Ўзбекистон | 18:00 / 24.06.2019
60387
4 дақиқада ўқилади

Швейцария Гулнора Каримованинг «музлатилган» пулларидан 133 млн долларини Ўзбекистонга қайтаради

Швейцария бош прокуратураси 6 йил давом этган текширувлар якунида Ўзбекистон бозорига киришга ҳаракат қилган хорижий компаниялардан йирик миқдорларда ноқонуний йиғимлар схемаси тузилганига далиллар топган.

Швейцария бош прокуратураси ушбу текширувлар асосида 130 миллион Швейцар франки (133 миллион доллар) миқдоридаги маблағни Ўзбекистонга қайтаради. Қайд этилишича, гап «Гулнора Каримова иши» бўйича «музлатилган» пуллар ҳақида кетмоқда.

«Олти йилдан бери олиб борилаëтган мураккаб жиноят иши терговининг бир қисми сифатида Бош прокуратура Ўзбекистон бозорига кирмоқчи ëки фаолиятини давом эттирмоқчи бўлган хорижий компаниялардан йирик миқдордаги ноқонуний йиғимлар олиниши схемасини фош қилувчи далилларга эга бўлди. Бу схема доирасида йиғилган пуллар хорижда, асосан Швейцарияда ювилган. 

Ушбу текширувлар асосида... 130 миллион франк қийматдаги активлар Ўзбекистонга қайтарилади», дейилади прокуратура хабарида.

Прокуратура хабарида қайд этилишича, бу маблағлар Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримованинг қариндошига нисбатан тергов жараёнида мусодара қилинган эди.

Швейцария Бош прокуратураси маълумотларига кўра, 2004−2013 йилларда «ўта фаол бўлган» Гулнора Каримованинг ҳукм қилинган қариндоши (исми ошкор қилинмаган эркак киши) пул ўтказмаларининг келиб чиқиш манбалари ва ҳақиқий фойдаланиш мақсадларини яширган ҳолда улардан бир қисмини ювиш мақсадида компаниялар номидан банк ҳисоб рақамларини очади. У шунингдек, маблағларнинг ҳақиқий эгаси Гулнора Каримова эканини яшириш учун сохта банк ҳужжатларига имзо чекади.

Текширувлар давомида бу шахсга 390 минг франк миқдоридаги жарима қўлланган. Бундан ташқари, прокуратура 130 миллион франкдан ортиқ маблағни Ўзбекистонга қайтариш мақсадида мусодара қилган.

Айни вақтда Швейцарияда бу иш доирасида яна 5 нафар гумонланувчи терговда бўлиб турибди, уларнинг ҳисобларидаги 650 миллион франкдан ортиқ маблағ ҳам музлатилган.

Эслатиб ўтамиз, Швейцария федерал прокуратураси 2012 йил ëзида очган жиноий иш доирасида Гулнора Каримовага қарашли экани айтилган банк ҳисобларидаги 800 миллион франк маблағ музлатиб қўйилган эди.

Швейцария прокуратураси баëнотида музлатилган пулларнинг қолган қисми тақдири нима бўлиши ҳақида маълумот берилмаган.

23 июнь куни Гулнора Каримованинг қизи Инстаграмдаги саҳифасида онасининг навбатдаги мурожаатини эълон қилди. Унга кўра, Гулнора Каримова Швейцарияда музлатилган пулларни Ўзбекистонга қайтаришда ҳукумат билан ҳамкорлик қилаётгани айтилганди.

«Биринчи сўровларданоқ маблағларим мамлакат ривожи учун хизмат қилиши мақсадида ҳамкорлик қилишни бошлаганман. Бу пуллар Ўзбекистон учун наф келтирадиган лойиҳаларда салмоқли ўрин тутади, деган умиддаман. Прокуратура давлат фойдасига мусодара қилинган мол-мулк ва воситаларни аниқ ҳисоблаб бўлмаслигини даъво қилган бўлса-да, Ўзбекистон ҳудудидаги 1,2 миллиард доллар миқдоридаги шахсий активларим менга тегишлиликдан чиққани ва республика бюджети учун ишлаётганини билдирмоқчиман. Бу ҳолат бир неча маҳаллий текширувлар давомида ўз тасдиғини топган», — дейилган баёнотда.

Шунингдек, баёнотда Швейцариядаги ҳисоб рақамларда музлатилган маблағлар масаласига ҳам аниқлик киритилган.

«Мен ва адвокатларим 131 миллион АҚШ доллари миқдоридаги пуллар қайтарилиши учун қўлимиздан келганини қиляпмиз. 555 миллион долларлик бошқа сумма учун ҳам ҳаракатни бошлаганмиз.

Бу масала фақат менга тегишли ёки боғлиқ эмас. Уларга бошқа давлатлардаги кўпчилик даъвогарлик қилади. Ваҳоланки, уларнинг барчаси менинг активларим. Бунда мен томонимдан ишга туширилган йирик компаниялар Ўзбекистонда 15 минг кишини иш билан таъминлаганини ҳам ҳисобга олиш лозим», — дея таъкидланади баёнотда.

Аввалроқ Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримованинг Швейцарияда музлатиб қўйилган пулларининг бир қисмини Ўзбекистонга қайтариш бўйича иш олиб борилаётгани ҳақида маълум қилганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид