида юзага келадиган патологиялар ривожланишига тўсқинлик қилади. Мугуз пардасини намлантиришда қатнашади ва бу кўришнинг тиниқлигида ўта муҳим. «Қуруқ кўз синдроми»нинг тез-тез учраб турувчи сабаби ҳам мугуз пардасида намлик етишмаслигидир.

5. Шоколад. Айнан аччиқ шоколад кўз босимини туширишда хизмат қилади. Кўз босими ошиши глаукома келиб чиқишининг асосий омилидир.

Мунтазам равишда кўз машқларини бажаришни унутманг, ахир комплекс ёндашув самара миқдорини бир неча баравар оширади.

Мавзуга оид